август 30, 2017 12:32 Asia/Tashkent

Форобий ва мусиқа

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Дунёнинг фахри  бўлган эронлик  буюк шахсиятлар” рукни остидаги  туркум эшитиришнинг янги сони яна  эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган  буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз.  Бизни тинглаб боринг.

Буюк алломалар кенг дунёқараш, кўпқиррали илмга эга бўлишлари билан бир қаторда ҳунарга, касбга ҳам меҳр қўйган инсонлар сифатида тарихдан жой олганлар. Форобий ҳам ўз навбатида назарий жиҳатдан мусиқашунос, амалий жиҳатдан таниқли бастакор, халқ учун яқин ва қадрдон сиймо сифатида ном чиқарган устозлардан бўлган. У ўзининг «Мусиқа ҳақида сўз» асарида мусиқа тарихи, назарияси, мусиқа асбоблари, бастакорлик ва ижрочилик санъати бўйича ўз даври учун мукаммал маълумотлар бера олган. Кўпчилик европалик арабшунос олимларнинг таъкидлашларига қараганда, Форобийнинг мусиқа ҳақидаги фикр ва мулоҳазалари, асарлари, унга қадар мусиқа ҳақида яратилган асарлардан нафақат ўзининг устунлиги, балки оригиналлиги, ноёблиги ва янги назариялар билан тўлдирилганлиги сабабли, бутун Шарқ ва Европа мусиқа тараққиётига қўшилган улкан улушдир.

Форобий мусиқани, инсонда юксак ахлоқ намуналарини шакллантирувчи, унда эстетик дид ва гўзаллик туйғуларини уйғотувчи ва ҳатто инсон сиҳат-саломатлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатувчи восита деб таърифлаганлиги бизга маълум. Аллома мусиқа асбобларини шахсан ўзи ясар ва уларни кўча-кўйларда, бозорларда, одамлар тўпланиб, гурунглашиб ўтирган вақтларида чалиб, уларда завқ-шавқ, ҳис-туйғуларни уйғотиб, кайфиятларини кўтарар эди. Унинг мусиқага бўлган муҳаббати, ижрочилик маҳорати шу даражада оммабоп, халқ ҳаётига яқин эдики, у турли ривоятларнинг тўқилишига сабаб бўлган.

Ривоят қилишларича, дарвешона кийинган Форобий Ҳалаб шаҳрининг кўчаларида мусиқа чалиб юрганлиги ҳақида шаҳар ҳукмдорига кимдир хабар етказади. Шаҳар ҳукмдори бу дарвешни ҳузурига келтиришларини буюради. Чопарлар Форобийни ҳукмдор ҳузурига етаклаб келганларида, шаҳар ҳукмдори ўз яқинлари билан кайфу сафо қилиб ўтирган бўлади.
Ҳукмдор келтирилган дарвешга қараб:
— Айтишларига қараганда сен мусиқа асбобларини жуда яхши чалар эмишсан, шу тўғрими? — деб сўрайди.
— Демак, улар адашмаганлар, — деб жавоб беради Форобий.
— Ундай бўлса, — дейди ҳукмдор, — сен шундай мусиқа чалгинки, биз ўтирганлар хохолаб кулиб юборайлик, таналаримиз ҳам ларзага келсин.
— Хўп бўлади, — деб Форобий ичак узди мусиқа чалиб, ҳаммани кулдиради.
— Энди, — дейди ҳукмдор, ўзини кулгидан зўрға тўхтатиб, — сен бизларни йиғлатиб юборадиган мусиқа чалиб бер.
— Буйруғингиз мен учун вожиб, — деб Форобий шундай мунгли мусиқа чаладики, ўтирганларнинг барчаси йиғлашга тушади. Йиғидан ўзини зўрға тўхтата олган ҳукмдор, кўзларини артиб, яна дарвешга юзланиб дейди:
— Офарин. Энди қўлингдан келса, мусиқа чалиб, бизларни ухлатгил, бироз дам олиб, ўзимизга келиб олайлик. Шунда Форобий бошқа бир мўъжазгина мусиқа асбобини қўлига олиб, шундай майин, нафис товушда мусиқа чаладики, ўтирганларнинг барчаси уйқуга кетганидан фойдаланиб, бир варақ қоғозга қуйидагиларни ёзиб, саройдан чиқиб кетади: «Сизларни кулдириб, йиғлатиб, кейин ухлатиб, мусиқа чалган дарвеш аслида Форобий эди».
Уйқудан чўчиб уйғонган ҳукмдор варақдаги ёзувга кўзи тушиб, мусиқа чалган дарвешни топиб, зудлик билан уни яна саройга келтиришларини буюради. Чопарлар қанчалик қидирмасинлар, дарвешни топишнинг иложи бўлмайди. Чунки бу вақтда Форобий шаҳардан чиқиб кетишга улгурган эди.

