Пашинян расмий равишда Арманистон бош вазирлиги учун номзод бўлди
(last modified Mon, 30 Apr 2018 12:03:18 GMT )
апрел 30, 2018 17:03 Asia/Tashkent
  •   Пашинян расмий равишда Арманистон бош вазирлиги учун номзод бўлди
    Пашинян расмий равишда Арманистон бош вазирлиги учун номзод бўлди

Арманистондаги намойишлар етакчиси Никол Пашинян «Елк» парламент фракцияси томонидан мамлакат бош вазири лавозимига номзод сифатида илгари сурилди.  

Бу ҳақда фракция вакили Арарат Мирзоян маълум қилди, деб хабар бермоқда Франция ахборот агентлиги. «Фракция Пашиняннинг номзодини бош вазир лавозимига таклиф қилди. Бугун «Елк» парламентдаги учта бошқа фракция билан учрашувлар ўтказади, жумладан Арманистондаги ҳукмрон Республика партияси билан», - дея хабар берган Мирзоян.

Шунингдек, унинг ишонч билдиришича, мамлакат келажаги учун ташвишда бўлган барча депутатлар ўз овозини Пашинян учун беради. Аввалроқ Арманистондаги намойишлар етакчиси янги чақириқ билан чиққан эди. Арманистондаги мухолиф ҳаракат етакчиси Никол Пашинян 30 апрель куни ўз тарафдорларини итоат этмаслик акциясини вақтинчалик тўхтатишга чақирди.

 Эслатиб ўтамиз, Арманистон собиқ президенти Серж Саргсян президентлик муддати тугаганидан кейин ўз номзодини Бош вазир лавозимига қўйган ва парламентда кўпчиллик овозга эга бўлган эди. Шундан сўнг, кичик партиялардан бирининг депутати бўлган Никола Пашинян бунга кескин қарши чиққан эди.

Дастлаб унинг муваффақиятига ҳеч ким ишонмаган бўлсада кейинчалик унинг тарафдорлари сони ортиб борди. Бутун Арманистон бўйлаб бир неча кун норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Натижада Саргсян истеъфога чиқишга мажбур бўлди.