Трамп ва Ким Чен Ин бир-бирининг таклифига рози бўлган
АҚШ президенти Дональд Трамп ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ўзаро ташриф ҳақидаги таклифни қабул қилишган. Бу ҳақда Корея Марказий телеграф агентлиги хабар бермоқда.
«Ким Чен Ин президент Трампни Пхеньянга қулай вақтда келишга таклиф этди ҳамда президент Трамп ҳам Давлат кенгаши раиси Ким Чен Инни АҚШга ташриф буюришга таклиф қилди», - дейилади агентлик хабарида.
Таъкидланишича, мамлакатлар етакчилари таклифларни «мамнуният билан қабул қилишган», сабаби, уларнинг фикрича, бу ташрифлар Вашингтон ва Пхеньян муносабатларини соғломлаштиришга ёрдам беради.
Сешанба, 12 июнь куни, Сингапурда АҚШ - Шимолий Корея саммити бўлиб ўтди. Давлатлар етакчилари Сентос оролидаги «Капелла» меҳмонхонасида якуний ҳужжатни имзолашди, уни Трамп ва Ким Чен Ин «атрофлича», деб атади.
ٍЕтакчиларнинг қўшма баёнотида айтилишича, улар ўзаро чуқур ва самимий фикр алмашишган. Шунингдек, унда Пхеньяннинг ядросизланиш тарафдори экани таъкидланади.
Бундан ташқари, баёнотда тўртта банд бор, уларда томонларнинг кейинги қадамлари акс этган. Улардан биринчисида ҳар икки давлатнинг янги муносабатларни ўрнатишга қатъиятлиги қайд этилади.
«Қўшма Штатлар ва Шимолий Корея Корея ярим оролида узоқ ва барқарор тинч режимини қуриш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиради», - дейилади иккинчи бандда.