Жаҳон ҳамжамияти АҚШнинг ядровий келишувдан чиқишига муносабат билдиришмоқда
(last modified Wed, 09 May 2018 14:11:40 GMT )
май 09, 2018 19:11 Asia/Tashkent
  • Жаҳон ҳамжамияти АҚШнинг ядровий келишувдан чиқишига муносабат билдиришмоқда
    Жаҳон ҳамжамияти АҚШнинг ядровий келишувдан чиқишига муносабат билдиришмоқда

Европа иттифоқи, Европалик расмийлар ва Бирлашган миллатлар ташкилоти бош котиби Америка қўшма штатлари президентининг Эрон ядровий келишуви доирасидаги Қўшма ҳаракатлар комплекс дастуридан чиқишини эълон қилиши ортидан ўз муносабатларини билдиришди.

   БМТ бош котиби Антониу Гутерреш АҚШнинг Эрон билан ядровий келишувдан чиқишидан хавотир билдирди. “Мен АҚШнинг Эрон билан ядровий келишувдан чиқиши ва санкцияларни кучайтиришидан жуда хавотирдаман”, деб айтган Гутерреш.

Гутеррешнинг айтишича, Эрон билан ядровий келишув ядровий қуролни тарқатмаслик ва дипломатия соҳасида эришилган катта ютуқ бўлиб, у ҳам минтақавий, ҳам халқаро кўламда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга омил бўлган.

“Мен келишувнинг қолган иштирокчиларини унинг доирасидаги барча мажбуриятларига риоя қилишга ва бошқа давлатларни бу келишувни қўллаб-қувватлашга чақираман”, деб қўшимча қилган Гутерреш.

Аввалроқ, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик масалалари бўйича олий вакили Федерико Могерини ҳам Эрон давлати ядровий келишув бўйича ўз мажбуриятларини бажариб келаётганини айтиб, ЕИ ядровий келишувни тўлиқ амалга оширишга содиқ бўлиб қолиши ҳақида маълум қилган эди.