Россия Курил оролларини Японияга бермайди
Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Япония билан «бир томонлама битим»нинг ва Курил ороллари «автоматик равишда топширилиши»нинг имкони йўқлигини маълум қилди, деб ёзади TJournal.
«Ўтган кунлар ичида гўёки, оролларни бериш ҳақида қандайдир бир томонлама битим борлиги ҳақидаги миш-мишларни ва бошқа турли сиёсий фикрларни эшитдик. Бундай эмас. Бундай бўлиши ҳам мумкин эмас», — деди Песков «Россия 1» телеканали эфирида.
Шу билан бирга, Песков Курил масаласида Россия ва Япония давлатлар манфаатларига зид келмайдиган муросага эришиши зарурлигини тахмин қилди.
«Албатта, шундай катта тажрибага эга бўла туриб, Россия Япониянинг бошқа мамлакатлар, биринчи навбатда АҚШ билан иттифоқлик алоқаларини эътибордан четда қолдира олмайди», — деди у.
Яқинда Синдзо Абе ва Владимир Путин Сингапурда учрашган эди. Кремль улар 1956 йилги декларация асосида музокараларни фаоллаштириш ҳақида келишиб олганини маълум қилди. Ушбу ҳужжатда Москва тинчлик ҳақида битим имзоланганидан кейин яхши ният белгиси сифатида Японияга Шикотан оролини ва Кичик Курил тизмаларидаги бир қатор майда оролларни беришга тайёрлигини билдирган эди.
Кейинроқ Япония бош вазири Синдзо Абе Жанубий Курил оролларининг бир қисми Япония томонига берилган тақдирда, у ерга АҚШ ҳарбий базалари жойлаштирилмаслигини маълум қилди.