Серж Саргсян Арманистон бош вазири этиб сайланди
Арманистон Миллий йиғини (парламент) депутатлари мамлакатнинг собиқ президенти Серж Саргсянни бош вазир этиб сайлашди. Бу ҳақда Меҳр ахборот агентлиги РИА новости агентлигига таяниб хабар берди.
Парламент спикери Ара Баблояннинг маълум қилишича, Саргсянга 77 нафар депутат овоз берган, 17 нафари қарши чиққан.
Серж Саргсян парламентнинг махсус йиғилишидаги нутқида унинг бош вазир лавозимидаги устувор вазифалари мамлакат хавфсизлигини таъминлаш, армияни кучайтириш ҳамда Қорабоғ ихтилофини тартибга солиш бўлишини айтган. Унинг айтишича, янги ҳукуматнинг энг муҳим вазифаси тараққиётни таъминлаш бўлади. Саргсян яна бир устувор вазифа сифатида мамлакатдаги демографик муаммони ҳал қилиш бўлишини айтган.
Саргсяннинг президентлик муддати якунлангандан кейин Арманистонда янги конституция кучга кирди. Унга кўра, ҳокимият парламент ва ҳукумат қўлида мужассамлашади, президент вазифалари эса тақдим қилувчи бўлади. Арманистоннинг янги президенти Армен Саркисян 9 апрелда ўз лавозимини бажаришга киришди.
Шу билан бирга 13 апрелдан Ереванда Саргсяннинг бош вазир лавозимига сайланишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. 16 апрелда парламент биноси ёнида намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтган.