Туркиядаги референдум: Якунлар ва кутилаётган ўзгаришлар
Маълумотларга кўра, референдум ўтказиш тарафдорлари 51,2 фоиз овоз олишган, бу эса конституциявий ислоҳотга қарши бўлганлардан 1,25 миллионга кўп дегани
Туркияда бошқарувнинг президентлик шаклига ўтиш бўйича конституциявий референдум унинг тарафдорлари ғалабаси билан якунланди. Маълумотларга кўра, улар 51,2 фоиз овоз олишган, бу эса конституциявий ислоҳотга қарши бўлганлардан 1,25 миллионга кўп дегани.
Туркия конституциясининг 18 моддасига киритиладиган ўзгаришлар тўпламида президент давлат тизими раҳбари бўлиши, унга вице-президентлар, вазирлар ва юқори мансабли амалдорларни тайинлаш бўйича ваколатлар берилиши назарда тутилган. Бош вазир лавозими бекор қилинади. Вазирликлар тузилмаси ва уларни ташкил этиш, ёпиш, ваколатлар бериш ҳамда мажбуриятлари президент фармонлари билан белгиланади. Фавқулодда ҳолат режимини эълон қилиш ҳуқуқи президентга берилади, парламент эса давлат раҳбарининг ФҲ режими бўйича қарорини тасдиқлайди. Давлат раҳбари қонуний кучга эга бўлган бошқа фармонларни ҳам чиқариши мумкин, улар парламент тасдиғисиз кучга киради, бироқ кейинчалик қонун чиқарувчилар уни рад этишса, бекор қилиниши мумкин.
Президент ўз сиёсий партияси сафидан чиқиши мумкин эмас. Парламентдаги депутатлар сони эса оширилади – 550 нафардан 600 нафаргача. Номзодлар учун лавозимларга сайланишда ёш чеклови 25 дан 18га туширилади. Такрорий сайловлар ўтказиш ҳақидаги қарорни парламент ҳам, президент ҳам қабул қилиши мумкин бўлади. Қонун чиқарувчи ва ижрочи ҳокимият идораларига сайловлар бир кунда ўтказилади. Парламент ва президент беш йилга сайланади, шу билан бирга, давлат раҳбари ўз лавозимини кетма-кет икки муддатдан ортиқ эгаллаши мумкин эмас. Президент парламентни тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга бўлади, бироқ ўзи ҳам бу ҳолда қайта сайланиши лозим.
Навбатдаги президент ва парламент сайловлари бир кунда – 2019 йилнинг 3 ноябрь куни бўлиб ўтади, шундан сўнг президентлик тизими тартиби бандлари кучга киради.