Абу Наср Форобий ҳақида ривоятлар талайгина. Бу, ўз навбатида, буюк алломанинг нақадар оддий, камтарин инсон бўлганлигидан ҳамда унинг доимо халқ ичида камтарона ҳаёт кечирганлигидан далолат беради.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар”  рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса  uzbek@ ParsToday.com.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Абу Наср Форобий Ўрта Осиёдан етишиб чиққан буюк фан арбобларидан саналади. Ўрта аср фан ва маданиятига улкан ҳисса қўшган бу олим илм- маърифатнинг кўп соҳаларини эгаллаган ва ўзидан кейин салмоқли мерос қолдирган. Форобий риёзиёт ва фалакиёт, табобат ва мусиқа, мантиқ ва фалсафа, тилшунослик ва адабиёт соҳаларида қалам тебратган, бу соҳаларнинг ҳар бирида ажойиб асарлар яратган.

«Форобий фикрича, фанлар ва умуман билим борлиқдан келиб чиқиб, инсоннинг уларга бўлган эҳтиёжининг ўсиб бориши ва борлиқни узоқ вақт ўрганиши жараёнида муттасил ва изчил тўпланиб боради. Форобий системасида турли илмлар бир-бирини инкор ва истисно этмайди, балки ўзаро бир-бири билан боғлиқ ва дунёни билишга ҳамда бахт-саодатга эришишга хизмат қилувчи ягона ҳалқани ташкил  этади» 

Форобий дунёқарашида ижтимоий-сиёсий ва ахлоқий фикрлар ҳам муҳим ўринни эгаллайди. Алломанинг «Бахт-саодатга эришув ҳақида», «Фозил шаҳар аҳолисининг фикрлари», «Бахт-саодатга эришув йўллари ҳақида рисола», «Буюк кишиларнинг нақллари», «Мусиқа ҳақида катта китоб», «Фуқаролик сиёсати» ва бошқа асарлари жамият ва уни бошқариш, ахлоқ-одоб ва таълим-тарбия масалаларига бағишланган.

Форобий Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари файласуфлари орасида биринчи бўлиб бошқа жамиятнинг келиб чиқиши, унинг мақсад ва вазифалари ҳақидаги таълимотни ишлаб чиқди. Ўрта аср шароитида жамият табиий равишда келиб чиққанлигини, инсон фақат бошқалар ёрдамида ҳаёт қийинчиликларига қарши кураша олиши мумкинлигини асослаб берди. «Ҳар бир инсон, – дейди Форобий, – ўз табиати билан шундай тузилганки, у яшаш ва олий даражадаги етукликка эришмоқ учун кўп нарcaлapra муҳтож бўлади, у бир ўзи бундай нарсаларни қўлга кирита олмайди, уларга эга бўлиш учун инсонлар жамоасига эҳтиёж туғилади. Бундай жамоа аъзоларининг фаолияти бир бутун ҳолда уларнинг ҳар бирига яшаш. ва етукликка эришув учун зарур бўлган нарсаларни етказиб беради. Шунинг учун инсонлар кўпайдилар ва ернинг аҳоли яшайдитан қисмига ўрнашдилар, натижада инсон жамоаси вужудга келди». Шаҳарлар, унинг фикрича, инсонларнинг жамоа бўлиб уюшишининг олий шакли бўлиб, унда инсоний баркамол бўлиб етишиши учун зарурий шароитлар бўлади. Форобий инсонлар табиий эҳтиёж натижасида ўзаро бирлашиб, жамоани ташкил қилганлигини алоҳида таъкидлайди.

Форобийнинг эътиборга сазовор фикрларидан бири жамият тараққиётида географик муҳитнинг ўрни масаласидир. Унинг ўйлашича, кишиларнинг муайян ҳудудда яшаши уларнинг турмуш тарзи, урф-одатлари, ахлоқи, хулқ-одобига таъсир кўрсатади, жамоага бирлашувига ёрдам беради. У мукаммал жамият тўғрисидаги таълимотида одамларни тўртта гуруҳларга ажратади. Бунда у инсонларни қайси динга эътиқод қилишига, ирқига қараб эмас, балки ақлий қобилияти, билими, илм-фанга қизиқишини инобатга олади. 

Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.