март 11, 2017 15:10 Asia/Tashkent

Сойиб Табризий ва Сайидо Насафий

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги сўҳбатимиз машҳур  шоирлар  Сойиб Табризий ва Сайидо Насафийнинг  ҳаёти ва ижоди борасида бўлади.  Бизни тинглаб боринг.

Сойиб Табризий тахаллуси билан машҳур Мирзо Муҳаммадали ҳижрий 11-асрнинг энг йирик ғазалнавис шоирларидан ҳисобланади. У тахминан ҳижрий 970-973 ва ёки 1000-1003 йилда Табризда таваллуд топган. Унинг отаси Мирзо Абдураҳим  эътиборли тожирлардан эди. Ўша вақтдаги Шоҳ Аббос фармони билан Сойибнинг оиласи мингга яқин бошқа хонадонлар билан Табриздан Исфаҳонга кўчишади ва Аббособод маҳалласида жойлашишади. Айрим тадқиқотчлар Соибни Исфаҳонда таваллуд топганини таъкидлашган. Соиб ушбу шаҳарда тажрибали устозлардан  илм ўрганади  ва хаттотлик ҳунарини эса Шамси Соний номи билан машҳур ўзининг амакиси Шамсиддин Табризий Ширинқаламдан ўрганади. Сойиб ёшлигида Ҳаж зиёратига боради ва муқаддас  Машҳад шаҳрини  ҳам зиёрат қилишга мушарраф бўлади.

Сойиб Табризий ҳижрий 1003- 1034 йиллар давомида  Исфаҳондан Ҳиндистон юрти ҳамда Ҳирот ва Кобул шаҳарларига боради. Кобул ҳукмдори Зафархон ўзи шоир ва адиб бўлгани боис Соибга катта эҳтиром кўрсатади.  Даканда Шоҳжаҳон тахтда ўтирганидан кейин Зафархон Сойибни ўзи билан Даканга оборади. Шоҳжаҳон Сойибга иноят айлаб, унга Мустаъдхон  тахаллусини беради. Ҳижрий 1008-1039 йилда йилда Зафархон ва Сойиб Шоҳжаҳон билан Бурҳонпурда бўлган вақтларида уларга  Сойибнинг отаси Эрондан Ҳиндистоннинг Акбаробод шаҳрига келгани ва у ўғлини ўзи билан Эронга олиб бормоқчи бобидаги хабар етади. Сойиб Зафархон ва унинг отаси Хожа Абулҳасан Турбатидан кетиш рухсатини сўрайди. Аммо бу рухсатни олиш икки йил чўзилади.

Ҳижрий 1011-1042  йилларда Кашмир ҳукумати Зафархонга топширилади ва Сойиб ҳам у ерга боради ва Кашмирдан отаси билан Эронга қайтади. Сойиб Исфаҳонда Шоҳ Аббос Иккинчи хизматига киради ва сафавийлар дарборида  у  маликушшуаро мақомига эга бўлади.  Ушбу даврда Сойиб атрофида адабиёт ва сўз аҳли тўплашган эдилар.  Сойиб Исфаҳонда айрим туманлардан ташқари бошқа шаҳарларга сафар қилмайди ва  ҳижрий  1054-1086  йилда вафот этади. Уни бугунги кунда Оғо қабри номини олган бир боғда дафн этишади.

Сойиб ориф бир  шоир бўлиб, Мавлавий ва Ҳофизнинг мухлисларидан эди. Соиб янги мазмунлар яратишда, тоза сўзлар айтишда, ажойиб таркиб ва истиоралар ясашда катта маҳоратга эга шоир эди. Теран назар соҳиби  ва иқтидорли шоир Сойибнинг шеърлари инсониятнинг руҳи ва турли  туйғусини намоён этувчи катта ойнадир. У Исфаҳонда яратилган хос услуб, кейинчалик “сабки ҳинди” номи билан машҳур бўлган  услубнинг асосчиларидан биридир.  Унинг ашъори қасида, ғазал ва маснавийлардан иборатдир.

Адабий танқидчиларга кўра, унинг маснавий ва қасидалари унчалик машҳур бўлмаган, аммо Сойибга шуҳрат келтирган ашъори унинг ғазалларидир. Шу сабабдан шоир девонининг асосий қисмини ғазаллар ташкил этишади.   Сойиб мавзулар асосида  ашъорини  ушбу тартибда тақсимлаган:

1. Миръотулжамол-маъшуқ ҳақида куйланган байтлар;

2.Оройиши нигор-ойна ва тароққа бағишланган байтлар;

3.Майхона-май ва майхона васфида куйланган шеърлар;

4.Вожибулҳифз-танланган ғазаллар.

