Такфирий жараёнлар
Ваҳҳобийлик фирқасининг жиноятлари
Аллоҳ таоло номи билан
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони билан хизматингиздамиз. Бизни тинглаб боринг.
Таъкидлаб ўтганимиздек, бир қатор мазҳаб ва оқимлар таълимотида киши Аллоҳга имон келтириши билан мусулмонлар қаторига ўтиши таъкидланган. Ҳанбалий мазҳабида эса эътиқодни амалда тасдиқлаши талаб қилинади. Худди шу хусусиятлар кейинчалик «салафий»ларнинг турли юрт мусулмонларининг кўпчилиги устидан турли хил ибораларни ишлатишларига сабаб бўлди. Шу билан биргаликда ўзларини салафийлар, яъни салафи солиҳлар йўлидан борувчилар деб атайдиган ваҳҳобийлар юртимизда асрлар давомида шаклланган анъанавий-диний таълимотларга қарши чиқиб уларни «ширк», «бидъат», «куфр»да айблашди. Жумладан ваҳҳобийлар тавассул, тасаввуф тариқатлари, мавлуди шарифни нишонлаш, ўтганлар руҳига Қуръон тиловати савобининг етиши, қабрларни зиёрат қилиш ёки уларнинг устига белги – қабртош қўйиш кабилар бўйича қарашлари мусулмонлар ўртасида ихтилофлар келтириб чиқаришга сабаб бўлмоқда.
Минг афсуским, ваҳҳобизм фирқаси ва бу оқимнинг ичида юзага келган АЛ-ҚОИДА, ИШИД, АН-НУСРА, БОКО-ҲАРОМ ва ҳоказолар каби реакцион ва экстремист гуруҳлар бугун ҳам ёшлар онгини заҳарлашга ва тинч аҳолининг тинчини бузишга уринишяпти.
Бу бузғунчи фирқанинг издошлари бўлмиш ваҳҳобийлар ҳақиқий ислом динига қайтиш ниқоби остида қанча-қанча бегуноҳ мусулмонларни «мушрик» ва «кофир»га чиқариб, уларнинг қонларини ноҳақ тўкишди ва ҳозирги кунда ҳам тўкмоқдалар. Ҳолбуки, Қуръони Каримнинг нуроний оятлари ва ислом динининг қимматли таълимотлари мусулмонларни ҳамжиҳатликка, бирдамликка, якдилликка ва дўстликка чорлайди.
Бироқ Оли Сауд ҳукумати турли воситалар ёрдамида ваҳҳобийлик фирқасини Ислом дунёсининг турли минтақаларига ёйиш учун ҳаракат қилмоқда.
Оли Сауд тузуми ўзининг мақсадини амалга ошириш учун, нефтдан келадиган даромадларидан ва АҚШ билан Ғарбнинг ҳомийликларидан фойдаланмоқда ва деярли АҚШ ва Ғарбнинг тузган режаси асосида Оли Сауд ҳукумати тарғиботчиларни тайёрлаб, уларни турли мамлакатларга юбориш билан ваҳҳобийликнинг бузғунчи ва асоссиз ақидаларини ёйишга уринмоқда. Ушбу йўлда Арабистон халқининг миллий сармояси бўлмиш нефт даромадлари ҳисобидан Оли Сауд ҳукумати ақл ва мантиққа зид бўлган салафийлик ақидаларига тааллуқли китобларни нашр этиб, ҳаж амалларини бажаришга келган ҳожиларга ушбу китобларни бепул тарқатиш билан ваҳҳобизм ғояларини турли малакатларига ёймоқда.
