ШОК!!! Хитойда гени ӯзгартирилган болалар дунёга келди
(last modified Wed, 23 Jan 2019 06:15:54 GMT )
Январ 23, 2019 11:15 Asia/Tashkent
  • ШОК!!! Хитойда гени ӯзгартирилган болалар дунёга келди

Хитой терговчилари олим Хэ Цзянькуй тадқиқоти натижасида ДНКси ўзгартирилган болалар дунёга келганини расман тасдиқлади, дея хабар берди РИА Новости.

Дастлабки тергов унинг бир қатор Хитой қонунларини бузган ҳолда генетик модификацияланган болаларнинг туғилишига хизмат қилганини аниқлади.

Терговчиларнинг сўзларига кўра, олим тақиқланган қонунлар ва хавфсиз бўлмаган технологиялардан фойдаланган ҳолда қайта ишлаб чиқариш мақсадида инсон эмбрионлари генларини таҳрир қилиш учун лойиҳа гуруҳини ташкил этган.

Тадқиқот натижасида оналардан бири эгизак қизларни дунёга келтирган. Уларга Лулу ва Нана дея исм қўйилган. Яна бир аёл эса таҳрирланган ДНКга эга болага ҳомиладор. Ҳозирда улар шифокорлар назорати остида.

Гонконг университетида инсон геномини таҳрирлаш бўйича саммитда сўзга чиқар экан, профессор Цзянькуй эгизак қизларнинг соғлом дунёга келганини маълум қилган, дея ёзади BBC.

Хэ Цзянькуй эмбрионлар геномини модификация қилиш бўйича тажрибада саккиз жуфтлик иштирок этгани, оталар ОИВ-мусбат, оналар эса ОИВ-манфий натижага эга эканлиги ва бир жуфтлик эса тадқиқотни тарк этганини маълум қилди.

Тажриба доирасида ДНК ипларига ўзгартириш киритиш учун «молекуляр қайчилар» ёрдамида кераксиз участкалар олиб ташланади ёки бошқалари билан алмаштирилади.

Назарий жиҳатдан бу технология эмбрионлар ДНК генларини олиб ташлаш ёки ўзгартириш орқали ирсий касалликларга барҳам беришга ёрдам бериши мумкин. Бир қатор мутахассислар бу каби тажрибалар келгуси авлодларга зарар етказади, деган тахминда. Кўплаб мамлакатларда эмбрионларни генетик манипуляция қилиш қонун йўли билан тақиқланган.