Форсий қанд ҳаловати
Амир Хусравнинг эпик асарлари
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги сўҳбатимиз ҳам машҳур шоир Амир Хусрав Деҳлавийнинг ҳаёти ва ижоди борасида бўлади. Бизни тинглаб боринг.
Азизлар, олдинги эшиттиришимизда таъкидлаб ўтганимиздек, Амир Хусрав 1289 йилдан бошлаб эпик асарлар ҳам ёза бошлайди. Унинг тарихий лирик ва эпик достонлари машҳур. Булар орасида "Қиронус саъдайн" ("Икки саодатли сайёранинг қўшилиши"), "Мифтоҳул футуҳ" ("Ғалабалар калити"), "Дуволроний ва Хизрхон", "Нуҳ сипеҳр" (" Тўққиз қават осмон") каби асарлар мавжуд. Бундан ташқари Амир Хусрав Низомий Ганжавийга издошлик қилиб Хамса яратди. Унда "Матлаъул анвор"( "Ёритғичларнинг чиқиши"), "Ширин ва Хусрав", "Мажнун ва Лайли", "Оинаи Искандарий", "Ҳашт биҳишт" ("Саккиз жаннат") достонлари бор. Амир Хусрав "Хамса"сининг тили ширин, енгил, назокатли, тушунарли ва халқ дидига жуда яқин бўлганлиги учун ҳам бўлса керак, у Шарқда кенг тарқалган, ва севиб ўқилган. Амир Хусрав Деҳлавий ижоди хамсачилик, тарихий достончилик ва ғазалчиликда Ўрта ва Яқин Шарқ халқлари адабиёти тараққиёти жараёнида муҳим босқичлардан бири бўлди. Асарлари қадимдан кўп халқлар, жумладан ўзбек халқи орасида ҳам машҳур бўлган.
Амир Хусравни Алишер Навоий ўз устодларидан деб билган ва "Ҳинд Сеҳргари" ("Соҳири ҳинд") деб атаган. Муҳаммад Ризо Огаҳий унинг "Ҳашт биҳишт" достонини ўзбек тилига таржима қилган.
Шўролар ҳукумати даврида ҳам Амир Хусрав Деҳлавий асарлари чуқур ўрганилиб, Шўролар Иттифоқида яшовчи халқлар тилларига таржима қилинган. 1972 йилда ўзбек тилида ҳам шеърлари мажмуаси чоп этилган эди.
Амир Хусрав Деҳлавий умри давомида 5 девон, 9 йирик достон, бир қатор йирик тарихий ва назарий асарлар яратди. 5 девонга унинг 2 мингдан зиёд ғазали, 273 қасида, йигирмага яқин маснавий, 1200 дан ортиқ рубоий, 500 га яқин қитъа ва бошқа жанрлардаги бир қанча асарлари жамланган. Шоир ўзини ғазалда Саъдий, қасидада Саноий, Анварий, Ҳоқонийга шогирд деб билса, воқеабанд достонлар яратишда асосан Низомийга эргашади.
Амир Хусрав ижодий такомилини шартли равишда икки даврга ажратиш мумкин. Биринчи давр унинг ғазалнавис ва қасиданавис шоир сифатида Деҳли султонлари тасарруфидаги ҳинд ўлкасида шуҳрат топиши билан боғлиқ бўлиб, бу даврда “Туҳфат ус-сиғар” («Ёшлик туҳфаси») ва “Васат ул-ҳаёт” («Ҳаёт ўртаси») лирик девонлари яратилди, учинчи девони “Ғуррат ул-камол” («Камолот нишони») га асос солина бошланди. Бу даврда, баъзи кичик маснавийларни ҳисобга олмаганда, ҳали шоир ижодига эпик кўлам хос эмас эди. Иккинчи давр шоирнинг ижодий баркамол ёшида, турмушнинг аччиқ-чучугини роса татиб, шеърият шайдоси шаҳзода Муҳаммадқоон саройида дўсти Ҳасан Деҳлавий билан шеърхонликда кечирган фараҳли кунларни ҳам, мўғул босқинида тортган асирлик азобларини ҳам босиб ўтиб, етарли ижтимоий тажрибага эришган ўттиз олти ёшлик чоғидан бошланади.
