Қашшоқларнинг қашшоқлари-фото
Дунёда қашшоқ давлатлар кўп ва уларнинг сони кўпайишда давом этмоқда.
Дунёда қашшоқ давлатлар кўп ва уларнинг сони кўпайишда давом этмоқда. Дунё ҳамжамиятининг кўмакларига қарамай бу давлатлар муаммолар гирдобидан чиқа олишмаяпти. БМТ маълумотларига кўра, юксак тараққиётга эришилаётган йигирма биринчи асрнинг иккинчи ўн йиллиги якунига етаётган бир пайтда ҳар куни (!) 25 минг киши очликдан ўлмоқда ва уларнинг кўпчилиги болалардир. Сайёрамизнинг деярли 1 миллиард аҳолиси кунига 2 долларга қаноат қилишга мажбур, 2,5 миллиард кишининг даромади эса кунига 3 доллардан ошмайди.
Биз бирваракайига қашшоқ деб атаётган давлатларнинг ҳам ўз таснифи бор. БМТ низомига кўра «қашшоқ давлат» деган атама қўлланилмайди. Иқтисоди энг паст кўрсаткичларга эга давлатлар «энг кам ривожланган давлатлар» деб аталади. Бундай мақомга эга бўлиш бир тарафдан ўта оғир аҳволни билдирса, иккинчи томондан қатор имтиёзлар беради. Энг кам ривожланган давлатлар халқаро ёрдамларни биринчи навбатда олади, арзон кредитларга эга бўлади, хориж давлатлари томонидан бепул тиббий ва таълим грантларини қўлга киритади.
Бу бир томондан давлатларга қашшоқликдан қутулишга ёрдам берса, иккинчи томондан акс таъсир қилади ва иллатли доира ҳосил қилади. Қашшоқ давлатлар ҳукуматлари хориж кўмагига қаттиқ суяниб қолади, ўз аҳволини яхшилашга ҳаракат қилмайди, мамлакатда коррупция урчийди, халқаро ҳамжамиятга ўзининг оғир аҳволини кўрсатиб, босим ўтказиш имконияти сақланиб қолади.
БМТнинг биринчи навбатда ёрдам бериш талабига кўра энг кам ривожланган давлат мақомини сақлаш ва аҳоли жон бошига йиллик ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи энг кам бўлиши лозим. ЯИМдан ташқари БМТ аҳоли овқатланиши, саломатлик, саводхонлик каби кўрсаткичларга ҳам эътибор беради. 1971 йилда бундай давлатлар сони 24тани ташкил қилган бўлса, 2011 йилдаёқ улар сони икки баробар ошиб, 48тага етган. Кузатишлар бошланганидан буён ўтган йиллар давомида фақатгина 10 давлатгина бу рўйхатдан чиқиб кета олган ва улар ривожланаётган давлатлар сафига қўшилган.
Маълумот: Дунёда кам ривожланган давлатлар сони кўпайган бўлсада, қашшоқликда кун кечирувчи аҳоли сони камайгани қувонарли. 2000 йилда бўлиб ўтган 189 давлат иштирокидаги «минг йиллик саммити»да 2015 йилга келиб қашшоқлар (яъни 1-1,25 доллар эвазига кун кечираётганлар) сонини икки баробарга қисқартириш режаси тузилган ва бу режа муддатидан 5 йил аввал бажарилган. БМТнинг яна бир улкан режасига кўра, 2030 йилга бориб қашшоқлик бутунлай тугатилиши лозим.
Бир қарашда энг қуйи рўйхатдан чиқиб, ривожланган давлатлар қаторига қўшилиш осондек туйилади. Аммо қашшоқ давлатларнинг муаммолари жуда жиддий ва аксарият ҳолларда бир хил: сиёсий беқарорлик, фуқаролар урушлари, коррупция, таълим ва тиббий хизматлар сифатининг ўта пастлиги, юқори жиноятчилик, табиат инжиқликлари, иқтисоднинг ўта абгор бўлгани ҳолда катта қарздорлик кабилар шулар жумласидандир.
Дунёдаги 48 қашшоқ давлатдан 33таси Африка қитъасида, 13таси Осиё ҳамда Океанияда ва яна биттаси Лотин Америкасида (Гаити) жойлашган.
Сўнгги маълумотларга* қараганда энг кам ривожланган давлатлар ўнлиги қуйидагича кўриниш олган:
10 ўрин — Того, ЯИМ — 1084 $
Тогодаги мактаб
Бир вақтлар французлар колонияси бўлган бу давлат анчагина барқарор иқтисодга эга эди. Африка ғарбида жойлашгани учун мармар, фосфоритлар, ёғоч савдосидан даромад олиб келинган. Аммо аста-секин бу тармоқлардан путур кета бошлади.
Ҳақиқий офат ҳисобланган цеце пашшасининг кўплиги чорвачиликка ҳам қирон келтирди.
Мамлакатда тиббий муассасалар жуда кам, сил, безгак каби касалликлар кенг тарқалган. ОИТСга чалинганлар сони ҳам кундан-кунга ортиб бормоқда ва бугунги кунда аҳолининг 3,5 фоизидан кўпроғи шу касаллик ташувчисидир. Аҳолининг учдан бири очликдан азоб чекади.
Шунча муаммоларга қарамай Тогода туғилиш кўрсаткичлари юқори ва ҳар бир аёлнинг ўртача 4 нафардан фарзанди бор. Қонун бўйича ҳар бир эркакка 4 нафаргача хотин олишга рухсат берилади. Қонуннинг яна бир талабига кўра, агар бирор эркак аёл кишига хушомад қилса, унга уйланиши шарт. Шу тарзда аксарият эркаклар 4 хотинли бўлиб олишган ва уларнинг ўртача 16 нафардан боласи бор.
9-ўрин — Мадагаскар, ЯИМ — 970 $
Мадагаскарлик уйи
Сайёрамизнинг ҳудуди жиҳатдан тўртинчи ўриндаги оролида 20 миллиондан ортиқроқ аҳоли яшайди ва уларнинг аксарияти қашшоқликда кун кечиради. Сўнгги йилларда бир ривожланаётган, бир қашшоқ давлат рўйхатига тушиб қолаётган бўлсада, иқтисод аҳволига ҳавас қилиб бўлмайди. Бир қарашда табиат барча неъматларини тортиқ этгандек, орол чучук сувга бой, ерлари унумдор. Аммо асосий даромад манбалари бўлган чорвачилик ва балиқчилик ривожи ҳам қашшоқликдан қутулиш имконини бермаяпти. Вақти-вақти билан кузатиладиган чигирткалар ҳужуми бутун ҳосилни нест-нобуд қилади ва вазиятни янада оғирлаштиради. Тахминларга кўра «Кока-Кола» компаниясининг табиий винилдан синтетик винилга ўтиши ҳам мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар етказган.
Мадагаскарда аёллар ўртача 5 нафардан фарзанд кўришади. Оролда ўлат, безгак каби касалликлар кўп тарқалади аҳоли умрига зомин бўлади.
8-ўрин —Малави Республикаси, ЯИМ — 879 $
Малави шифохонаси
Шарқий Африканинг бу давлати аҳолиси ярмидан кўпи қашшоқликда кун кечиргани камлик қилгандек оддий ўқишни ҳам билишмайди. Асосий даромад манбаи бўлган қишлоқ хўжалиги ҳам суст ривожланган. Мамлакат фойдали қазилмаларга бой, лекин уларни тадқиқ этиш ва қазиб олишга маблағ йўқ. Хорижий инвестиция бу беқарор ҳудудга киргиси келмайди.
Тиббий аҳвол ўта оғир – ҳар 17 минг аҳолига бир шифокор тўғри келади ва кўп ҳолларда бу шифокорнинг малакаси ҳам ҳаминқадар бўлади. 5 ёшгача бўлган болаларнинг деярли ҳаммасида вазн етишмовчилиги кузатилади. 2015 йилда ОИТСга чалинганлар сони 1.6 млн кишидан ортгани қайд этилган. Туғилган ҳар минг чақалоқдан 84 нафари турли сабабларга кўра нобуд бўлади ва бу бутун дунё бўйлаб энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Санитар ҳолат жуда ёмон, аёллар соғлиги, овқатланиши қониқарли эмас, ҳомиладорликдан ҳимояланиш воситалари етарли бўлмагани туфайли ҳар бир аёлнинг камида 5-6 нафардан фарзанди бор.
