Америка давлатининг муҳожирларга қарши қабул қилган қарорлари
(last modified Tue, 26 Sep 2017 07:23:01 GMT )
сентябр 26, 2017 12:23 Asia/Tashkent

Доналд Трамп ўзининг миграцияга қарши сиёсатлари давомида, дунё мамлакатларининг яна бир нечтасига қарата чекловларни янада кенгайтирди ва ушбу мамлакат фуқароларининг Америкага киришларини тақиқлашга доир чораларни кучайтирди

      Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

      Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини  эътиборингизга ҳавола этаман.  

      Бугунги  суҳбатимиз “Америка давлатининг муҳожирларга қарши қабул қилган қарорлари”га доир мавзуга бағишланади.     

      Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

        Америка қўшма штатлари президенти Доналд Трамп ўзининг миграцияга қарши сиёсатлари давомида, дунё мамлакатларининг яна бир нечтасига қарата чекловларни янада кенгайтирди ва ушбу мамлакат фуқароларининг Америкага киришларини тақиқлашга доир чораларни кучайтирди. АҚШ президентининг ушбу сўнги қарорига асосан, Шимолий Корея, Чад ва Венесуэла юртлари ҳам олти мусулмон мамлакатларининг рўйхатига қўшилди. Шунингдек, Доналд Трампнинг олдинган фармонида белгиланган қочқинлар учун 120 кунлик, фуқаролар учун эса 90 кунлик ўрнатилган чекловлар олиб ташланди. АҚШ президенти ушбу қарорини эълон қилганидан сўнг ўзининг Твиттер саҳифасида, Американинг хавфсизлигини таъминлаш менинг биринчи галдаги устувор вазифамга киради деб ёзди. Америкага келмоқчи бўлганларни чуқур ўрганиб чиқиш учун имкониятимиз бўлмаса, ундай шахсларга АҚШга киришига рухмат бермаймиз деб қайд этган. Шу билан бирга, Америка қўшма штатлари давлати томонидан бошқа мамлакатлар фуқароларига қарши қабул қилинган қарорлар шундан дарак берадики, Оқ уй хавфсизликни таъминлаш мавзусидан ташқари сиёсий ва ҳуқуқий мавзуларга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда ва ушбу йўналишда кескин чора-тадбирларни қўлламоқда.

     Мисол учун, Вашингтон ва Шимолий Корея ҳамда Каракас давлатлари ўртасидаги оғзаки кескинлик ва можароларнинг шиддатли тус олиши ортидан, Доналд Трампнинг Шимолий Корея ва Венесуэлага қарши таҳдидлари шунингдек, ушбу мамлакат фуқароларининг Америкага сафар қилишларини тақиқлаб қўйишга қаратилган чораларни мисол тариқасида келтириш мумкин. АҚШ давлати исломий мамлакатлар бўлмиш Эрон ислом жумҳурияти, Сурия, Сомали, Яман ва Ливия юртларига яна иккита мусулмон бўлмаган давлатлар номини қўшиш билан, исломофобия айбловларидан қутулиш учун ҳаракат қилмоқда. Судан номининг ушбу рўйхатдан чиқариб юборилиши ҳам Саудия арабистони лоббийларининг қўли баланд келганидан дарак беради. Негаки, Саудияликлар Яманга қарши коалицияда Судан давлатини ҳамроҳ қилишган эди. Шу боис, мазкур мамлакат тақиқланган рўйхатдан чиқариб юборилди.  Ўрта Шарқ масалалари бўйича эксперт ва ёзувчи Кивин Бертнинг айтишича, Оқ уй томонидан кўрилаётган мазкур чоралар Доналд Трампнинг ирқчиликка доир ваъдаларининг натижаси бўлиб, у АҚШ президенти учун бўлиб ўтган сайловолди тарғибот-ташвиқот кампаниясида шу каби ваъдаларни берган эди ва ҳозирда эса ушбу ваъдаларини амалга оширмоқда.

     Бошқа томондан эса, АҚШ давлати томонидан муҳожирларга қарши кўрилган янги чора-тадбирларида, Америка Судлари томонидан янги шикоятлар тақдим этилиши учун имкониятлар қолдирилмаслиги учун саъй-ҳаракат қилинган. Мисол учун, текширувлар виза олиш учун мурожаат қилганларнинг фуқаролигига асосан амалга ошмайди. Шунга қарамай, 8 мамлакатнинг фуқаролари Америкага сафар қилишлари учун виза олишлари ниҳоятда қийин кечади. Виза олишдаги қийинчиликлардан айримларини кўриб чиқадиган бўлсак, булар шундан иборатки, мурожаат қилувчиларнинг хавфсизлик чекини ўрганиб чиқиш бўлиб, уларнинг олдинги иш жойи, телефон рақамлари, ижтимоий тармоқлардаги ҳисобларини текшириб чиқиш учун узоқ вақт талаб этилади. Ушбу текширувлар учун ойлаб ҳатто йиллаб вақт ўтади.

      Шуларнинг барчасига қарамай, Доналд Трамп давлатининг муҳожирларга қарши сиёсатлари фақат Америкага кириш учун мурожаат қилувчиларга қаратилган бўлиб, у ҳам бўлса юқорида номи келтирилган саккиз мамлакат фуқаролари учун чекловлар ўрнатилган. Ҳатто, Америкада таҳсил олиш учун ва АҚШнинг нуфузли ва обрўли ширкатларида ишлаш учун ишчи визасига эга бўлганлар ҳам, айни пайтда ўз визаларини қўлдан бой беришлари мумкинлиги айтилмоқда. Булардан ташқари, Америка қўшма штатларига болалигида келиб қолган ҳужжатсиз 800 минг нафар муҳожирлар ҳам ДАКА дастурининг бекор қилиниши ортидан АҚШдан чиқариб юборилиши мумкин. Гарчи ушбу сиёсатлар Оқ уйнинг Америка хавфсизлигини таъминлаш йўлида ва америкалик ишчилар учун ишлаш шароитларини яхшилаш ва уларнинг иш билан банд бўлиш имкониятларини янада кенгайтиришга қаратилган дея баҳолашсада, бироқ ушбу кўрилаётган кескин чоралар АҚШнинг иқтисодиёти ва ижимоий соҳасига кенг кўламдаги салбий таъсир келтириб чиқариши эҳтимоли ҳам юқори бўлиб, ушбу ишларнинг оқибати яқин келажакда намоён бўлади.            

      Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.