1289 йилда Амир Хусрав ўзининг илк йирик эпик асари, 3900 байтдан ошиқроқ ҳажмдаги “Қирон ус-саъдайн” достонини яратди. Замона ҳукмдори Муизиддин Кайқубод топшириғи билан ёзилган ушбу достон мавзуи ўша давр тарихий ҳодисаларидан ҳикоя қилади. Унда бобоси вафотидан кейин Деҳли султонлигини эгаллаган Кайқубод билан унинг отаси Бангола ҳукмдори Носириддин Буғрохон орасида бўлиб ўтган тахт талашув можаролари батафсил тасвир этилади. Воқеалар ниҳоясида “Қирон ус-саъдайн” («Икки саодатли юлдузнинг учрашуви») юз беради, яъни икки ҳукмдор – ота ва ўғил орасида бошланган низо сулҳ билан тугалланади.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган оқшомги дастуримизда "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.
Ҳозир эса машҳур шоир Амир Хусравнинг гўзал бир ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Менинг ёрим аразлаб кетди, аҳволим ёмон бўлди,
Ки, борлик тоқату сабрим йўқолдию, ниҳон бўлди.
Ўзимку илгари ҳам мурдаларга ҳамнафас эрдим,
Фироқ келди, бу ҳолим, билки расвойи жаҳон бўлди.
Таассуфларки, ҳаргиз кўрмадим умримда хуррамлик,
Азиз умрим шу тахлит дарду ғам бирлан хазон бўлди.
Таажжуб шундаки шафқат қўлини чўзмади дўст ҳам,
Бўлар бўлмасга душман ҳам ишимдан бадгумон бўлди.
Дедим: эй дил, гирифтор айладинг сен ҳам гирифтор бўл,
На қилдинг, оқибат охирда кўрдингми, ҳамон бўлди.
Олиб сендан дилимни ўзгага берсам дедим, аммо,
Менингдек бўлмагай ҳеч кимса ошиқ, бу аён бўлди.
Тунов кун дилбарим от чоптириб йўлдан ўтар эрди,
Кўриб кўз ёшларим от ортидан дарров равон бўлди.
Кеча мутриб камоли шавқ ила қилди ғазалхонлик,
Унинг таъсиридан кўзларда ёшим оқди, қон бўлди.
Рақибки бадқовоқ эрди, бу йиғлашни кўриб бирдан,
Қовоғини очиб, менга бағоят меҳрибон бўлди.
Табиб азбаски дардимни даволашга уринди кўп,
У шўрлик ҳам ниҳоят ногирону нотавон бўлди.
Танингда битта жонинг бор, недан қўрқарсан, эй Хусрав,
Не қилгайди, агарчанди кишилар якзабон бўлди.
Шоир Амир Хусрав Деҳлавийнинг асарига романтик руҳ бағишлаган ғоя бу нотинч дунёда душманликнинг дўстликка, ғайирликнинг меҳрга айлануви орзуси эди.
Шоирнинг эпик йўналишда қўйилган бу биринчи жиддий қадамида ҳали рубобий (лирик) кайфият кучли, шаклий ранг-барангликка ўчлик сезилади. Достондаги сарлавҳалар – шеърий, фасллар ўз руҳига мос лирик ғазал билан якунланган.
Амир Хусравнинг эпик қаҳрамон яратишдаги бу дастлабки уринишлари кейинги босқич – “Хамса” достонларига ўтишда яхши тажриба мактаби бўлди.
Орадан йиллар ўтди. Хилжийлар сулоласининг биринчи вакили Жалолиддин Фирузшоҳ шоирни эъзозлаб, амирлик унвони берди. Амир Хусрав ҳам унинг шон-шавкатини, мўғуллар билан жангларини 750 байтли “Мифтоҳ ул-футуҳ” («Ғалабалар калити») маснавийсида васф этди. Лекин бу тарихий эпик йўналишдаги асар йирик достонлар қаторидан ўрин олмади, балки шоирнинг бошқа кичик маснавийлари қаторида 1294-96 йилларда тартиб берилган учинчи девони таркибига киритилди.
Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Саломат бўлинг.