Халқаро хавфсизлик бўйича Москва конференцияси
Халқаро хавфсизлик бўйича Москва 7-конференцияси 4 апрел чоршанба куни Россия мудофаа вазирининг мезбонлигида икки кунлик муддат билан ўз ишини бошлади
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.
Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.
Бугунги суҳбатимиз "Халқаро хавфсизлик бўйича Москва 7-конференцияси”га доир мавзуга бағишланади.
Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
Халқаро хавфсизлик бўйича Москва 7-конференцияси 4 апрел чоршанба куни Россия мудофаа вазирининг мезбонлигида икки кунлик муддат билан ўз ишини бошлади. Ушбу халқаро конференцияда 95 мамлакат делегациялари қатнашмоқда. Жумладан 30 нафар мудофаа вазири ва армия штаб бошлиқлари, мудофаа вазирларининг ўринбосарлари, 8 та халқаро ташкилотларнинг намояндалари ва 68 нафар хавфсизлик соҳасидаги чет эллик экспертлар иштирок этмоқда. Минтақавий ва халқаро доирадаги хавфсизлик муаммоларининг энг муҳимлари хусусида фикр алмашиш ва ўрганиб чиқиш мавзуси айниқса халқаро терроризмга қарши кураш учун интеграциянинг лозимлиги ушбу конференциянинг мақсадларидан ҳисобланади. Шунингдек, Осиё ғарбида жумладан Афғонистон, Ироқ, Сурия, Яман ва бошқа юртларда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш мазкур халқаро конференциянинг асосий мавзуларидан бўлиб, Россия федерацияси президенти Владимир Путиннинг Халқаро хавфсизлик бўйича Москва конференцияси иштирокчиларига йўллаган мурожаатида ушбу масала алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Россия президентининг маълум қилишича, ИШИД террорчилик гуруҳи ҳамон хавфли бўлиб турибди. Бу унинг ҳарбий мағлубиятига қарамай, юз бермоқда. Россия Федерацияси етакчисининг Халқаро хавфсизлик бўйича Москва конференцияси иштирокчиларига йўллаган мурожаатини, Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев ўқиб эшиттирди. Ўз ҳарбий мағлубиятига қарамай, мазкур ИШИД террорчилик гуруҳи деструктив салоҳият, тактикани тез ўзгартириш ва жаҳоннинг турли давлатлари ҳамда минтақаларида ҳужумлар амалга ошириш имкониятига эга бўлиб қолмоқда. Бошқа экстремистик тузилмалар ҳам катта хавф туғдиради, - дейилади мурожаатномада. Шунингдек президентнинг таъкидлашича, кўп томонлама ўзаро алоқаларнинг янги шакллари ҳақида ўйлаш керак, улар терроризм билан курашда эришилган муваффақиятларни мустаҳкамлаши, ҳамда бу таҳдид янада тарқалишининг олдини олиши даркор. Суриядаги ИШИД террорчилик ташкилоти тор-мор қилинди, дея маълум қилди Россия президенти Владимир Путин. Бу йил бизнинг диққат марказимизда бутун халқаро ҳамжамият учун муҳим аҳамиятга эга бўлган мавзу турибди, бу ҳам бўлса ИШИД террорчилик гуруҳи бўлиб Сурияда тор-мор қилингач, Яқин Шарқдаги вазиятнинг ривожланиш истиқболларининг устуворлиги, — деди Путин халқаро хавфсизлик бўйича Москва конференцияси иштирокчиларига йўлланган нутқида.
Ушбу конференцияда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Сурия ҳудудининг катта қисми озод этилгани, қолган қисми билан қуролни ташлаш бўйича батафсил музокаралар олиб борилаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, сохта халифалик тузиш режалари барбод қилинган. «Бизнинг кучларимиз коалиция билан бирлаштирилганида, минтақадаги ИШИД масаласи эртароқ ҳамда камроқ талафотлар билан бартараф этилган бўларди», — деди мудофаа вазири. Сурия ва Ироқда ИШИД террорчилик гуруҳи мағлубиятга учраганидан сўнг, жиноий тузилмалар аъзолари бошқа минтақаларга ўтмоқда, бу трансчегаравий жиноятчиликнинг ривожланишига туртки бермоқда. ИШИД террорчилик гуруҳи тор-мор этилганидан сўнг, Сурия ва Ироқдаги жиноий тузилмалар аъзолари бошқа минтақаларга ўтмоқда, Африкада террорчилик фаоллиги ошмоқда, радикаллар ва экстремистлар Осиё ҳамда Европага қайтмоқда. Шу тариқа, трансчегаравий жиноятчилик кўпаймоқда, - дея маълум қилди Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу. Унинг сўзларига кўра, бутун дунё бўйлаб экстремистик ва айирмачилик ҳаракатлари учун асос пайдо бўляпти.
Шунингдек, Сергей Шойгунинг сўзларига кўра, Афғонистонда айни дамда ИШИД террорчилик гуруҳининг сони ортиб бормоқда. Афғонистон нафақат ИШИД жангарилари, балки бошқа террорчилик ташкилотлари учун ҳам бошпанага айланиши мумкин. Улар шу ердан бутун евроосиё қитъасига тарқалади. Бугунги кунда Афғонистонда ИШИД террорчилик гуруҳининг тахминан 4,5 минг жангариси бор, уларнинг сони доимий равишда ўсиб боряпти. Россия мудофаа вазирининг маълум қилишича, баъзи давлатларнинг хусусан АҚШ сингари мамлакатлар томонидан олиб борилаётган кескин чоралар, янги қуролланиш пойгаси бўлган даъвога ундамоқда. Унинг қўшимча қилишича, Россия, Эрон, Сурия қуролли кучлари саъй-ҳаракатлари ва халқаро коалиция имкониятларининг бирлашиши минтақада террорчиларни тезроқ йўқ қилиш имконини беради. Шунингдек, Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников ИШИД террорчилик гуруҳи ва Ал-Қоида бир тузилмага бирлашиши мумкинлигини истисно этмаяпти. ИШИД ва Ал-Қоида янгиланган террорчилик тармоғи кўринишида бирлашиши мумкин, - дея айтиб ўтди у Халқаро хавфсизлик бўйича Москва конференциясидаги чиқишида.
Ушбу конференциянинг асосий мавзуларидан бири Сурияда террорчилик гуруҳига қарши курашиш масаласи бўлиб, Россия 2015 йил сентябр ойидан бери Сурия давлатини ҳимоя қилиш ва ушбу юртда террорчилик гуруҳларига қарши курашиш мақсадида ҳарбий фаолиятларни амалга ошириб келияпти ва террорчиларга қақшатқич зарбаларни берди. Суриядаги террорчиларнинг кўплари Россия ва Кавказ ҳамда Марказий Осиё республикаларининг фуқароларини ташкил этади. Фақатгина ўтган йили Россияда 25 та терактнинг олди олинди, тўрттаси содир бўлди. Шунинг учун Россияда террорчилик таҳдидларининг юқори эканлиги далолат қилиши ортидан, ушбу масала кенг қамровда муҳокама этилишига туртки беради. Шундан келиб чиқиб, Россия етакчиларининг нуқтаи назарлари ва қарашлари шундан иборатки такфирчи терроризмдан келиб чиққан таҳдидлар кун сайин янада жиддий тус олмоқда.
Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.