Форсий қанд ҳаловати
Амир Хусравнинг достонлари
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги сўҳбатимиз ҳам машҳур шоир Амир Хусрав Деҳлавийнинг ҳаёти ва ижоди борасида бўлади. Бизни тинглаб боринг.
Олдинги эшиттиришимизда таъкидлаб ўтганимиздек,
“Нуҳ сипеҳр” («Тўққиз осмон қабатлари») достонини Амир Хусрав 1318 йилда Қутбиддин Муборакшоҳга бағишлаб ёзди. 4509 байтли бу асар ягона сюжет асосига қурилган эмас. Унинг тўққиз фасли арузнинг тўққиз баҳрида ёзилган бўлиб, мундарижаси ҳам хилма-хилдир.
Эътиборга сазовор жиҳати шундаки, Амир Хусрав ўз достонига тахтдан маҳрум этилган шаҳзодани қаҳрамон қилиб олади, ўзи сарой шоири бўлган давр ҳукмдорлари – султон Алоуддин ва Қутбиддин Муборакшоҳ хатти-ҳаракатини эса очиқдан-очиқ қоралайди.
Улардан “учинчи сипеҳр” алоҳида диққатга сазовор бўлиб, уни маълум маънода “Ҳиндистон қомуси”, деб аташ мумкин. Бу фасл бошдан-оёқ шоирнинг туғилиб ўсган ватани мадҳига бағишланган. Унда ўлканинг табиати, обу ҳавоси, наботот ва ҳайвонот дунёси, одамлари васф этилади, турли ташбеҳ ва мажозлар асосида бу юртнинг ўзга иқлимлардан афзаллиги муболаға этилади. Ушбу фаслда Амир Хусрав арабий, форсий, туркий тилларни жаҳон тиллари сифатида турли ўлкаларда кенг тарқалганлигини қайд этиб ўтади, арабий ва туркий тилларнинг барча сарфу наҳв қонун-қоидалари, улардаги луғавий қонуниятлар билимдонлар томонидан пухта ишлаб чиқилганлигини эсга олади.
“Нуҳ сипеҳр” достонида туркий, румий ва форсий тилларини яхши эгаллаган киши икки жаҳонни эгаллади, деса бўлаверади, деб хулоса қилади шоир.
Амир Хусравнинг тарихий достонларини ўқир экан, одам беихтиёр Европа Уйғониш даврининг буюк даҳоси Вильям Шекспирнинг драматик хроникаларини эслайди. Бу жиҳатдан, айниқса, шоирнинг охирги достони “Тўғлуқнома” ёрқин намунадир. Ундаги воқеалар ҳам навбатдаги сарой фитнасининг тасвиридан бошланади. Амир Хусрав ҳаёти давомида Деҳли салтанатида тўққиз ҳукмдорнинг тахт алмашувини кузатди. Саройдаги хиёнат ва разолатни, шафқатсиз хунрезликларни ўз кўзи билан кўрди ва достонларида рўйи рост акс эттирди.
Деҳлавий умри охирида “Бақия ун-нақия” («Сараларнинг сараси») ва “Ниҳоят ул-камол” («Камолот чўққиси») девонларини тузиб, лирик меросини 5 девонга бирлаштирди.
Деҳлавий учинчи девони “Ғуррат ул-камол” дебочасида устод шоирлар “сўзининг маъно ва айтилиш тарзида” суфий ва музаккар (яъни тарбиячи, муаллим)лар йўналишидан фарқ қилиши зарурлигини уқтирган эди. Ўзи ушбу қоидага қатъий риоя қилиб, Низомий анъаналарига қайта руҳ бағишлаган ҳолда, инсон маънавий камолотини таъминлашга қаратилган мутлақо янги бир йўналишга асос солди.
Амир Хусрав ижоди XV аср Ҳирот адабий мактаби доираларида жуда машҳур бўлди. Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкират уш-Шуаро” асарида шоир ҳаётига оид муҳим маълумотлар учрайди. Абдураҳмон Жомий девонларига тартиб беришда Деҳлавий изидан борди. Алишер Навоийнинг ижодига унинг баракали таъсири ҳақида юзлаб саҳифалар битса бўлади. Навоий Хусравни “Хамса”чиликда устозлардан ҳисобласа, девон дебочаларида рубобий истеъдодига тасанно айтади. Фоний сифатида ғазаллари ва фалсафий қасидаларига татаббулар битади.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган оқшомги дастуримизда "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.
Ҳозир эса машҳур шоир Амир Хусравнинг гўзал бир ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Дўстлар, таъбини ғаш этган фиғонимдир менинг,
Ҳам табибга муддао –дарди ниҳонимдир менинг.
Ёри жоним тобакай қилгай менга жабру жафо,
Кечса ҳам мендан, нетайки ёри жонимдир менинг.
Қаҳратон ҳижрон ели этди ҳаётимни хазон,
Бу хазонрез офати боди хазонимдир менинг.
Иссиқ-иссиқ кўз ёшим дилдан чиқар вулқон каби,
Қатра сувмас, шуъла сочган ўтли жонимдир менинг.
Сен кўчангнинг чангини ювгил мени қоним билан,
Гар сочилса гарди бу –номи нишонимдир менинг.
Мен йўқотдим дилни-ю сендан уни қилгум гумон,
Ҳа, ўғирлабсан дилимни, ҳақ гумонимдир менинг.
Ёр кетар ёнимдану мен айлагум доду фиғон,
Қайтадан келмас магар жони равонимдир менинг.
“Мен сеники” дейди жонон Хусравийга лутф ила,
Бу сўзи юксак баҳою фахру шонимдир менинг.
Умуман, Шарқ шеъриятининг кейинги ривожини Амир Хусрав таъсирисиз тасаввур қилиш қийин. Шу сабабли ҳам кейинги асрларда Ҳиндистонда, Эрон ва Афғонистонда, собиқ Совет Иттифоқида шоир ижодий меросини ўрганиш ва асарларини нашр қилиш бўйича самарали ишлар амалга оширилди. Жумладан, жаҳон миқёсида ўтказилган шоир таваллудининг 700 йиллик тантанаси муносабати билан Москвада “Хамса” достонлари, Душанбеда “Дўвалрони ва Хизрхон” асарининг илмий-танқидий матнлари форс алифбосида нашр этилди. Шоир ҳаёти ва ижоди, айрим асарлари ҳақида А.А.Стариков, Ғ.Ю.Алиев, М.Бақоев, Т.Муҳаррамов ва бошқа қатор олимларнинг тадқиқотлари юзага келди. Ўзбек тилида И.Низомиддинов, Ш.Шомуҳамедов ва Б.Мусаев, Ж.Мирсаидовнинг рисолалари, шоир асарларидан баъзи намуналар босилиб чиқди. 1989 йилда ушбу сатрлар муаллифининг шоир достонлари тавсифига бағишланган “Тўққиз осмон юлдузлари” рисоласи Ғафур Ғулом номидаги нашриётда босиб чиқарилди.
Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Саломат бўлинг.