Алексей Навальний номзоди Россия президентлиги учун илгари сурилди
Москвада сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳи мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний номзодини Россия президентлиги учун илгари суришди
Франция ахборот агентлигининг хабарига кўра, Москвадаги Кумуш қарағайзордаги соҳилда ташаббускорлар гуруҳининг маросими ўтказилган ва 742 киши Алексей Навальнийнинг номзодини 2018 йил 18 март куни Россия президентлиги учун ўтказиладиган сайловга номзод сифатида кўрсатишни ёқлаган.
Йиғилиш ташкилотчиси Иван Ждановнинг маълумот беришича, Навальный 24 декабрь куни охиригача Марказий сайлов комиссиясига ҳужжатларини топширмоқчи.
Россияда президентликка номзодлар сиёсий партиялар вакили ёки мустақил номзод сифатида сайловда иштирок этиши мумкин. Ташаббускорлар гуруҳининг вакили камида 500 имзо йиғиш эвазига номзод сифатида қабул қилинади.
Бундан аввалроқ, жаноб Навальний Россиянинг 20та шаҳрида ташаббускор гуруҳлар ташкил қилмоқчилигини билдирган эди. Бугун унинг номзодини қўллаб-қувватлаб Владивосток, Екатеринбург, Иркутск, Красноярск, Новосибирск, Омск, Пермь ва Санкт-Петербург шаҳарларида йиғилишлар ўтказилган.
18 декабрь куни Россия МСК раиси Элла Памфилова мухолиф сиёсатчининг аризаси кўриб чиқилишини айтган эди. Ундан олдинроқ МСК оғир жиноятда айбланиб, судлангани учун Россия президентлиги учун сайловда иштирок эта олмаслигини айтаётганди.
13 декабрь куни Алексей Навальний сайловолди дастурини эълон қилганди.