Мавлавий жаҳон кезади
Румий ўз асарларида одамни тадқиқ этади, унинг табиати ва интилишларини кузатади, ботиний жилолар ва сурилишлар, қалб силжишларини қидириб топади. Инсоннинг иймон гавҳари, буюклиги баробарида, нуқсонлар – нафси, ҳирси оқибатида келиб чиқадиган ёвузликларни таҳлил этиб, булардан қутулиш, покланиш йўллари, фазилатини баён этади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан Асаалому алайкум, азиз тингловчилар! “Мавлавий жаҳон кезади” туркум эшиттириши навбатдаги сонини Эрон Ислом Жумҳурияти ӯзбек тилидаги радиосидан ҳузурингизга тақдим этамиз. Дастурни мен, Рахшона олиб бораман. Эшиттиришимиз якунига қадар биз билан бирга бӯласиз деган умиддамиз.
Румий ўз асарларида одамни тадқиқ этади, унинг табиати ва интилишларини кузатади, ботиний жилолар ва сурилишлар, қалб силжишларини қидириб топади. Инсоннинг иймон гавҳари, буюклиги баробарида, нуқсонлар – нафси, ҳирси оқибатида келиб чиқадиган ёвузликларни таҳлил этиб, булардан қутулиш, покланиш йўллари, фазилатини баён этади.
Румийнинг ҳар бир фикри – бир машъала, бир чироқ, шундоққина қалбга қўйиладиган зиёдир. Улуғ мутафаккир инсон камолоти учун муқтадир бир курашчи бўлиб майдонга чиқади, инсон боласини унинг ўзига таништиради, ёмонликдан нафратланиш ва яхшиликдан, илоҳийликдан фахрланишга ўргатади.
Ўз қалби сирларини англайдиган самимий суҳбатдошидан абадий жудо бўлган Мавлоно дард ва изтироб ичида шеърлар ёза бошлайди. У воиз ва мударрисдан жўшқин шоирга айланади. Ўз ғазалларида Шамс Табризий номини қайта-қайта такрорлайди. Шу сабабли унинг шеърлари жамланган девони “Девони Кабир” ёки “Девони Шамс Табризий” деб номланган.
«Девони Кабир» ҳис-туйғу, завқ-шавққа тўла шеърлардан иборат.
Жалолиддин Румийнинг “Девони Кабир” ёки “Девони Шамси Табризий” деб номланган куллиётида 36000 байт ғазал, рубоий ва бошқа шеърлар бор.
Румийнинг ғазал ва рубоийлари ҳам ўта мароқли. Унинг рубоийлари нафақат фалсафий қарашларни, балки самимий ҳис-туйғуларни баён этади. Ўқиган киши қўнглини гўзалликка ошно қилади. У инсони ўзига таништиради.
Жалолиддин учун муҳаббат бутун борлиқни ҳаракатга келтирувчи куч эди. Унинг фикрича, дон ҳам, майса ҳам, жонивор ҳам сева олади. Лекин фақат тана ва териси билан. Инсонгина ҳам жисм, ҳам ақл-идроки, ҳам хаёли, ҳам хотираси ила севишга қодир.
Румий тийрак ва ҳушёр кўз билан дунёга назар солади, инсонни қандай бўлса, шундай олиб ўрганади. Инсон қалби тўғрисидаги энг нозик энг яширин сирларни ошкор этади, руҳият қатларидаги қонуният ва заруратларни кўрсатиб беради. Унинг асарларини ўз-ўзини, ўзликни таниш китоби, деб айтиш мумкин. Ўзликни англаш Аллоҳни англашдан бошланади. Румий рубоийларда Аллоҳга бўлган илоҳий ишқ такрор ва такрор тилга олинади.
Қадрли тингловчилар! Сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган Эрон ислом Жумҳуриятининг ӯзбек тилидаги халқаро радиосидан “Мавлавий жаҳон кезади” туркум эшиттириши навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Радиомизнинг интернет сайти Pars Today.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эшиттиришнинг матнини ӯқиш ва садосини тинглаш имконига эгасиз. Радиомизнинг электрон манзили uzbek@Pars Today .сom
Жалолиддин Румийнинг буюклиги яна шундаки, у исломнинг улуғ шоири ва мутафаккири бўлгани ҳолда барча мазхаблар ва динлардан юқори кўтарила олди, бани башарни бирлаштирувчи ягона илоҳий ғояларни олға суриб, кишиларни бир-бирига яқинлаштирувчи эътиқод ва иймон, ишқ ва сиғиниш, поклик ва тавбадан сўз очди.
Румий ижоди юксак бадияти билангина эмас, балки мантиқ кучи, фалсафий фикрларга бойлиги билан ҳам катта таъсир кучига эга. Унинг табиати ва жамият ҳодисаларининг доимий ўсиши, ўзгаришда экани, эскини йўқотиб, янгининг пайдо бўлиши – “дунёнинг зиддиятлар бирлигидан жанги”дан иборатлиги тўғрисидаги қарашлари, унинг диалектик методни яратишга ёрдам берган. Фалсафани Ҳегел ва Марксдан, Шопенгауэр ва Кантдан, Нийличе ва Фрейддан ўрганган кишилар Румийни ўқиб, ҳаммаси ўзимизда аллақачон бор экан, ҳаммаси айтилган экану дейишлари табиий.
Мавлоно ғазалларида инсоннинг аслий ватани ҳақида суҳбатлашади. Яъни унинг руҳи узилиб, бу дунёда ғариб бӯлган, аммо у мудом арвоҳ олами томон интилади. Инсон у оламга, яъни асил ватанига қайтиши учун кӯп ҳаракат қилиши ва турли поғоналарни ӯташи лозим.
Ҳурматли тингловчилар! “Мавлавий жаҳон кезади” туркум эшиттириши навбатдаги сони шу ерда ӯз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ ёру мададкорингиз бӯлсин.