ноябр 22, 2018 13:11 Asia/Tashkent
  • Россия Афғон уруши якунларини қайта баҳолашга қарор қилди
    Россия Афғон уруши якунларини қайта баҳолашга қарор қилди

Афғонистон ҳудудида 10 йил давомида бўлишида СССРнинг 15 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган. 53 мингдан ортиқ киши жароҳатланди, натижада уларнинг 10 мингдан ортиғи ногирон бўлиб қолди. 

Россия Афғон урушидаги воқеаларга салбий баҳо берилганини қайта кўриб чиқиши керак.

Россия Федерацияси Коммунистик партияси депутати Николай Харитонов Давлат думасига тақдим этган қарор лойиҳасида тегишли таклиф бор, деб хабар қилмоқда «Интерфакс».

Ҳужжат тасдиқланди, уни 2019 йил 15 февралда қабул қилиш режалаштирилмоқда.

«1989 йил декабрь ойида, Афғонистонга совет қўшинлари киритилганининг ўн йиллиги арафасида, СССР Халқ депутатлари қурултойи Михаил Сергеевич Горбачёв имзолаган қарорни қабул қилди. Бу, менинг фикримча, нотўғри тушунчалар билан юз берган», - дея маълум қилди Харитонов Афғонистондан совет қўшинлари олиб чиқиб кетилганининг 30 йиллигига бағишланган парламент эшитувларида. 

Унинг эслатишича, ўша қарорда 1979 йилда қабул қилинган, совет қўшинларини Афғонистонга киритиш ҳақидаги қарор «ахлоқий ва сиёсий жиҳатдан қоралашга лойиқ» экани айтилган. Унинг сўзларига кўра, Давлат думаси ўша воқеаларга бундай салбий баҳо берилганини «тарихий адолат тамойилларига мос келмайди», деб тан олиши зарур.

«Ушбу масала бўйича биз, биринчи навбатда, сиёсий бетарафлик, тарихий ҳақиқатни ҳисобга олган ҳолда, ахлоқий ва сиёсий айбловни ноқонуний ҳамда ўз кучини йўқотган, деб тан олишимиз керак», - дея таъкидлаб ўтди Харитонов. Унинг қайд этишича, Афғонистонга қўшинлар киритиш ҳақидаги қарор «халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла мувофиқ» ва «Афғонистон раҳбариятининг ўша пайтда можарога бевосита советлар аралашуви тўғрисида юборган сўровларини ҳисобга олган ҳолда» қабул қилинган.

Бундан ташқари, эшитувлар чоғида МДҲ давлатлари Ҳукумат раҳбарлари кенгаши ҳузуридаги интернационалист-ҳарбийлар ишлари бўйича қўмита раиси Александр Ковалёв Ростов госпиталида сақланаётган ҳамда ҳамон номаълум бўлиб турган 30 нафар совет ҳарбий хизматчиси жасад қолдиқларини идентификация қилишга чақирди. «Келинг, шу 30 киши учун, ҳеч бўлмаганда қўшинлар олиб чиқилганининг 30 йиллиги арафасида, улар шахсини аниқлаш учун қандайдир пулларни топайлик. Бу шармандалик, америкаликлар бу жасад қолдиқлари шахсини аниқлаш учун қўшма комиссия доирасида пул беришга тайёр», - дея маълум қилди у.

Расмий маълумотларга кўра, совет қўшинларининг Афғонистон ҳудудида 10 йил давомида бўлишида СССРнинг 15 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган. 53 мингдан ортиқ киши жароҳатланди, натижада уларнинг 10 мингдан ортиғи ногирон бўлиб қолди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ блогер СССРнинг афғон урушидаги жиноятлари ҳақида гапириб берганди.

Ёрлиқ