июн 26, 2018 14:55 Asia/Tashkent

Носир Хусравнинг ҳикматли шеърлари

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Дунёнинг фахри  бўлган эронлик  буюк шахсиятлар” рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг янги сони яна  эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган  буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз.  Бизни тинглаб боринг.

Олдинги эшиттиришимизда таъкидлаб ўтганимиздек,

Ҳаким Носир Хусравнинг бир қатор ахлоқий қарашлари умуминсоний, умумбашарий аҳамиятга эгадир. Жумладан, буюк мутафаккирнинг ғаразлик билан беҳад молу мулкка берилмаслик, ўтар дунёнинг юзаки хурсандчиликларига ҳирсу хавас қўймасликка даъвати барча даврлар, элу элатлар учун бирдай манфаат касб этади.
Мўътабар донишманд ижодидаги умумбашарий маънавий қадриятлардан яна бири ўзгаларга нисбатан адолатли, инсофли бўлиш, қашшоқу  нотавон, жисмоний жиҳатдан заифлашганларга раҳму шафқат кўрсатиш,
бошқаларнинг гуноҳини кечириш каби юксак ғоя ва насиҳатлардир. Улуғ  шоир худди шундай чақириқ руҳи билан мансабдорларга мурожаат қилади, уларни ўз қўл остидаги меҳнат аҳлига нисбатан раҳму шафқатли,
меҳрибон бўлишга даъват этувчи мисраларни ёзади.
«Маънавий жиҳатдан улғаймоқчи бўлсанг, мартабангни юқори  кўтаришни истасанг, жаҳоннинг улуғларига яқинлашишни хохласанг илм  ўрган, ақлу идрокингни такомиллаштир», дейди доно шоир. Чунки айни
уша фазилатлар инсонни улуғлик поғонасига кўтаради, улар маънавий  жиҳатдан уч турга — Пайғамбар, авлиёлар ва ҳакиму доноларга бўлинади.
Илму ақл одамни ҳақиқий инсон рутбасига эриштирса, нодонлик эса уни  одамийлик даражасидан четлаштиради. Илғор мугафаккир илм ўрганишгагина эмас, уни тарғиб, ташвиқ қилишга, илм толибларига, уни қидирувчиларга етказиш кераклигига алоҳида эътибор беради:

Ўзингни илм бирла безатгил,
Фақат кимхоб кийган эмасдир гўзал.
Табиатан адолат ва инсоф тарафдори бўлган донишманд шоир «Саодатнома» маснавийсида меҳнат аҳлини, хусусан, деҳқонларни самимий муҳаббат билан шарафлайди. Улар мадҳида оташин мисралар яратади. Мутафаккир шоир деҳкон касбига, унинг бунёдкорона меҳнатига юксак баҳо беради. Зероки, улар туфайли олам обод. Уларнинг машаққатли меҳнати шарофати ила халқ ризқу рўзи ҳамиша муҳайёдур. Носир Хусрав нигоҳида улар жаннатдан жой олишга сазовордирлар. Чунки улар ҳаётнинг сақловчилари ва яратувчилари ҳисобланади:
Жаҳоннинг шодлигин боиси деҳқон,
Унинг бирла экинзор, бoғy бўстон.
Бу ишдин яхши, оламда не бордур,
Одам наслига бу иш ёдгордур...
Жафокаш, паҳлавон меҳнат чекодур,
Тўкиб тер, барчанинг ризқин экодур.
Дехқонлардан кейинги ўринда касб-ҳунар эгалари туради. Улуғ шоир бу тоифа аҳлини хушбахт одамлар ҳисоблайди. Ҳунар, касб эгаси ҳам худди деҳкон сингари яратувчи-сониълар сирасига мансубдир. Халқ, эҳтиёжи
улар санъати, ижодий мехнатила таъминланади:
Косибдан шоду хуррам йук, жаҳонда,

Ҳунардин яхши дур ҳам йўқ жаҳонда...

