октябр 29, 2016 09:54 Asia/Tashkent

машҳур шоир Камол Хужандийнинг ҳаёти ва ижодиёти борасида

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги сўҳбатимиз  ҳам  машҳур  шоир  Камол Хужандийнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида бўлади.  Бизни тинглаб боринг.

Олдинги  сўҳбатимизда  таъкидлаб  ўтганимиздек , жаҳон адабиётидаги беназир хизматлари жиҳатидан олиб қараладиган бўлса, Камол Хўжандий форс-тожик мумтоз адабиётининг улуғ алломалари Рудакий, Дақиқий, Саноий, Хайём, Саъдий ва Ҳофиз қаторидан ўрин олади. Камол Хужандийнинг бу дунёдаги рўзгори ғурбатда ва ғарибликда кечди. Бироқ Камол Хужандий илоҳий ишқ бобида валоятга эришган зотлардан бири эди. Шу боисдан у дунёвий рўзгор ташвишларидан нолимади. Билъакс, улуғ Ишқнинг нури тажаллийси ила масту мустағриқ ҳолда яшади…

Шоирнинг тўлиқ номи Камолиддин Абуаҳмад Муҳаммад Хўжандийдир. Камолиддин—фахрий лақаби, Абуаҳмад—куняси, Муҳаммад—номи, Хўжандий нисбаси.

Камол Хўжандий 1320 йил Хўжанд шаҳрида таваллуд топди. Отаси тариқат аҳлидан бўлиб, маърифатли киши эди. Бошланғич мактабда савод чиқаргач, таҳсилини давом эттириш мақсадида Самарқанд шаҳрига боради. У ўз билими ва шоирлик иқтидори билан Самарқандда қисқа муддатда шуҳрат топади.

Самарқандлик ижодкорлар орасида ўзини ҳамиша баланд тутадиган шоир Бисотий Самарқандийга бу ҳолат хуш келмайди. У “келгинди шоир” ҳисобланган Хожа Камолга нисбатан ошкора ҳасад билан байтлар битганлиги, лекин Хўжандийнинг бу маҳаллийчиликка нисбатан сабр-тоқатли бўлганлиги хусусида тазкираларда, хусусан, Шоҳ Исмоил Ҳаққийнинг “Руҳ-ул-баён”ида батафсил қайд қилинган. Самарқанддан кейин шоир бир қанча муддат Тошкентда яшайди. Лекин шоирнинг Тошкентга нима мақсадда борганлиги бирор манбада қайд қилинмаган. Ғиёсиддин Муҳаммад Хондамирнинг “Ҳабиб-ус-сияр” китобида марвлик Хожа Убайдуллоҳнинг қуйидаги ҳикояси келтирилади: “Шайх Камол бир қанча вақт Шошда яшаб қолди ва бу муддат ичида у мутлақо гўштли таом истеъмол қилмасди. Бир куни менинг отам уни меҳмон қилиб, гўштли таом келтирса ейиш-емаслигини сўради. Меҳмон мутоиба тарзида “Агар Сиз ўз сигирингизни сўйсангиз, майли, унинг гўштидан еймиз” деди. Отамнинг ниҳоятда семиз бир сигири бўларди. Бу гапни эшитиб, дарҳол шу сигирни сўйдирди ва ундан таом тайёрлатиб, Шайхнинг олдига келтирди. Шайх отамнинг хотиридан ўтолмай, бир миқдор гўшт танаввул қилди.” Бу ҳикоя Камол Хўжандийнинг ниҳоятда парҳезкор бир ориф эканлигидан далолат беради.

Шундан сўнг Шайх Камол Шош(Тошкент)дан Хоразмга келади. Бу шаҳарда бир неча ой тургач, Муборак Каъба зиёрати учун ҳаж сафарини ихтиёр қилади. Карвонга қўшилиб узоқ йўл юргач, у Табриз шаҳрига келиб қолади. Табризнинг боду ҳавоси унга маъқул келиб, анқа вақт бу шаҳарда яшаб қолади. Халқ орасида шуҳрат пайдо қилгач, Султон Ҳусайн Жалоирий унинг зиёратига келади ва шоир учун шаҳарнинг Волиёнкўҳ  деган хушҳаво жойида алоҳида боғ ва манзил яратиб беради.

 

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас  Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Энди эса машҳур шоир Камол Хужандийнинг  гўзал бир ғазалини сизга тақдим этамиз.

 

Малаксан ё башардирсан?—десам,дейди: ҳар иккиси.

Намаксан ё шакардирсан, десам, дейди: ҳар иккиси.

Дедимки, бу латофатда сарвдирсан, гуледирсан,

Камарда найшакардирсан, десам, дейди: ҳар иккиси.

Дедимки, бу нигорингда юзимнинг тасвирин кўрдим,

Оина ё қамардирсан, десам, дейди: ҳар иккиси.

Дедимки, ғамзада ишванг қилур ақлимни бегона,

Хабарсан ё хатардирсан, десам, дейди: ҳар иккиси.

Дедим: бас бехабарлик бу сенинг рушду камолингдан,

Хабардор, бехабардирсан?–десам, дейди: ҳар иккиси.

 

Шоирнинг Табриздаги осуда ҳаёти 1385 йилгача давом этади, холос. Олтинўрда хони Тўхтамишхон ўша йили Табризга ҳужум қилади. Шаҳарни ишғол қилгач, шоирни ўз ҳузурига чақиртириб, танишади ва ўзи билан бирга Олтинўрда пойтахти Сарой шаҳрига олиб кетади. Тазкираларда қайд этилишича, Шайх Камолнинг Саройдаги ҳаёти ёмон кечмаган. Бир қатор манбаларда шоирнинг Саройда тўрт йил яшагани қайд этилган.

Лекин шоирнинг ҳаёт йўлини чуқур таҳқиқ қилган тожик адабиётшуноси Саъдулло Асадуллоевнинг фикрича, Камол Хужандий Дашти Қипчоқ пойтахти Саройда ўн бир йил яшаб қолган. Биз ҳам Асодуллоевнинг фикрига қўшиламиз. Чунки Шайх Камолнинг иккинчи марта Табриз шаҳрига келиб қолишига сабабчи бўлган зот соҳибқирон Амир Темур эканлиги бир қатор ишончли тарихий манбаларда (жумладан, Ҳофиз Ҳусайн Карбалоийнинг “Равзот-ул-жинон”ида) қайд этилган.

Амир Темурнинг Тўхтамишхоннинг устига қилган иккинчи юриши 1395-96 йилларга тўғри келганлигини эътиборга олсак, шоир Саройда 1385-1396 йиллар мобайнида (11 йил) яшаганлиги муайян бўлади. Амир Темур барча илм аҳллари қатори Камол Хўжандийга нисбатан ҳам яхши муносабатда бўлган.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.