7-ўрин —Нигер, ЯИМ — 829 $
Нигерда болалар уйига сув ташимоқда
Даҳшатли иссиқ ҳукмронлик қиладиган бу давлатни кўпинча Нигерия билан адаштиришади. Нигериядаги аҳвол ҳам кўнгилдагидек бўлмасада, барибир Нигер бу борада анча «илгарилаб» кетган. Даромадининг асосини ташкил этувчи қишлоқ хўжалигида ишли аҳолининг 90 фоизидан ортиғи меҳнат қилади, аммо ҳудудининг 3 фоизигина деҳқончиликка яроқли. Сўнгги йилларда устма-уст кузатилаётган қурғоқчилик ҳам соҳани танг аҳволга солган. Бу давлатда темирйўллар йўқ, аҳолининг фақат 28 фоизигина ўқиш ёзишни билади, болаларнинг 25 фоизигина мактабга боришади.
Аҳолининг ярмидан кўпроғи тўйиб овқатланмайди, ичимлик сувининг етарли эмаслиги юқумли касалликлар тарқалишига сабаб бўлади. Аҳолинг 1 фоизидан ортиғи ОИТСга чалинган. Ҳар 1000 чақалоқдан 115 нафари нобуд бўлади. Аёллар камида 7-8 нафар фарзанд кўришади.
6-ўрин — Зимбабве, ЯИМ — 788 $
Олтин кони ишчиси
Бир вақтлар туппа-тузук ривожланиш йўлидан кетаётган давлат ер ислоҳоти ортидан таназзулга юз тутди. Умидли ислоҳотчидан шафқатсиз диктаторга айланган президент Роберт Мугабенинг 30 йиллик бошқарув даври мамлакат иқтисодиётини буткул издан чиқарди. 2009 йилда инфляция бўйича тарихий рекорд қайд этилди – Зимбабве доллари 321 000 000 фоизга қадрсизланди. Ўша пайтларда 100 трлн Зимбабве доллари муомалага киритилди ва бу пулга бир нечта тухум сотиб олиш мумкин эди. Ишсизлик даражаси ҳам ўша пайтларда мутлақ рекорд – 94 фоизга чиқди.
Аҳолининг 70 фоиздан ортиғи қашшоқликда кун кечиради.
Умр кўрсаткичлари аёлларда 47 ёшни, эркакларда 48 ёшни ташкил қилади ва бунинг асосий сабаби ОИТС. Бу касаллик тарқалиши бўйича ҳам мамлакат рекордчи ҳисобланади ва 2007 йилда аҳолининг 15 фоиздан ортиғи ОИТСга чалингани қайд этилган. Кейинги йилларда ОИТС тарқалиши бирмунча жиловланди.
5-ўрин — Эритрея, ЯИМ — 707 $
Эритреядаги оила
Қизил денгиз қирғоқларидаги бу давлат бир вақтлар Италия колонияси бўлган ва аҳолиси нисбатан яхши яшаган. Ўтган асрнинг 50-йилларида Эфиопияга қўшиб юборилган ва мустақиллик учун кураш 30 йилдан ортиқ давом этган. Мустақилликка эришилган бўлсада, мамлакат иқтисодий урушлар таъсирида буткул издан чиқади. Бир вақтлар ўз тарихи билан Миср, Юнонистон каби давлатлар қаторида саналган бу давлат сайёҳларни жалб қилиш тугул ўз аҳолисини ҳам боқа олмай қолди. Иш билан банд аҳолининг 80 фоизи қишлоқ хўжалиги орқали даромад қилади, чучук сув етишмаслиги соҳанинг ривожига жиддий тўсиқ бўлади.
4-ўрин — Либерия, ЯИМ ─ 703 $
Либериялик бола йўл четида
Бу давлатда умумий ҳисобда 10 йил давом этган икки фуқаролик уруши юз минглаб кишиларнинг ёстиғини қуритиш билан биргаликда иқтисодни ҳам жарга қулатган. Ҳисоб-китобларга кўра, Либерия аҳолисининг тахминан 90 фоизи 1,3 долларга кун кечиради.
Бир вақтлар қаҳва, ёғоч, олмос каби харидоргир маҳсулотлар экспорт қилган бу давлатнинг ҳозирги кундаги асосий даромади хорижий кемаларга ўз давлати номидан, яъни Либерия байроғидан фойдаланиш ҳуқуқини сотишдан иборат.
