Биз билан Эронга келинг
Караж тумани
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.
"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу дастур орқали Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз. Суҳбатларимизни тинглаб боринг.
Ўтган эшиттиришимизда сиз билан Албурз вилояти бўйлаб сайр қилишни бошлаган эдик. Масоҳати 5833 километр квадратни ташкил этадиган бу вилоят Эрон парламенти аъзоларининг қарори билан шамсий 1389, милодий ҳисоб билан 2010 йилда ташкил этилди. Вилоятнинг маркази Караж шаҳридир. Вилоятнинг маркази Караж шаҳридан Теҳрон шаҳрининг шимоли-ғарбигача бўлган масофа 53 километрни ташкил этади. Эрон вилоятларининг марказлари орасида Караж шаҳри мамлакат пойтахти Теҳронга энг яқин шаҳар ҳисобланади.
Караж тумани Марказий Албурзнинг жанубий қисми ва Дашти Кавирнинг ғарбий қисмида жойлашган. Иқлим жиҳатидан Караж тумани марказий платонинг иссиқ ва қуруқ об-ҳавосига эгадир. Айрим жойларида эса рутубатли ҳавони кузатиш мумкин. Тоғ ва унинг этакларида яқин жойлашган Караж туманининг минтақаларида ҳам турли иқлимларни кузатиш мумкин. Мазкур туманда мавжуд тоғларнинг баландиги 1200 метрдан 1400 метргача етади.
Мазкур тоғли минтақанинг шарқида Ҳисор ва Билқон ҳамда унинг шимоли қисмида Бижакуҳ, Сиёҳкалон, Оташгоҳ ва Варзон тоғлари мавжуддир. Ушбу тоғлар денгиз сатҳидан 1140 метрдан 2230 метргача бўлган баландликда жойлашган. Караж шаҳри аҳолисининг аксарияти мазкур минтақаларга яқин бўлган жойларда яшашади.
Караж дарёси Албурз тоғининг жанубий қисмидан ва Теҳрондан қирқ километрлик узоқликда жойлашган Харсангкўҳдан сарчашма олади. Ушбу дарёнинг узунлиги 220 километрни ташкил этади. Караж дарёси устида Чолус йўли ёнида Амир Кабир номли йирик тўғон қурилган. Бу дарёнинг суви орқали Теҳрон шаҳри ичимлик суви билан таъминланади ва 75 минг гектардан кўпроқ экинли ерлар ҳам Караж дарёсининг сувлари билан суғорилади. Мазкур дарё атрофи ва тўғон яқинида сайёҳат қилиш учун гўзал табиий манзаралари мавжуд.
Мазкур туманда буғдой, арпа, дуккакли маҳсулотлар, кўкатлар ва бошқа полиз маҳсулотлари ҳамда пахта, қанд лавлавуси ва емиш бўладиган ўтлар экилади. Караж туманида барча экинлар сувли бўлиб, боғдорчиликка ҳам катта эътибор қаратилган. Мазкур туман Эрон вилоятларини ўзаро боғловчи муҳим йўлларнинг ёнида жойлашгани боис ҳам катта иқтисодий аҳамият касб этади.
Теҳрон –Қазвин магистрали ушбу туманни нафақат Табриз билан, балки Эрон ғарби ва шарқини ҳам ўзаро боғловчи йўл сифатида муҳим рол ўйнайди. Теҳрон темир йўли мазкур минтақадан ўтади. Туманнинг маркази Караж шаҳри бошқа қишлоқ ва шаҳарлар ўртасида бўладиган барча савдо-иқтисодий алоқаларнинг маркази ҳисобланади.
Караж туманининг қадимги тарихи борасида маълумот берувчи ёзма манбалар эса кўп эмас. Караж минтақаси узоқ тарих давомида шимол томондан Каспий денгизи, ғарб томондан Қазвин ва шарқ томондан Рай шаҳри билан қўшни бўлгани боис кўплаб ўзгариш ва ҳодисаларни ўзида тажриба қилган. Ушбу ҳодиса ва воқеалар Караж минтақаси ва унинг аҳолиси учун ўз таъсирига эга бўлган.
Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган ярим соатлик тонги дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг.Эшиттиришимиз давом этади.
Албурз тоғининг этаклари узоқ вақтлардан бери қулай иқлим ва сувдан тўла дарёларга эга бўлгани боис турли қавм ва гуруҳларнинг яшаш жойи бўлган. Тарихий манбаларда зикр этилишича, Караж минтақаси Исломдан олдинги даврларда ҳам одамлар яшовчи муҳим маскан бўлган. Караж шаҳрининг четидаги Оқтепа ва Мардобод каби тепаларда жойлашган қадимий Шоҳдиж, Духтар, Калок, Сангкасилга ўхшаган қалъа ва ибодатхоналар ҳамда Караж-Чолус йўли яқинидаги қалъалар, Караж жанубидаги Тахти Рустам, Тахти Кайковус каби тахтгоҳлар қолдиқлари ва бошқа қадимий ёдгорликлар бу айтган сўзларга далолат беради.
Ҳижрий-қамарийнинг саккизинчи асрида етук тарихчи ва географ Ҳамдуллоҳ Муставфий Каражни Толиқон вилоятига тегишли эканини баён қилган ва Ажам Ироқида оқувчи дарёлар, жумладан Кўҳруд бобида маълумот берган. Ушбу дарёнинг тасвир ва тавсифи Караж дарёсини эслатади.
Тарихий манбаларга мувофиқ , Рай шаҳрига борувчи карвонларнинг ҳаракатлари мўғуллар ҳужумларидан олдин Сагзобод йўли ва Шаҳриёр минтақаси ёнидан ўтган. Мазкур йўллар ёнларида қурилган карвонсаройлар, кўприклар ва қалъалардан сақланиб қолган айрим вайроналар ва қолдиқлар ушбу мавзуни исботлайди.
Азиз тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.