май 01, 2018 15:17 Asia/Tashkent

Носир Хусрав Қабодиёний

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Дунёнинг фахри  бўлган эронлик  буюк шахсиятлар” рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг янги сони яна  эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган  буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз.  Бизни тинглаб боринг.

Азизлар, олдинги суҳбатимизда таъкидлаб ўтганимиздек,

Фаррухий Эроннинг буюк шоирлари  Фирдавсий, Саъдий, Мавлавий, Саноий, Аттор ва бошқаларга хилоф равишда  ҳаётда ўзи учун хос ижтимоий мақсад пайидан  эмас эди ва халқнинг ўша вақтдаги аҳволига эътибор қаратмасди.

Ғазнавийлар тарихида мавжуд материалларга мурожаат қилсак, маълум бўладики, Фаррухий яшаган ўша даврда оддий халқ, хусусан, деҳқонлар ва ҳунармандлар мустабид ҳукмдорлар  томонидан  солинадиган оғир солиқлардан ранж чекишарди. Султон Маҳмуд ушбу солиқлардан тушган даромадларни  унга қўшни бўлган бошқа мамлакатларни ишғол этишга харж қиларди. Фаррухий ушбу зулм ва азобларни ўз кўзи билан кўрсада, ўзининг шеърларида халқнинг оғир ҳаёти ва  ижтимоий муаммоларига  ҳеж вақт ишора қилмаган.

Ҳозирги замон етук  тадқиқотчиларидан бири Абдулҳусейн Зарринкўб  Фаррухийнинг ижодиётига доир қилган илмий  изланишларида шундай ёзган эди:”  Классик шеъриятни ёқтирувчи кишилар Фаррухийнинг шеърларида содда  ҳамда  саҳлу мумтанеъ бўлган  баёнларни маъқул кўришган. Унинг шеърларидаги хушоҳанг бўлган латиф мусиқийлик, сўзларнинг соддалиги, маъноларнинг гўзаллиги унинг каломини мумтоз қилган. Унинг шеърларининг ёрқин дилнавозилиги ва латофати ҳарир ва юмшоқ мато бўлагидек  ёқимлидир.

Шоир Фаррухий Сиистонийнинг  ғазаллари ҳам хос латофатга эгадир. Унинг барча ғазалларида шод, ёш ва комрон бўлган руҳиятни сезиш мумкинки, латиф ва кўнгил ёқар тарзда куйланган. Мазкур ғазалларда, жумладан, ўша даврнинг, ранги,  муҳити ва ҳукмрон бўлган шароити ҳам назарга ташланади. Бу ҳолатларнинг барчасини  у равон, гўзал ва турли нақш ва нигорга эга тасвирлар билан баён қилган. Фаррухийнинг шеърларида мадҳ этишлар ва хоҳламаган ҳолда бўктириб  айтилган  сўзлар  кўп бўлсада, аммо баён қилишнинг қудрати ва маҳорат билан  яратилган шеърдаги тасвирлар хонандани беихтиёр ўзига ром этади.

Суҳбатимиз давомида  ҳижрий-қамарий бешинчи, милодий ҳисоб билан ўнбиринчи асрда яшаб ижод қилган  эронлик машҳур шоир ва файласуф Носир Хусрав Қабодиёний борасида маълумот беришни бошлаймиз.

Носир Хусрав Шарқда адолат, халқпарварлик, маърифатпарварлик ғоясини дадил куйлаган шоир, жасоратли фиқҳ донишманди сифатида шуҳрат топган, илм-фан, маърифат, одоб-ахлоқ, касб-ҳунар афзалликлари ҳақида бир-биридан маънодор ҳикматлар ва қатор асарлар яратган машҳур шоирдир. Нафис ижод соҳиби Носир Хусравнинг маънавий мулки авлодларга қарийб минг йилдан буён хизмат қилмоқда.

Ҳужжат  тахаллусига  эга Ҳаким Абумуъин Носир бин Хусрав бин Ҳорис Қабодиёний-Балхий   ҳижрий-қамарий 394 йилининг зиқаъда ойида, милодий ҳисоб билан 1003 йилда  Буюк Хуросон  ерларига тегишли Қабодиён минтақасида таваллуд топган.  Унинг номи ва отасининг исми  шеърларида кўп марталаб  келтирилган. Шоирнинг тахаллуси Ҳужжат ва айрим ҳолларда Ҳужжати замини Хуросон дея зикр этилган. Ушбу лақаб Фотимийлар халифаси томонидан унга берилган ва исмоилийлар ўртасида унинг мазҳабий даражасини кўрсатади.