Сойибни  кўплаб  ашъорга  эга шоир дейишади. Унинг девонини икки  юз  минг байтгача бўлган шеърлар ташкил этишади.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Кашкруд  воҳаси ( ҳозирги  Ўзбекистоннинг  Қашқадарё вилояти) азалдан илм-маърифат масканларидан бўлиб келган. Қадимий Кешни Шарқ фузалолари “илм ва адаб қуббаси”, деб таъриф қилган бўлса, Насаф Ўрта Осиёдаги тўртта ҳадисшунослик мактабларидан (Марв, Бухоро, Самарқанд) бири саналган. Ростдан-да, бу маъвода Касби, Фазли, Фудина, Яккабоғ, Китоб, Чироқчи, Қамаши сингари шажараси милоддан аввал бошланувчи манзиллар жуда кўп. Насафийлар Шарқ илм-фанига нечоғлик катта ҳисса қўшганлигини ҳали кўп бор иқрор қилишга тўғри келади. Хусрав Деҳлавий-у Мирзо Бедил, Зиё Нахшабий-у Сайидо Насафий сингари таниқли шоирлар илдизи шу юртга бориб тақалади.

Сайидо Насафий (тахаллуси; исми Миробид) (1637—Насаф — 1710) — шоир. Бухоро мадрасаларида ўқиган. Тўқувчилик билан кун кечирган.

Дастлаб асарларида аштархоний ҳукмдорларни мадҳ этган, уларга мадҳиялар ёзган. Лекин ижтимоий тенгсизлик, адолатсизликлар моҳиятини тушунгач, мадҳиябозликдан узоклашган. Асарларида жабру зулмга қарши норозилик асосий ўринни эгаллаган.

«Шаҳр ошуб» манзума сида 212 хил касб-ҳунар эгаси ҳақида фикр билдирган, ҳунар аҳлини улуғлаган. «Баҳориёт» («Ҳайвонотнома») мажозий мунозара асарида, айрим ғазалларида ўз даврининг ижтимоий-сиёсий муҳити танқид қилинган. Асарлари нафис, содда тилда ёзилгани учун тез оммалашган.

Сайидонинг биринчи танланган девони академик Абдулғани Мирзоевнинг саъй-ҳаракатлари билан  милодий 1944 йилда нашр этилади. 1977 йилда Сайидо  Насафийнинг танланган асарлари сўз боши билан нашр этилади. Ушбу китобда   шоирнинг  500та   ғазали, 63та мухаммаси, қасидалари, рубоийлари, мустазод, маснавийлари ва “Баҳориёт” номли асари  билан чоп қилинган. Сайидо сўз зарофатига эътибор қаратгани ва янгиликка тамойил кўрсатгани боис  сабки ҳинди ёхуд ҳинд  услубида ижод қилиш  унга маъқул тушган эди. Ушбу  мураккаб услубда ижод қилиш қийин бўлсада, аммо у шеърларини ушбу услубда маҳорат билан ёза  олган.  Хаёлпарастликлар орқали  ажойиб  ҳамда  чигал маъноларга эга иборалар яратиш  ва завқни имтиҳон қилиш билан бирга у ўша вақтдаги  оғир ижтимоий вазиятни ҳам шеърларида тасвирлаган.

Сайидо Насафий ёшлигидан бошлаб шеър ёзишни бошлаган ва қисқа муддатда  Бухоро ва унинг атрофида иқтидорли шоир сифатида танилган. Сайидо  умрининг охиригача  Бухорода  қолади ва ушбу шаҳарда ижод қилади  ва фаолият юритади. Ундан қолган адабий мерос  ғазал, қасида, маснавий, мусаддас, мухаммас, рубоий, қитъа ҳамда тамсилий асарлар бўлмиш “Баҳориёт” ва Шаҳрошуб” дан иборатдир ва 8500 байтни ташкил этади.  Таъкидлаб ўтганимиздек, унинг ашъори девон ва танланган  шеърлар   китоби шаклида бир неча бор Тожикистон  пойтахти  Душанбе  шаҳрида чоп этилган. Унинг ашъори дилкаш ва оммабоп бўлгани боис тириклик вақтидаёқ шеър мухлислари ва тазкиранавислар эътиборини ўзига тортган. Миробид Сайидо Насафий  милодий 1707-17011 йиллар ўртасида Бухорода вафот этган.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Саломат бўлинг.