Американи ютишга шай офат
(last modified Mon, 11 Sep 2017 06:08:48 GMT )
сентябр 11, 2017 11:08 Asia/Tashkent
  • Вулқон
    Вулқон

Американи ер билан яксон қилиши мумкин бўлган уруш-у бўронлардан ҳам қудратлироқ куч бор экан…

НАСА олимлари шу масалада ўзаро фикр юритиб, бир тўхтамга келишди. Америка қитъасини бўронлар тўлиқ йўқ қила олмайди. Тирик жонзотлар барибир яшаб қолаверади. Учинчи жаҳон уруши ҳам бу қитъага хавф солиши амри маҳол. Лекин бир қудрат борки, унинг қаршисида Америка қитъасидаги тирик жонзотлардан тортиб бино, иншоот, умуман ташқи дунё ожиз қолади. Бу қудрат бутун бошли қитъани ер билан яксон қила олади. Олимларнинг айтишича, бу супервулқонлар экан.

Америкаликлар вулқон ҳақида гап кетганда, Йеллонстоундаги супервулқонни дарров ёдга олишди. Бу супервулқон сўнгги бор 640 минг йил илгари уйғонган. Натижада 55 га 72 километрли ўпқон ҳосил бўлган.

— Худо кўрсатмасин, — дейди олимлардан бири. — Мабодо шу вулқон уйғониб қоладиган бўлса, юзлаб километрга тенг диаметрдаги жонли мавжудот борки, кулга айлантиради. Вайоминг ва унга қўшни штатлар вулқон чанги остида қолиб ер билан яксон бўлади. Аммо бу билан ҳам вулқон балоси тугамайди. Вулқон уйғониши сабабли озодликка чиққан чанг ва заҳарли газлар Қуёшни тўсиб қўяди. Бунинг оқибатида ердаги ўсимликлар, ҳосил йўқ қилинади. Ер юзи олимлар таъбири билан айтиладиган «вулқон қиши»исканжасида қолади. Бу қиш эса юзлаб йиллар давом этади ва то ер юзидаги ҳаётни тўхтатмагунча тинчимайди.

Энди бир нарсага эътибор беринг. Америкадаги Юта университети олимлари бу вулқонни ухлаётган палласидан фойдаланиб, замонавий технологиялар ёрдамида заҳарли газ ва қайноқ суюқликдан ими-жимида халос этмоқни ва шу билан вулқонни йўқ қилишни, суюқлик ва чангдан эса электр қуввати ажратиб олишни режалаштиришибди. Бу фикрни россиялик ва Европадаги таниқли экспертлар кескин рад этишди. Негаки, ухлаётган вулқонга тегинсангиз, бас, уйғониб кетмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шундоқ ҳам тўлиб, қайнаб турган вулқонга ҳозир баҳонаи сабаб керак. Шундай экан, вулқон балосидан сақланишнинг бошқачароқ йўлларини ўйлаб топиш зарур бўлади.

Ёрлиқ