Носир Хусрав “Сафарнома” номли китобида ўзини Қабодиёний-Марвазий деб атаган. Шу сабабдан айрим тадқиқотчилар уни Марвнинг Қабодиёнидан эканлигини таъкидлашади. Аммо у Марвда бир муддат яшаган ва девон ишлари билан шуғулланган ва ўзининг уйига ҳам эга бўлган. Носир Хусрав ўзининг кўплаб шеърларида Балхни ёдга олади ҳамда ушбу шаҳарни ўзининг ватани ва уйи сифатида  куйлаган ва ундан узоқ бўлганидан ҳасратлар қилган.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар”  рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса  uzbek@ ParsToday.com.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Носир Хусравдан қолган китоблардан маълум бўлишича, у фазл ва адаб аҳлидан бўлган оилада дунёга келган. Давлат ва девон ишлари билан шуғулланган. Унинг ҳаёти пастлик ва баландликлардан тўла бўлган. У болаликдан бошлаб ўша вақтда   муҳим ҳисобланган  турли  билим ва фанларни ўрганган.

Бошланғич маълумотни она юртида олади. Носир Хусрав кейинчалик Балх ва  Марв  мадрасаларида таҳсилни давом эттирди, диний, дунёвий билимларни эгаллади. Унинг исми Абу-Муъиниддин Носир, отасиники эса Хусрав бўлиб, шеърларида «Ҳужжат» тахаллусини қўллаган.
Адабиёт ва илм оламида Носир Хусрав унвони билан танилган адиб ёшлигидаёқ қатор тиллар ва фанлар (ал-жабр, муқобала, ҳандаса, мантиқ, нужум, ҳайъат, тиббиёт, тиб, фалсафа, фиқҳ, тарих, калом, мусиқа, аруз ва бошқалар)ни пишиқ ўрганган. У бу даврда улуғ ватандошлари Абу Али ибн Сино, Форобий асарларини чуқур ўрганади ҳамда бутун умрга уларнинг содиқ шогирди ва давомчиси бўлиб қолади. Бундан ташқари, у қадимги дунё файласуфлари Суқрот, Арасту, Афлотун таълимотини ўрганиш билан шуғулланади.
Носир Хусрав олдин маълум муддат Ғазнавий ҳукмдорлардан Султон Маҳмуд Ғазнавий ва унинг ўғли Масъуд салтанати даврида расмий лавозимларда, яъни мирзалик қилган, солиқ маҳкамасини бошқарган. Манбаларда берилган маълумотларга кўра, унинг Салжуқийлар салтанатида хизматда бўлганлиги хусусида ҳам айрим ишоралар сақланган. Бироқ Сарой муҳитининг аянчли манзаралари истеъдодли шоирга манзур тушмади. Амалдору мулозимлар, руҳонийлар манфаатпараст шоирларнинг нафс учун паст кетишлари, ҳар қандай разилликларга тайёр туришлари, авжига чиққан мадҳиябозликлар Носир Хусравнинг кўзини очди.
Унинг шеърияти ва илмий қарашларида танқиднинг кучайишига замин яратди. Ана шу омиллар унинг маънавий дунёсида бурилиш ясади, у ҳақиқат излаш ва халқ хизмати учун ижодий, фикрий изланиш билан шуғулланишга киришди. Жумладан, давлат хизматида ўтган йиллар унинг ҳаётий тажрибасини анча оширади. У бир тарафдан юқори табақалар ҳаёти, уларнинг мамлакат ва халқни бошқариш сиёсатидан воқиф бўлса, иккинчи томондан, оддий меҳнаткаш халқ турмуши, ҳунарманд, деҳқон ва бошқа касб эгаларининг жамиятдаги ўрнига оид бевосита кузатиш ва тажрибалари унинг асарларида акс этган.
Носир Хусрав 1045 йилда давлат хизматидан бўшаб, сафарга отланади. Унинг бу сафари етти йилга чўзилиб, 1052 йилгача давом этади. У Эрон, Арманистон, Озарбайжон, Сурия, Миср, Арабистон, Ироқ диёрларидаги Табриз, Қоҳира, Қуддус, Макка, Мадина, Лаҳсо, Яман, Басра, Исфахон ва бошқа бир қатор шаҳар ва вилоятларда бўлади. Мисрда икки йилдан ортиқ муқим яшайди. Сафар давомида Носир Хусрав ўз замонасининг кўплаб машҳур кишилари – шоирлар, олимлар, ҳокимлар билан учрашади.
Табиийки, бу узоқ сафар машаққатлардан холи бўлмасдан, унга хатарли денгиз саёҳати, саҳроларни кесиб ўтиш, пулсизлик каби синовларга бардош беришга тўғри келади. Алломанинг сафар хотиралари унинг «Сафарнома» асарида акс этган.

Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.