3-ўрин — Конго Демократик Республикаси, ЯИМ — 648 $
Конголик болалар
Бир вақтлар бу давлатнинг номи Зоир бўлган. Номини ўзгартириши ортидан жуда кўпчилик КДРни Конго Республикаси билан адаштиради. 2012 йилларга қадар КДР дунёдаги энг қашшоқ давлат мақомини мустаҳкам сақлаб келди. Аммо кейинчалик бу борада учинчи ўринга «тушиб» қолди. Шунга қарамай, мамлакатдаги аҳвол ниҳоятда оғир. КДР ҳудудидаги турли урушларда 7 давлат иштирок этди ва ҳарбий ҳаракатлар натижасида 5,4 миллион киши нобуд бўлди. Уруш авжига чиққан даврда кунига ўртача 40 минг инсон шафқатсиз ўлим топгани қайд этилган.
Аҳолининг 70 фоиздан ортиқроғи очликдан азоб чекади. Бу давлатнинг яна бир даҳшатли жиҳати кўп қабилаларда ҳамон одамхўрлик сақланиб қолгани ва унга қарши айтарли кураш олиб борилмаслигида. Мамлакатда тахминан 71 миллион аҳоли истиқомат қилса, шундан 5 фоизидан ортиғи ОИТСга чалинган. Маҳаллий аҳоли орасида яна бир ярамас одат сақланиб қолган. Кўпчилик бокира қиз билан тунаш ОИТСга даво бўлишига ишонади ва бу ҳолат бу касалликнинг янада шиддат билан тарқалишидан ташқари зўравонлик ҳам ҳаддан ташқари кўпайишига сабаб бўлади. Бежизга Конго аёллар учун энг хавфли ва номусга тажовуз қилиш кўрсаткичи энг юқори давлат эмас.
2-ўрин — Бурунди, ЯИМ — 642 $
Бурундида фуқаролар уруши
Бу давлатдаги асосий муаммо – узлуксиз урушлар. Қабилалар, партиялар, қароқчилар, партизанлар ёки шунчаки қўлига қурол олган одам борки ўзига душман топиб уруш очаверади. Аслида иқтисодни ривожлантириш учун имкониятлар етарли – мамлакат ҳудудининг 50 фоизи деҳқончиликка яроқли, 36 фоизи яйловлардан иборат. Аҳолининг асосий қисми деҳқончилик билан шуғуллансада, ҳосилдорлик паст, чой ва қаҳва экспорти аҳолини боқишга етмайди. Болаларнинг деярли ҳаммасида вазн етишмовчилиги кузатилади, тиббиёт оғир аҳволда, ОИТС, вабо, менингит каби касалликлар тарқалиши оддий ҳолга айланган.
Бурундида темирйўллар йўқ, мамлакатда бор йўғи 20 мингта автомобиль мавжуд, ҳар 1000 аҳолининг 20 нафари уяли телефонга, 5 нафари компьютерга эга ҳисобланади, холос.
1- ўрин — Марказий Африка Республикаси, ЯИМ — 542 $
Марказий Африка болалари
Африка марказидаги МАР нафақат ўз қитъасининг, балки дунёнинг ҳам энг қашшоқ мамлакатидир. Энг қизиғи, бу давлат олтин, олмос, нефть каби фойдали қазилмалар, улкан ўрмонларга эга. МАР бюджети ҳам асосан олмос ва ёғоч сотиш орқали тўлдирилади. Аммо мамлакатдаги коррупция, сиёсий беқарорлик, узлуксиз урушлар, ўта юқори жиноятчилик, бирор тизимнинг кўнгилдагидек ишламаслиги иқтисодни ўта абгор авҳолга туширган. Бу давлат халқаро ташкилотлар кўмагига шу қадар кўникиб қолганки, уларни тўхтатиш шубҳасиз ижтимоий инқирозга сабаб бўлади. Аҳолининг мутлақ кўпчилиги очликдан қийналади, фақат 48 фоизи саводли, 6 фоиздан ортиғи ОИТСга чалинган. Ҳар 1000 чақалоқдан 105 нафари нобуд бўлади.
* Алоҳида таъкидлаш шарт, бу рўйхат 2017 йил якунига кўра тузилган. 2018 йилнинг ўтган даврида айрим ўзгаришлар кузатилган, шунингдек нафақат БМТ, балки ХВЖ, ЖССТ, Бутунжаҳон банки ва яна турли ташкилотлар ҳам ўз йўналишлари бўйича қашшоқ давлатлар рўйхатини тузишадики, улар бу рўйхатдан фарқ қилиши мумкин. Масалан давлатлар иқтисодини таҳлил қилиб борувчи Focus Economics компанияси рўйхатига Марказий Осиёнинг айрим давлатлари ҳам киритилган.