Биз билан Эронга келинг
Сиистон иқлими
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.
"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу дастур орқали Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз.Сўҳбатларимизни тинглаб боринг.
Азизлар, Сиистон-Балучистон вилояти бўйлаб сайёҳат қилишда давом этамиз.
Сиистон Эроннинг қадимий ва афсонавий масканларидан ва муҳим бўлган минтақаларидан ҳисобланади ҳамда узоқ ва бой тарихга эгадир. Тарих давомида унда кўп ва турли воқеалар юз берган. Бошқа қадимий халқлар сингари ўтмишдан бошлаб Сиистон юрти ва унинг ботир халқи ҳақида ҳам кўплаб қизиқарли афсона ва ривоятлар мавжуд.
Сиистонликлар эътиқодли, меҳрубон, мард, рост сўзловчи, қўрқмас ва пок фикрли бўлиб, оддий ва тоза ҳаётга одатланишган. Меҳмоннавозликда ҳам улар шуҳрат топишган ва улар учун меҳмон хайру баракат манбаси ҳисобланади.
Бунга илова, сиистонликлар хоксор ва камтарин бир халқ бўлиб, кекса одамларни ҳамда ота-онани ҳурмат қилиш улар учун жуда муҳим ҳисобланади. Айрим донишмандларнинг ақидаларига кўра, ҳақиқий бўлган сиистонликлар орийлар нажодидан бўлган асил эронликлар ҳисобланишади. Сиистон халқи оила қуриш мавзусига ҳам катта эътибор қаратишади ва никоҳ маросимлари хос тарзда ўтади. Сиистон аёллари эркаклар билан турли соҳаларда ҳамқадам бўлиб, фаолият кўрсатишади. Аёллар уй ишлари ва фарзанд тарбияси билан шуғулланиш билан биргаликда, ишлаб чиқариш соҳаси, қишлоқ хўжалик ишлари ва чорвачиликда жуда фаол меҳнат қилишади.
Сиистон минтақаси унумли ва ҳосилдор ерларга эгадир ва уни Нил дарасига ўхшатиш мумкин. Мазкур минтақа бир вақтлар Эрон ва Осиёнинг ғалла анбори бўлган. Ахамонийлар даврида ушбу минтақа ерларидан олинадиган ҳосилларнинг даражаси жуда юқори бўлган. Юнонлик тарихчи Ҳеродотнинг ёзишича, Сиистон томонидан Ахамонийлар шоҳларига катта маблағ ва бож тўланган.
Афсуски, замон ўтиши билан ва Эрон шоҳларининг лаёқатсизликлари боис мазкур минтақа турғунлик билан юзмаюз бўлади. Албатта, Эронда Исломий Инқилоб ғалабасидан кейин Сиистон минтақасининг вазиятини яхшилаш учун қатор сайъ-ҳаракатлар амалга оширилади.
Бугунги кунда Сиистон қишлоқ хўжаликларининг асосий маҳсулотларини буғдой, арпа, дукакли маҳсулотлар, кўкат ва бошқа деҳқончилик маҳсулотлари ташкил этишади. Чорвачилик соҳаси ҳам Сиистон минтақасида кенг тарқалган
ва унинг иқтисодий аҳамияти қишлоқ хўжалик соҳаси билан тенгдир. Умумий тарзда Сиистонда чорвачиликнининг икки хил фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу фаолиятлардан бири қора молларга ихтисослаштирилган ва Ҳомун кўли атрофида фақат кузатилади.Чорвачиликнинг қолган соҳаси маъмулий тарзда Сиистон ичкарисида йўлга қўйилган ва деҳқончиликнинг бошқа соҳалари билан уйғунлашган. Шу сабабдан Сиистонда сут маҳсулотлари ҳам кенг кўламда ишлаб чиқарилади.
Айтиш лозимки, халқ ҳунармандчилик санъатининг турли навларини ҳам Сиистонда кузатиш мумкин. Ҳасир (бўрё) тўқиш, қолин тўқиш, бошқа гиламларни тайёрлаш ва каштачилик шулар жумласидандир. Албатта, Сиистоннинг айрим қишлоқларида фақат ҳасир тўқиш йўлга қўйилган ва ушбу бўрёлар найқамишдан тайёрланади. Тайёр бўлган бўрёларни Зобул шаҳридаги бозорда сотишади. Ушбу бўрёлар турли мақсадларда ишлатилади. Масалан, ҳаракатда бўладиган қумларнинг олдини олиш учун ҳам улардан фойдаланиш мумкин.
Қолин тўқиш ҳунармандчилиги ҳам мазкур минтақада кенг тарқалган. Ушбу қолинларда солинган нақшлар балучи ва туркман нақшларидан олинган.
Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг.Эшиттиришимиз давом этади.
Бугунги кунларда мазкур минтақада тўқиладиган гиламлар ўзига хос нақшлари, ранглар уйғунлиги, сифат ва зарифлик жиҳатидан Эроннинг энг яхши гиламлари билан рақобатлаша олади.
Қайд этиш лозимки, Сиистон ва Балучистон вилоятининг турли нуқталарида фарқ этувчи иқлимни кузатиш мумкин. Об-ҳавонинг хилма-хиллиги боис минтақада жозибали табиий манзаралар ҳам мавжуд.Ушбу вилоятнинг шимолида ва Сиистон минтақасида жойлашган Ҳомун кўли ов қилувчилар диққатини доимо ўзига жалб этиб келади. Ушбу кўл ўртасида жойлашган Хожа тоғи этаклари ҳам табиий гўзаликлари билан кўрувчини мафтун этади. Айниқса, минтақанинг найқамишдан ясалган махсус қайиқчаларда Ҳомун кўлида сузиш ҳам ўзига хос ҳаловатга эгадир.
“Куйган шаҳар” харобалари, “Ғуломон даҳанаси”, “Сом” қалъаси ҳамда Хожа тоғида мавжуд беназир тарихий обидалар Сиистоннинг кўришга сазовор бошқа маконларидан ҳисобланади.
Сиистон минтақасида мавжуд тарихий ёдгорликлар билан сизни кейинги эшиттиришимизда кўпроқ таништиришга ҳаракат қиламиз.
Қадрли тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.