Алишер Усмонов: Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёга тинчликни қайтарди
Интервьюда Алишер Усмонов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳақида ўз фикрини билдириб ўтди.
Асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов Россиянинг Forbes нашрига интервью берди. Ушбу интервью давомида Алишер Усмонов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳақида ўз фикрини билдириб ўтди.
«Биринчидан, у Марказий Осиёга тинчликни қайтарди. Бу Марказий Осиёдаги барча етакчилар томонидан тан олинмоқда. Бу жуда муҳим. Аввалги бошқарув даврида жуда кескин вазият бор эди, душманликка ҳам бориб етганди: биродар дўстона давлатлар - Тожикистон, Қирғизистон билан чегаралар миналаштирилди. Илгари Ўзбекистоннинг позицияси туфайли тинчликка эришиш қийин эди.
Иккинчидан, у ҳам Вашингтон, ҳам Москва билан тенг ҳуқуқли асосда дўст. Учинчидан, Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласига самарали ечим топиш учун халқаро майдонда рол ўйнай бошлади.
У ерда ўзгача фикрловчиларга нисбатан режимнинг эркинлашиши юз бермоқда, мамлакатга кириш ва чиқиш бўйича мавжуд бўлган тақиқлар йўқ қилинмоқда ва ҳоказо. Бир сўз билан айтганда, жамият, давлат ва иқтисодиёт қайта ташкил этилмоқда», — дейди тадбиркор.
Нашр мухбирининг «Мамлакатни демократлаштириш юз бермоқда, деб айта оламизми?» деган саволига Алишер Усмонов қуйидагича жавоб берди:
«Бу нотўғри. Мен бу сўзни ёқтирмайман. Демократия ўзи нима? Бу халқнинг ҳокимиятни сайланганларга бериш ҳуқуқи. Кейинчалик бу сайланганлар баъзан ўзининг қолган умри давомида уни бошқаради. Президент Мирзиёевда халқ томонидан тўла ишонч бор. Ишонаманки, у бу ишончни оқлайди».