АҚШ сенаторлари Муҳаммад Бин Салмонга қарши резолюция тақдим этишди
Мазкур резолюция лойиҳасида Арабистон валиаҳди Муҳаммад Бин Салмон Ямандаги инсоний бўҳрон ва Саудия арабистони танқидчиси журналист Жамол Қошиқчининг ўлимида масъул деб қайд этилган.
Америка сенатининг олти нафар сенатори чоршанба куни АҚШ сенатига резолюция лойиҳасини тақдим этди. Ушбу резолюция лойиҳасида Арабистон валиаҳди Муҳаммад Бин Салмон Ямандаги инсоний бўҳрон ва Саудия арабистони танқидчиси журналист Жамол Қошиқчининг ўлимида масъул деб қайд этилган.
Теннесси штатидан сенатор Коркер ва Шимолий Каролинадан сенатор Линдси Грэхам Муҳаммад бин Салмонга қарши санкциялар тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этиш ниятида.
Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд мухолиф журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилишига алоқадор. Бу ҳақда америкалик сенатор Роберт Коркер МРБ раҳбари Жина Хаспел томонидан ўтказилган ёпиқ брифингдан сўнг баёнот берди.
«Бу жиноят Муҳаммад бин Салмоннинг кўрсатмасига кўра ташкиллаштирилган ва режалаштирилган, деган хулосага келмаслик учун одам атайлаб ўзини кўр қилиб кўрсатиши керак. У аввалбошдан Қошиқчининг ўлимига алоқадор бўлган», - деди Коркер журналистларга.
Унинг қўшимча қилишича, МРБ ҳисоботига кўра, журналистни ўлдиришда иштирок этган жамоа унинг жасадини бўлаклаб ташлашда ёрдам кўрсатиш учун суд экспертини таклиф қилган.
«Агар у судья олдида жавоб берганида, 30 дақиқа ичида ҳукм чиқарилган бўларди», - дея таъкидлаб ўтди Коркер. Қайд этилишича, подшоҳликка нисбатан жавоб чоралари АҚШнинг Ямандаги ҳарбий ҳаракатларда иштирокини чеклашни ҳам ўз ичига олиши мумкин.