март 05, 2017 13:05 Asia/Tashkent

Амир Хусрав Деҳлавий

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Машҳур  шоир Амир Хусрав Деҳлавийнинг  ҳаёти ва ижоди борасидаги охирги сўҳбатни бугун сизга тақдим этмоқчимиз.  Бизни тинглаб боринг.

Таъкидлаб ўтганмиздек, тарихнинг долғали даврларини бошдан кечирган  айрим юртлар  ўғлонлари турли замонларда жаҳоннинг турли ўлкаларида умр кечириб, нафақат ўз миллий маданияти, балки умумжаҳон маънавий камолотига кўзга кўринарли ҳисса қўшишга муяссар бўлдилар, шу билан бирга, бошқа халқлар миллий маданиятини ҳам бойитдилар. Шундай умуминсоний мавқега эришган улуғ устозлардан бири  ҳинд -форсийзабон шеъриятининг чароғон юлдузи Амир Хусрав Деҳлавийдир.

Яминиддин Абулҳасан Хусрав Деҳлавий Ҳинд- Эрон ва Ўрта Осиё маданиятининг машҳур намояндаларидан бири ҳамда кўп қиррали истеъдод эгасидир. У тилчи, адабиётчи ва тарихчи олим, мусиқий ва бадиий асарлар муаллифи. Унинг асарларида ўрта аср Шарқ халқлари турли табақаларининг  фикр- ўйлари, орзу -умидлари ва хатти- ҳаракатлари инъикос этилган. Унинг ижоди ҳинд халқининг миллий ифтихори бўлиш билан бирга Ўрта Осиё, Эрон, Афғонистон халқларининг маданият хазинасида ҳам фахрли ва кўркам ўринлардан бирига эга.

Амир Хусравнинг отаси Кеш (Шаҳрисабз)дан  Ҳиндистонга кўчиб бориб қолган муҳожирлардан эди. Онаси эса ҳинд қизи бўлган.

Амир Хусрав ҳаётининг кўп қисми Деҳлида ўтганлиги учун Деҳлавий нисба- лақабини олган. У сарой ҳаётига яқин муҳитга ўсди. Яхши илм олиш шароитига  эга бўлди. Отаси 1261 йили мўғулларга қарши  жангда ҳалок бўлди. Бу вақтда Хусрав 8 ёшда эди. Буваси Имодулмулк  унинг тарбиясига катта аҳамият берди. Хусрав асосан Деҳлида таҳсил кўрди. У жуда ёш чоғидан  шеърлар ёза бошлади. У илк асарларини " Султония" тахаллуси билан ёзган.

Амир Хусравнинг адабий мероси жуда катта.Ўзи берган маълумотларга кўра, унинг шеърлари 400 000 байтдан ортиқ. Абдураҳмон Жомий  эса уни 99 китоб муаллифи деб ҳисоблайди.

Амир Хусрав деярли барча жанр ва турларга хос бадиий асарлар қолдирган. Унинг лирик шеърлари беш девонга жамланган. Улар "Тўҳфатуссиғар" ("Ёшлик тўҳфаси"), "Васатул- ҳаёт" ("Ҳаёт ўртаси"), "Ғурратул камол" ("Камолотнинг бошланиши"), "Бақияун нақия" ( "Сараларнинг сараси"), "Ниҳоятул -камол"( " Камолот  чўққиси") деб аталади.

Шоирнинг бу беш  девонга йиғилган шеър, ғазаллари унинг моҳир лирик шоир сифатида оламга машҳур этди. Амир  Хусрав лирикаси ажойиб образлар, ўхшатишларга жуда бой. У инсон қалбининг нозик ҳиссиётлари, ошиқ юрагининг дард- аламлари, чуқур эзгу ниятлари, орзу- умидлари ҳақида зўр маҳорат билан куйлади.

Алишер Навоий уни буюк ғазал устодлари Ҳофиз Шерозий ва Жомийлар қаторига қўйган ва кўп ғазалларига татаббу боғлаган.Амир Хусравнинг, айниқса, ишқни куйлашдаги юксак маҳоратини юқори баҳолаган Навоий "назм бешасининг ғазанфари ва дарду -ғам оташкадасининг самандари" дейди.

