БМТ Саудия Арабистонини Қошиқчининг жасади қаердалигини ошкор қилишга чақирди
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет журналист Жамол Қошиқчининг Туркияда ўлдирилиши масаласини халқаро экспертлар иштирокида мустақил тергов қилиш учун Саудия Арабистонини унинг жасади қаердалигини ошкор қилишга чақирди.
“Исталган қотилликнинг тергов қилинишида суд-тиббиёт экспертизаси, жумладан жасаднинг ёриб кўрилиши жуда муҳимдир ва шу сабабли Саудия Арабистонини Қошиқчининг жасади қаердалигини зудлик билан ошкор қилишга чақираман”, деб айтилган Бачелет номидан тарқатилган баёнотда.
“Тергов бирор сиёсий таъсирларсиз ўтказилиши учун унга барча далиллар ва гувоҳларга тўлиқ эга бўла оладиган халқаро мутахассисларни жалб қилиш мақсадга мувофиқ бўлади”, деб айтган Бачелет.
БМТ вакилининг таъкидлашича, Қошиқчи ишида инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишлари бўлган-бўлмаганини аниқлаш ва расмий лавозимларидан қатъий назар, бу жиноятнинг барча иштирокчиларини топиш жуда муҳимдир.
Яна бошқа хабар шуки, Туркия прокуратурасига тегишли бир манба Саудия Арабистони бош прокурори Сауд бин Абдуллоҳ бин Муборак Ал-Муъжаб Туркия Прокуратурасининг Жамол Қошиқчининг жасади қаердалиги ҳақидаги саволларига жавоб бермаганини айтган.