Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
Ўзбекистонга оид муҳим янгиликлар
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда.Унда ушбу мамлакатга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.
Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:
- Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликлар кенгймоқда;
- Тошкентда ўбек-швед бизнес форуми барпо бўлади;
- Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида сув масалалари кўриб чиқилди;
4. Ўзбекистон Бош прокуратураси Украина Бош прокуратурасига талабнома жўнатди.
Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.
Бугунги кунда Россия Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий шерикларидандир. 2016 йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми 4,2 миллиард АҚШ долларидан зиёдни ташкил этган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Россия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган Россия Ҳукумати раисининг ўринбосари Дмитрий Козакни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ҳукумат портали хабар берди.
Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари кўплаб йўналишларда, хусусан, савдо-иқтисодий соҳада изчил ривожланаётгани ва мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путиннинг 2016 йил 6 сентябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган учрашуви чоғида эришилган келишувлар фаол ва самарали амалга оширилаётгани қайд этилди. Учрашувда иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар икки мамлакат компаниялари ўртасида узоқ муддатли амалий алоқаларни ўрнатиш, шунингдек, янги қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия муҳим ўрин тутаётганини қайд этдилар.
Дмитрий Козак самимий қабул учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдириб, Россия Федерацияси Ўзбекистон Республикаси билан кенг кўламли савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.Бугунги кунда Россия Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий шерикларидандир. 2016 йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми 4,2 миллиард АҚШ долларидан зиёдни ташкил этган. Товар айирбошлаш ҳажмини янада кўпайтириш мақсадида Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини "яшил йўлак" орқали россиялик истеъмолчиларга етказишни ташкил этишга доир келишувлар имзоланган. Жорий йилда Россия бозорига 1 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавотлар, шунингдек, уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган кенг турдаги маҳсулотлар етказиб бериш мўлжалланган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Россия капитали иштирокида ташкил этилган 960дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, Россиянинг 64та етакчи компанияси ваколатхоналари аккредитациядан ўтган.Нефть-газ соҳаси билан бир қаторда машинасозлик, металлургия, тўқимачилик саноати, фармацевтика, замонавий тиббий ускуналар ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш соҳаларида ҳам янги инвестициявий лойиҳалар тайёрланмоқда ва амалга оширилмоқда. Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида янги дастур ва битимлар ишлаб чиқилмоқда.
Жорий йилнинг 22 февраль куни Тошкентдаги «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида Швециянинг йирик компаниялари иштирокида ўзбек-швед бизнес форуми ва кооперацион биржаси бўлиб ўтади.
Ўзбекистон савдо-саноат палатасининг Ахборот хизмати Кун.ўз сайтининг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан Business Sweden номли Швециянинг савдо ва инвестицион кенгаши билан ҳамкорликда Швециянинг Ўзбекистондаги элчиси (қароргоҳи Стокгольмда) Ингрид Терсман бошчилигида швед ишбилармонларининг Ўзбекистонга ташрифи ташкиллаштирилмоқда.
Делегация таркибига тоғ-кон саноати, энергетика ва телекоммуникация соҳалари, шунингдек, транспорт ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича иш юритадиган Швециянинг йирик компаниялари вакиллари киритилган.
Ўзбекистон ва Қозоғистон мутахассислари аҳолини Угам дарёсидан тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича йирик кўламли лойиҳа масалаларини муҳокама қилишди, деб маълум қилди Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими матбуот хизмати.
Кун.ўз сайтига кўра, Угам дарёси трансчегаравий ҳудудда жойлашган. Агар икки томон келиша олса, Қозоғистоннинг Сариёғоч, Қазиғурт, Мақтаарал, Шардара туманларида 2020-2030 йилларда бир миллионга яқин кишини тоза сув ичимлиги билан таъминлаш бўйича мега-лойиҳа амалга оширилади.
16 февралда Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими Жонсеит Туймебаев Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги оқар сув масалалари бўйича давлатлараро ишчи гуруҳи вакиллари билан учрашди. Бу гуруҳ Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари ўртасидаги келишувга кўра яратилган.
"Бизда биргаликда ҳал қилиниши керак бўлган кўплаб масалалар бор. Мен аминманки, сув захиралари, оқар ва тоза ичимлик сувини ўзлаштириш бўйича масалалар ўзининг ижобий ечимини топади", деб айтди Жонсеит Туймебаев.
"Оқар сувларни ўзлаштириш ҳамда тошқинлар вақтидаги қийинчиликлар иккала томон учун умумий муаммо ҳисобланади. Шунинг учун бу масалаларни ҳал қилиш учун барча имкониятлардан фойдаланиш керак. Бу учрашув алоҳида аҳамиятга эга. Ишонаманки, давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар халқларимиз манфаати йўлида янада ривожланиб ва чуқурлашиб боради. Шу муносабат билан мен меҳмондўстлигингиз учун самимий миннатдорчилик билдираман", деб айтган Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари Шавкат Ҳамроев.
Музокаралар давомида томонлар "Дўстиқ", "Зах" ва "Хоним" каналлари сувларини сув ҳажмига мутаносиб равишда тақсимлашга келишиб олдилар.
Ўзбекистон Бош прокуратураси шу йилнинг февраль ойи бошида мамлакатнинг собиқ президенти Ислом Каримовнинг қайинжияни Акбарали Абдуллаевни экстрадиция этишни сўраб, Украина Бош прокуратурасига талабнома жўнатган, дея хабар беради “Озодлик”.
Фарғона.ру сайтига кўра, Абдуллаев 14 январь куни Киев аэропортида қўлга олинган. Унинг ёнидан Доминикан Республикаси ва Ўзбекистон паспортлари чиққан. Унинг ҳужжатлари текширилаётганда Интерпол базаси Абдуллаев 91 млн доллардан зиёд маблағни қонунга хилоф тарзда ўзлаштиргани, 200 млн доллар ва 271 602 евро миқдорида хорижий валютани яширгани, жиноий йўл билан топилган 77.4 млн швейцар франки ва 200 минг латвия латлари миқдоридаги маблағни легаллаштиргани ҳамда хизмат мавқеини суистеъмол қилгани учун халқаро қидирувда эканлиги ҳақида сигнал берган. Уни 19 январь куни 40 кун муддатга ҳибсга олишган.
2013 йилда Акбарали Абдуллаев Ўзбекистонда ҳибсга олингани тўғрисида маълумот пайдо бўлди: унга қарши Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167 (“Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш”), 184 (“Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш”) ва 210 (“пора олиш”) моддалари бўйича айблов қўйилганди.
Қадрли тингловчилар, “Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.