Форс поэзиясида янги гуманистик  босқични белгилаб берган ғазалнинг мустақил жанрга айланишида ҳам Хусрав Деҳлавийнинг хизмати катта бўлди. Академик Л.Е.Кримский, немис шарқшуноси Герман Эте, чех шарқшуноси Ян Рипка ва бошқа тадқиқотчилар ҳам Амир Хусравни  Ҳофиз замонасигача бўлган лирик шеъриятнинг машҳур сиймоси ҳисоблайдилар. Шоир лирик асарларининг  жуда кўпи инсонийлик пафоси билан суғорилган. Амир Хусрав ўз асарларида адолатга  чақириб, разолатни қоралади, сарой ҳокимларининг шафқатсизлик  ва золимликларини  фош қилди, шоҳларни мискин фақирларнинг жабрловчиси деб билди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Ҳозир эса машҳур шоир Амир  Хусравнинг  гўзал бир ғазалини  эътиборингизга ҳавола этамиз.

Юзингни таърифи тилларда такрор,

Сўзинг кимё эрур жонларга, эй ёр.

Қолур ҳайрон очилгунча оғизлар,

Ширин-шаккар лабинг кулганда, дилдор.

Кўзинг ўқ отди юлдузлар дилига,

Кўкарди найзалар кўксида бисёр.

Олов ёғмасму кўкдан мисли мазлум-

Фалак бағри куяр, йиғлайди у зор.

Кулинглар ҳар тарафдан менга, дўстлар,

Бу расволиғ қиёфат ёқди зинҳор,

Фиғон чеккан эдим бўстонда бир тун,

Қолиб ошёнда, қушлар қочди ночор.

Шу йўлдан борди Хусрав халқ кўрсин,

Нишона ҳар қадам қон томчиси бор.

Умуман, Шарқ шеъриятининг кейинги ривожини Амир Хусрав таъсирисиз тасаввур қилиш қийин. Шу сабабли ҳам кейинги асрларда Ҳиндистонда, Эрон ва Афғонистонда, собиқ Совет Иттифоқида шоир ижодий меросини ўрганиш ва асарларини нашр қилиш бўйича самарали ишлар амалга оширилди.

Амир Хусрав Деҳлавий умри давомида 5 девон, 9 йирик достон, бир қатор йирик тарихий ва назарий асарлар яратди. 5 девонга унинг 2 мингдан зиёд ғазали, 273 қасида, йигирмага яқин маснавий, 1200 дан ортиқ рубоий, 500 га яқин қитъа ва бошқа жанрлардаги бир қанча асарлари жамланган. Шоир ўзини ғазалда Саъдий, қасидада Саноий, Анварий, Ҳоқонийга шогирд деб билса, воқеабанд достонлар яратишда асосан Низомийга эргашади.

Унинг тарихий лирик ва эпик достонлари машҳур. Булар орасида "Қиронус саъдайн" ("Икки саодатли сайёранинг қўшилиши"), "Мифтоҳул футуҳ" ("Ғалабалар калити"), "Дуволроний ва Хизрхон", "Нуҳ сипеҳр" (" Тўққиз қават осмон") каби асарлар мавжуд. Бундан ташқари Амир Хусрав Низомий Ганжавийга издошлик қилиб Хамса яратди. Унда "Матлаъул анвор"( "Ёритғичларнинг чиқиши"), "Ширин ва Хусрав", "Мажнун ва Лайли", "Оинаи Искандарий", "Ҳашт биҳишт" ("Саккиз жаннат") достонлари бор. Амир Хусрав "Хамса"сининг тили ширин, енгил, назокатли, тушунарли ва халқ дидига жуда яқин бўлганлиги учун ҳам бўлса керак, у Шарқда кенг тарқалган, ва севиб ўқилган. Амир Хусрав Деҳлавий ижоди хамсачилик, тарихий достончилик ва ғазалчиликда Ўрта ва Яқин Шарқ халқлари адабиёти тараққиёти жараёнида муҳим босқичлардан бири бўлди.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Саломат бўлинг.

 

Ёрлиқ