август 06, 2017 14:36 Asia/Tashkent

Ўзбекистонга оид янгиликлар

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнидаги туркум эшиттиришнинг янги сони  эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз. Бизни тинглаб боринг.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  1. Шавкат Мирзиёев прокурорларни кескин танқид қилди;
  2. Ўзбекистон дунёнинг энг хавфсиз мамлакатлари рўйхатида иккинчи ўринда жойлашди;
  3. Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга 500 миллион доллар кредит ажратди;
  4. Комилов БМТ Резидент-координатори, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили билан учрашди.

Энди  ушбу   мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган ойда Тошкент вилоятига сафари якунида ўтказилган йиғилишда прокуратура органи ходимларини қаттиқ танқид қилган. Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти прокурори Жамшид Файзиевга танбеҳ бериб, унга вазиятни ўнглаш учун 10 кун муҳлат берган. Президент прокурорларни ёқтирмаслигини таъкидлар экан, улар «энг катта ўғрилиги», «бошқаларни ўғриликка» даъват этишини айтади.

«Дунёқарашингни ўзгартирмасанг, кеч бўлади. Сенга ўн кун муҳлат, қадамларинг барибир ёқмаяпти. Битта ўзинг қолдинг, ҳаммани ишдан олдим. Мен ўзи прокурор деганни, кечирасизлару, жудаям ёмон кўраман. Буни очиқча айтаяпман. Туман ҳокими, вилоят ҳокими бўлиб ишлаганимда кўрганман. Бу ноинсофлар прокурорча бўлиб, юриши ўзгариб қолишини, одамни менсимай қўйишини жуда яхши биламан. Жуда яхши биламан. Ўзи биринчи ўғри улар. Яна ҳаммани ўғриликка даъват қилади. Энг катта ўғри улар.

Биз янги бош прокурор қўйганмиз. 80 фоиз одамни ўзгартирдик. Аввалги бош прокурордан қолган ўғри тизимдан қолганларнинг асосий қисмини ишдан олдик. 15-20 фоизи юрибди. Файзиев ҳам шулардан. Барибир охиригача ўзгартирамиз. Ёки прокурор ҳалол ишлайди, ёки прокуратурани бутунлай йўқ қиламиз. Одамларнинг бошига бало бу прокурорлар. Ҳалол ишламаса, кетади ҳаммаси.

Ҳамма аравани бирдек тортиши керак. Одамларни рози қилиш керак. Прокурор қачон яхши яшайди? Халқ яхши яшаса! Лекин буларнинг уйларини қаранглар! Машиналарини қаранглар! Нима, улар атом реактори яратганмиди? Бир-иккитаси фамилиясини тўғри ёза олмайди. Лекин прокурор бўволади, таниш-билиш билан, кейин ғўддаяди. Шунинг учун ёмон кўраман уларни. Булар издан чиқиб кетган ЭДИ. Мана энди ҳалол ишлашга ҳаракат қилаётган одамлар билан ишлаяпмиз. Уларга шароитлар яратиб бераяпмиз», деган президент.

Президент ўзидан кетиб қолган прокурорларнинг жойи қамоқда эканини эслатиб ўтган.

Ўзбекистон Gallup институти томонидан ўтказилган ижтимоий сўров натижасида дунёнинг 135 мамлакати орасида Қонун устуворлиги ва тартиб индекси бўйича иккинчи ўринга муносиб кўрилди. 100 баллик тизимда энг юқори ўрин Осиёнинг яна бир мамлакати Сингапурга тақдим этилди. У фуқароларнинг маҳаллий полицияга ишончи, шахсий хавфсизлик ҳисси, ўтган йиллардаги ўғирликлар сони ҳамда тажовуз ва босқинчилик қилиш ҳолатлари бўйича 97 баллик натижани кўрсатган. Ўзбекистон 95 балл билан иккинчи ўриндан жой олган. 

Айтиш жоизки, Сингапур 2013 йилдан бери ушбу рейтингда биринчиликни қўлдан бергани йўқ. 

Қурилишларни молиялаштириш Ўзбекистондаги Ипотека, Миллий ва Қишлоқ қурилиш банклари ҳамда "Қишлоқ қурилиш инвест" давлат инжиниринг компанияси орқали амалга оширилади

Осиё тараққиёт банки директорлар кенгаши қишлоқларда уй-жой қуриш учун Ўзбекистонга 500 млн. доллар кредит бериш тўғрисида қарор қабул қилди.

Маълумотда айтилишича, қурилишларни молиялаштириш Ўзбекистондаги Ипотека, Миллий ва Қишлоқ қурилиш банклари ҳамда "Қишлоқ қурилиш инвест" давлат инжиниринг компанияси орқали амалга оширилади.

Лойиҳага кўра, 5 йил давомида 9 та вилоят ҳудудидаги қишлоқларда 29 мингта турар - жой бинолари барпо этилади. Осиё тараққиёт банки 2011 йилнинг август ойида ҳам қишлоқларда уйлар қуриш учун 500 миллион доллар кредит берган эди.

Бунинг ортидан 2015 йилгача қишлоқларда 41,5 мингта уй-жой қурилгани расман маълум қилинган. Тошкент расмийларининг билдиришича, Ўзбекистонда 2009-2016 йиллар давомида қишлоқларда 69 минг 557 та мингта уй қурилган.

2017 йилнинг 3 август куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов БМТ Резидент-координатори, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги Доимий вакили этиб тайинланган Ҳелен Фрейзерни қабул қилди. Ҳелен Фрейзер ўзининг Ўзбекистонга тайинлангани тўғрисидаги БМТ Бош котиби Антониу Гуттерришнинг мактубини Вазирга топширди. Мулоқот давомида икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.Қайд этилганидек, БМТ Бош котиби Антониу Гуттерриш ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга ташрифлари ҳамда уларнинг Президент Шавкат Мирзиёев билан самарали музокаралари БМТнинг Ўзбекистонга ва бутун Марказий Осиё минтақасига эътибори кучайганидан далолат беради. Ҳозирги пайтда Ўзбекистон ва БМТни турли соҳалардаги унумли ҳамкорлик боғлаб турибди. Таъкидланганидек, асосий тамойил – инсон манфаатларининг ҳамма нарсадан устунлиги мамлакатимизда қабул қилинган 2017-2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва БМТ Бош Ассамблеяси томонидан тасдиқланган 2016-2030-йилларда Барқарор ривожлантириш мақсадларини бирлаштиради. БМТ Ваколатхонасининг янги тайинланган раҳбарига 2017-2020-йилларда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича Дастур (“Йўл харитаси”) лойиҳаси кўриб чиқиш учун тақдим этилди ҳамда унинг асосий бандлари бўйича тушунтириш берилди. Учрашувда айрим глобал ва минтақавий масалалар, жумладан БМТ шафелигида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган халқаро конференция кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.

Азизлар, “Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни  остидаги ҳафталик эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳояига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Саломат бўлинг.