Бошқа томондан эса яқин кунларгача телефон ва телевидениега ўхшаган янги саноат ва технология воситаларини ҳаром билиб келган реакцион ваҳҳобийлар ўзларининг чалғитувчи ва хато ғояларини ёйиш учун замонавий технологиялар, жумладан сунъий йўлдош орқали эфирга узатиладиган каналлар ва интернетдан кенг фойдаланмоқдалар. Катта пул сарфланиб олиб борилаётган ушбу тарғибот ишлар саноқли кишиларни адаштириб ваҳобийлик тузоғига илинтирган бўлиши мумкин. Аммо кўпчилик мутахассислар ва диншунос олимларнинг фикларига кўра, ваҳҳобийлик оқими аста-секинлик билан таназзулга юз тутмоқда ва фитна-фасод қўзғовчи бу фирқанинг умри тугаган.
Ваҳҳобийлар дастлаб Муҳаммад бин Абдулваҳҳобнинг раҳбарлиги остида ва Ол Сауд ҳокимиятининг ҳарбий ҳамкорлигида «ширк ва бидъат» туҳмати билан жуда кўп мусулмонларнинг қонларини тўкдилар. Радикал ва ҳаддидан ошмоқ даражасидаги шафқатсизлик ва мантиқсизлик салафийларнинг асосий хусусиятларидан ҳисобланади. Бугунги кунда ҳам радикал ваҳҳобийлар аҳли суннат ва шиаларнинг уламоларини «кофир» эълон қилиб, уларни «жоҳил» ҳамда «мушрик» унвонлари билан атайдилар. Бундай мутаасиблар бошқаларнинг дунё қарашларини назар-писанд қилмай, ўз мухолифлари келтирадиган далилларни қабул этмайдилар. Чунки, бундай кимсалар ўзларига бино қўйиб, бошқалар билан ҳисоблашмайдилар. Мўъминлар амири Али (а) ўз хутбаларида таассубни шайтонга хос сифат, деб атаганлар ва бу хусусида шундай буюрганлар:
«Аллоҳнинг душмани бўлмиш Иблис, мутаасиблар пешвоси ҳамда золимлар саркардасидир.» (Наҳжул-балоға, 192-хутба)
Мавзуни таҳлилчи Фахриддин Умаров давом эттиради.
Таҳлилчи Фахриддин Умаровнинг суҳбати эди.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда "Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com / uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.
Кескин кайфиятдаги радикал ваҳҳобийлар ўзларининг хато ва асоссиз ақидаларини мантиқ ва далиллар ёрдамида ҳимоялай олмасликлари сабабли, Ислом уламоларини ёмон сўзлар билан таҳқир қиладилар. Дарвоқе, Ибн Таймия ва Муҳаммад бин Абдулваҳҳоб ақидаларининг ҳосили бўлмиш ваҳҳобийликнинг ақидавий моҳияти ақл-идрок ва мантиққа асосланмаган. Шунинг учун, ваҳҳобий уламолари билан Ислом уламолари ўртасида бўлиб ўтадиган мунозараларда ваҳҳобийлар келтирадиган далиллар мантиқий асосга эга эмаслигини очиқ-ойдин кўриш мумкин. Шу боис, ваҳҳобийлар ҳақорат сўзлар ёрдамида ўзларида мавжуд бўлган ушбу ожизликнинг устини ёпишга ҳаракат қиладилар. Ислом мантиқ ва таффакур дини бўлишига қарамай, ваҳҳобийларнинг кўр-кўрона, фанатизм ва таассубга асосланган ақидалари яққол кўзга ташланади. Аллоҳнинг башарият ҳидояти учун йўллаган азиз Ислом дини ва севикли пайғамбаримизнинг арзирли йўл-йўриқлари мусулмонларнинг ваҳдати (бирдамлиги)га қаратилган, уларни камситиш ва ҳурматсизлик қилишга эмас. Аммо ваҳҳобийларнинг тутган йўли эса ўзларидан бошқаларни «кофир» ва «мушрик»ка чиқариб, мусулмонларнинг қонини ноҳақ тўкиб, улар орасида тафриқа солишдир.
Қадрли тингловчилар, “Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлинг.