Янги Зеландиядаги иккита масжидда содир этилган отишмада 49 киши қурбон бўлди
Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳридаги иккита масжидда жума намозидан кейин содир этилган отишма оқибатида камида 49 киши ҳалок бўлди.
Шифохоналарга 30 га яқин ярадор етказилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, қуролланган кишилар маҳаллий вақт билан соат 13:45 да ёнма-ён жойлашган Ал-Нур ва Линвуд Масжидга бостириб кириб, чиқиш эшикларини ёпиб, намозхонларни ўққа тута бошлаган. Отишма содир бўлган вақтда масжидда мос равишда 200 ва 300 га яқин қиши бўлган.
Маҳаллий полиция босқинчилардан бири ушланганини маълум қилган. Полиция комиссари Майк Бушнинг таъкидлашича, шаҳарда бошқа босқинчилар бўлиши мумкин. Крайстчерч аҳолисига уйларини тарк этмаслик тавсия қилинган, мактабларда машғулотлар бекор қилинган.
Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн миллий телевидение орқали чиқиш қилиб, Крайстчерч шаҳридаги икки масжидга қилинган ҳужум «кўплаб қурбонларга» олиб келганини тасдиқлади.
Крайстчерч шаҳридаги масжидларга ҳужум қилганлардан бири австралиялик 28 ёшли Брентон Таррантдир. Билдирилишича, у ультра ўнг қарашларга эга.