Украинада Россия билан дўстлик ҳақидаги келишувнинг тугатилиши ҳақидаги қонун имзоланди
Украина президенти Пётр Порошенко Украина ва Россия ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик ҳақидаги келишувнинг 2019 йил 1 апрелдан тугатилиши ҳақидаги қонунни имзолади.
«Дўстлик ҳақидаги келишувнинг тугатилиши Украинани унинг бажарилишига тааллуқли мажбуриятлардан озод қилади», дейилган Олий радада қўллаб-қувватланган қонун лойиҳасида.
«Россия билан келишувнинг узайтирилмаслигига бир эпизоддек эмас, балки колониал ўтмишимиз билан алоқаларни батамом узиш ва Европага йўналиш олиш бўйича стратегиямизнинг бир қисми сифатида қараш керак. Бу стратегиянинг қолган ташкил этувчилари қуйидагилар: Европа Иттифоқи билан визасиз тартибни жорий қилиш, ЕИ билан бирлашиш ҳақидаги келишув, МДҲдан чиқиш, НАТО ва ЕИга киришнинг конституцияда мустаҳкамланиши, қудратли, профессионал армияни яратиш, украин тилини қўллаб-қувватлаш, ўз тарихимиз», деб изоҳ берган Порошенко.
Украина президентининг айтишича, Украина бу ҳужжатнинг барча имкониятларидан ўз миллий манфаатлари йўлида фойдаланиб бўлди. Унинг таъкидлашича, 2019 йил бошида келишувнинг навбатдаги 10 йиллик муддати якунига етади ва Украина уни узайтириш ёки тугатиш борасида бир қарорга келиши керак эди. Натижада уни тугатишга қарор қилинган.
Украина ва Россия ўртасидаги дўстлик ҳақидаги келишув 1997 йил май ойида тузилган. Украина Олий радаси уни 1998 йил январда ратификация қилган.