сентябр 13, 2016 14:18 Asia/Tashkent

Қазвин шаҳри

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.

Ассалому алайкум, азиз  ва муҳтарам радиотингловчилар!

Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.

"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу  дастур  орқали  Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз.

Суҳбатларимизни тинглаб боринг.

Муҳтарам мухлислар, олдинги эшиттиришда таъкидлаб  ўтганимиздек, ёзма манбалардан маълум бўлишича, Қазвин минтақасининг пайдо бўлиши  мидияликлар даврига бориб тақалади. Қазвин, Сагзобод, Буйин Заҳро ва Токистон атрофидаги қадимий тепаларда олиб борилган  археологик қазишмалар ва топилган экспонатлар  натижасида маълум бўлишича,  қарийб милоддан 8 минг йил олдин ҳам ушбу минтақаларда одамлар яшашган ва ўз тамаддунларига эга бўлишган. Тахминларга кўра, ушбу минтақада яшаган қадимий қавмлар деҳқончилик ва саноат билан ошно бўлишган. Қазвин минтақасида  Ислом дини жорий этилишидан кейин ҳижрий уч  аср давомида турли сиёсий ва тарихий воқеалар юз берган. Ҳижрий бешинчи асрнинг охирларидан бошлаб, то ҳижрий-қамарий 645 йилда исмоилиийлар қалъалисига мўғулларнинг Ҳулокухонни ҳужум қилганига қадар мазкур минтақа исмоилийлар ҳукуматининг ҳудудлари бўлган.

Элхонийлар даврида Султония, яъни  Занжон  пойтахт сифатида танланган вақтда  Қазвин минтақаси кўпроқ ривожланади ва кўпроқ эътиборга эга бўлади. Сафавия ҳукумати даврида эса Қазвин ривожланишнинг баланд чўққиларига эришади.

Қазвин вилояти кенг ҳудудларга эга бўлмасада, унда турли қавмлар, тиллар ва удумлар мавжуддир. Қазвин даштларининг шимолий ҳудудларида яшовчи аҳоли форс тилида сўзлашади.Вилоятнинг шимоли-ғарбий ва жанубида турк тилида сўзловчилар яшашади. Қазвин вилоятининг ғарбий минтақаларида, айниқса Токистон шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқларда аҳоли тот тили ё шевасида сўзлашади. Мазкур вилоятнинг шарқий қисмида яшовчи аҳоли эса курд ва лур тилларида гаплашишади.

Қазвин вилояти Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрини мамлакатнинг ғарбий вилоятлари  ва Европа билан боғловчи муҳим ва стратегик йўлда жойлашгани боис хос мавқега эга бўлган. Бунга илова ушбу вилоятда кўплаб тарихий ёдгорликлар ва обидалар мавжуд бўлгани боис Эроннинг маданий ва тарихий марказларидан бири ҳисобланади.

Мазкур вилоятнинг маркази Қазвин шаҳри Теҳрон ғарбидан 150 километрлик узоқликда жойлашган. Қазвин шаҳрининг  шимоли  Алмут тоғлари, ғарби Токистон, жануби Қазвин даштлари ва Буйин Заҳро, шарқи Обик билан чекланган.

Айрим тарихчилар Қазвин шаҳридаги  баъзи биноларни Шопур Сосоний  даврида қурилганини тахмин қилишади. Ушбу шаҳар узоқ ўтмишда шимолда бўлган тоғли минтақаларда яшовчи дейламиларнинг ҳужумларини олдини олиш учун мустаҳкам қалъа сифатида қурилган.

Қазвин вилоятининг қулай жуғрофик мавқейи, юқори ҳосил берадиган даштлари ҳамда ушбу минтақанинг турли қавмлар маданияти ва удумлари билан алоқалари боис ушбу вилоят  ҳаёт давомида доимо ривожланиш  ва тараққиётда бўлган.

Қазвин шаҳри  тарихий ва сиёсий ўтмишга эга бўлгани боис муҳим аҳамият касб этган ва кўплаб  ҳукмдорлар учун қадрли маскан ҳисобланган. Сафавия даврида ушбу шаҳар бир неча муддат  давомида пойтахт сифатида сайланган. Ҳозир ҳам ушбу шаҳар тарихий бир кўринишга эга бўлиб, масжиддан бошлаб, давлат бинолари, шаҳар дарвозалари, дам олиш масканлари ва қадимий тапалар ҳамда кашф этилган қадимий обидаларгача  ушбу шаҳарнинг маданий мерослари бўлиб, унинг қадимийлигидан далолат беришади.

Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  бир   соатлик  оқшомги    дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво  тўлқинларидан йироқлашманг.Эшиттиришимиз давом этади.

Қазвин вилояти бир неча ўн йилликлар олдин саноат ва ишлаб чиқариш қутбларидан бири ҳисобланган. Айни ҳолда ушбу минтақа қишлоқ хўжалик ва  чорвачилик соҳаларида  узоқ асрлик  тажрибага эга бўлгани боис улкан муваффақиятларга эга бўлмоқда.  Қазвин шаҳри ўзининг токзорлари билан ҳам машҳурдир. Европалик сайёҳлар ҳам ўзларининг сафарномаларида  бир неча километрлик узум боғлари Қазвин шаҳри атрофини ўраб олишганига ишоралар қилишган.  Ушбу узум боғлари минтақа  ва унинг атрофидаги аҳоли учун зарур ва муҳим  бўлган  даромад  манбалари  бўлган. Қазвин вилояти  ўтган йиллар давомида қишлоқ хўжалик соҳасида янги лойиҳаларни биринчи бўлиб амалга оширган минтақа ҳисобланади. Қазвин вилоятининг кенг даштлари Эрон юрти масоҳатининг  бир фоиздан кўпроқ  қисмини ташкил этсада, аммо қишлоқ хўжалик ва чорвачилик маҳсулотларини етиштиришда мамлакатда етакчи ўринларни эгаллайди.

Қазвин вилоятининг қишлоқ хўжалик ва чорвачилик маҳсулотлари на фақат ички бозорларни таъминлайди, балки хорижий мамлакатлар  учун  ҳам кенг миқдорда экспорт қилинади.

Айтиш жоизким, Қазвин шаҳри саноат соҳасида ҳам Эрон шаҳарлари орасида муҳим ўринларни эгаллайди. Мазкур вилоятнинг шаҳарчаларида қурилган турли  саноат корхоналари Қазвин  туманларини иқтисодий марказларга айлантирган. Қазвин вилояти жануби-шарқида саноат корхоналари марказлаштирилган.

Қадрли тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони  шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.

 

Ёрлиқ