Арзир унинг бўлса боши осмонда,
Улсиз яшай олмас шоҳ ҳам жаҳонда'.
Шоир орзусича, фозил ҳукмдор фукаро-раиятни доимо ўз муҳофазасига олади. Мамлакатни адлу инсофла бошқаради. Ҳар қандай тадбирни вазирлар муҳокамасига, «кенкош» — машварат мажлисида кўриб, маъқуллангандан
кейингина фармон сифатида эълон қилади. Ҳукмдорларнинг бундай адолатли бошқаруви туфайли мамлакат обод, унинг халқи эса фаровон
яшайди, бир-бирига меҳрибонлик билан муносабатда бўлади. Юртда ҳашар уюштириш воситасида боғ-роғлар яратади. Жамоа аҳли шароб истеъмол қилмайди. Бундай давлатда виждон эркинлиги барқарор хукм суради.
Диний фарзлар ихтиёрий бажарилади. Юрт фуқаролари ислом динига эътиқодли ва Мухаммад Мустафонинг пайғамбарлигига иқрордурлар.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар”  рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса  uzbek@ ParsToday.com.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Айтилганлар билан бир қаторда, донишманд шоир «Мулук ва умаро мазаммати тўғрисида», «Ёмон нафс ва риёкорлар ҳақида» сарлавҳали шеърларида ноинсоф, адолатсиз, мағрурланган, раият, илм-фан, меҳнат
аҳлига ёмон муомала-муносабат қилувчи, порахур, бемаърифат, жоҳил, зулму жабр дан ҳузур қилувчи ҳоким ва амалдорлар фаолиятини қаттиқ
қоралайди. Шоир таъбирича, бундай инсонлардан ит шарафлироқдир. Ўша жоҳиллар ўз жисмоний кайфу роҳатлари учун қашшоқ камбағалларни
хонавайрон қилищдан уялмайдилар. Бундай муфтхур ва хасис мулозимлар қарғишга учрагани учун хам уларнинг мол-бойликлари баракасиз, ҳаром.Улуғ шоирнинг талай панду насиҳатларида одамларни ранжитмаслик,
уларга озор бермаслик ибратли мулоҳазалар ўртага ташланади. Бироқ ҳукм аҳли рафторининг қуюшқондан чиқиши шоирни беҳад ғазаблантиради.
Шундан бўлса керак, унинг ўзи ҳам ошкора танқидга ўтади ва зулму ситамкорларнинг амалий фаолиятини бўрининг тажоввузкорлигига ўхшатади.
Аллома шоирнинг кўпчилик асарларида одамлар юксак одамийлик сифат ва фазилатларига даъват этилади. У инсонлараро ўзаро ҳурмат, самимият қарор топиши тарафдори эди.
Дарвоқе, дўстлик, адлу амният, меҳру оқибат, ўзаро иттифоқ устувор бўлган юртда зулмат чекинади, инсон шарафи юксак улуғ ланади, ўзаро низолар йўқолади, инсон инсоннинг жонига қасд қилмайди. Ана шундай
улуғ инсонсеварлик ғоялари туфайли Носир Хусрав бизга замондошдир.

Ту мардумзодаи, бо мардуми бош,
Чи бошад дев будан, одами бош!
Яъни:
Эй, инсон авлоди сен, инсонийлик билан бўл,
Нимадур дев бўлиш, одамий бўл!

Носир Хусравнинг илм-фанни, инсонни, меҳнатни, касб-ҳунарни улуғловчи, адолатсизликнинг ҳар қандай кўринишини қораловчи мероси
сўнгги авлодлар маънавий юксалиши учун муҳим озуқа бўлди, у халқнинг севимли шоир ва мутафаккирига айланиб кетди. Носир Хусрав ижоди Марказий Осиёдан чиққан донишманд, мутафаккирлар ижодининг ниҳоятда ранг-баранг, умуминсоний бўёқларга бой эканлигини яна бир бор исботлайди.

Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.