Тарихнинг ўчмас кунлари
Бугун шанба, ҳижрий-шамсий 1397 йил тир ойининг 30-си, ҳижрий-қамарий 1439 йил зилҳижжа ойининг 7-си ва милодий ҳисоб билан 2018 йил 21- июль.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар!
"Тарихнинг ўчмас кунлари" унвонли кундалик эшиттиришнинг янги сони билан мен Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.
Бундан 130 йил олдин, милодий 1888 йилнинг 21 июлида Англия аҳлидан бўлган Жон Бойд Данлоп биринчи бор автомобиллар учун резинали ғилдиракларни ихтиро этади.
Бунгача автотранспортлар ғилдиракларидаги шиналарнинг ичини дам билан тўлдириш ўрнига қаттиқ резиналардан фойдаланишган. Аммо бундай транспортлар ғилдиракларининг айланиш суръати ниҳоят даражада секин бўлган. Шу боисдан, Жон Бойд Данлоп янги шиналар яратиб, резинали ғилдираклар ичидаги балонларни ҳаво билан тўлдирадиган бўлди. Бу ихтиро эса автотранспортнинг тезлигини ошириш ва эластик ҳолатини яхшилаш имконин берди. Машҳур инглис ихтирочиси Жон Бойд Данлоп милодий 1921 йилда оламдан ўтган.
Бундан 66 йил олдин, яъни ҳижрий-шамсий 1331 йилнинг 30-тир ойида доктор Мусаддиқ бош вазирлик лавозимидан истеъфо берганидан кейин Теҳрон ва Эроннинг бошқа шаҳарларида оммавий норозилик намоишлари ўтказилади.
Ушбу эътирозларнинг асосий сабаблари доктор Мусаддиқнинг бош вазир лавозимидан истеъфоси ва Шох томонидан Қавомус Салтанани бош вазир лавозимига тайинлаш учун чиқарган фармонлари ва ушбу фармонга қарши Оятуллоҳ Кошоний томонидан эълон қилинган норозилик баёноти эди. Қавомус Салтана мустамлакачиларнинг гумошталаридан эди ва мустабид ҳукуматга хизмат қиларди. У бош вазир лавозимига эга бўлганидан сўнг ўзининг мунофиқларча бўлган сиёсатини бошлайди ва динни сиёсатдан ажратиш учун мусулмонларга қарши ҳужумларни уюштиришга киришади. Оятуллоҳ Кошоний томонидан халқни курашга даъват қилинганидан сўнг халқ мустабид тузумга қарши бош кўтаради. Ниҳоят Мусаддиқ яна қайтадан ўз лавозимига тайинланади.
Бундан 119 йил олдин, милодий 1899 йилнинг 21 июлида америкалик машҳур ёзувчи Эрнест Ҳемингуэй Чикаго штатида дунёга келади. У болаликдан бошлаб адабиётга бўлган меҳрини ва иқтидорини сезган эди. Шу сабабдан у ўша вақтлардан бошлаб газеталарда адабий мақолалар ва қиссалар ёзишни бошлайди. Эрнест олий маълумот олганидан кейин Биринчи Жаҳон урушида ҳарбий мухбир сифатида фаолият кўрсатади. Уруш тугаганидан кейин у адабий асарларини ёзишга киришади.
Эрнест Миллер Ҳемингуэй – ХХ аср АҚШ адабиётининг ёрқин намояндаси. Нобел мукофоти соҳиби, дунё тилларига энг кўп таржима қилинган ва эътироф этилган «Фиеста», «Алвидо, қурол!», «Бонг кимни чорламоқда?», «Чол ва денгиз» асарлари муаллифи.
ХХ аср 30 – 60-йиллари авлодининг ҳаёт ва жамият, севги ва муҳаббат, адабиёт ва санъат ҳақидаги тушунчаларига, умуман, эътиқод ва дунёқарашига мазкур адиб шунчалик катта таъсир кўрсатдики, ижодига, асарларининг қаҳрамонларига, яшаш, гапириш ва сўз ишлатиш усулига бу даражада оммавий тақлид қилинган бошқа бир шахсни дунё адабиётида учратиш қийин. Бошқача айтганда, 30 – 60-йиллардаги зиёлилар, файласуфлар, оддий талабалар суҳбати Ҳемингуэй билан бошланиб, Ҳемингуэй билан тугарди. Шу сабабли уни Ғарбда образли қилиб «Бутун бошли авлоднинг чўқинтирган отаси» деб ҳам аташади.
.Азизлар, “Тарихнинг ўчмас кунлари” унвонли ҳафталик эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.