июл 24, 2016 14:37 Asia/Tashkent

Ўзбекистонга оид муҳим хабарлар

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз. Бизни тинглаб боринг.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳлари билан танишинг:

  1. Ўзбекистон бош вазири Роғун ГЭСи борасида ўз хавотирини билдирди;

2.Тошкентда Ўзбекистон – Франция ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди;

3. Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича қиймати 2 миллиард АҚШ долларидан зиёд бўлган 270 шартнома имзоланди;

4. Ўзбекистон Республикаси ИИВ Мустақиллик байрами арафасида бутун республика бўйлаб "Антитеррор-тозалаш" тадбирини ўтказмоқда.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев 19 июль куни Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзодага Тожикистоннинг Роғун ГЭСини қуриш режасига нисбатан хавотир билдирилган мактуб юборди. Мурожаат Тожикистон ҳукуматининг Роғун ГЭСи қурилиши бўйича Италиянинг Salini Impregilo компанияси билан келишувга эришгани тўғрисидаги янгиликлар билан боғлиқ, деб хабар қилинмоқда

Мактуб матни Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

«Қурилиш майдонида ўтказилган бир қатор тадқиқотлар, энг аввало Жаҳон банки шафелигида олиб борилган лойиҳанинг халқаро комплекс экспертизасида Роғун ГЭСи бутун Марказий Осиё минтақаси учун улкан таҳдидларни келтириб чиқариши тасдиқлангани, қўшни мамлакатлар раҳбарияти ва экспертлари баёнотларида бу бир неча маротаба қайд этилгани ва Тожикистон ҳукуматига хабар қилинганига эътиборингизни такроран қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Айнан шу сабабдан мазкур лойиҳа ортидаги улкан техноген, экологик, ижтимоий ва иқтисодий хатарларни англаган ҳолда Жаҳон банки Роғун ГЭСи қурилишини молиялашда иштирок этишдан воз кечган эди», — дейилади мактубда.

«Бунёд этилаётган Роғун ГЭСи лойиҳаси 35 йилдан зиёдроқ аввал, 70-йиллардаги совет гигантоманияси даврида ишлаб чиқилган бўлиб, бугунги замонавий талаблар ва тажрибалар уни тубдан қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда. Баландлиги бўйича дунёда тенги йўқ ҳисобланган 335 метрлик тўғонга эга бу қадар улкан ГЭС мажмуаси қурилиши учун танланган майдоннинг сейсмиклиги Рихтер шкаласи бўйича 9−10 балл бўлган тоғ ҳудудида экани жиддий шубҳа-гумонларни келтириб чиқаради. Объектнинг маълум қилинган 3,9 миллиард АҚШ доллари миқдоридан анча узоқ бўлган умумий смета қийматида амалий аниқлик мавжуд эмас, лойиҳавий ҳужжатлаш ишлари тўлиқ якунланмаган, обрўли экспертлар томонидан билдирилган жиддий мулоҳазалар инобатга олинмаган», — сўзида давом этади Ўзбекистон бош вазири.

Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида 20 июль куни Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Франция ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Тадбирда икки мамлакатнинг иқтисодиёт, савдо, сармоя, экспорт, нефть-газ, банк-молия, қишлоқ ва сув хўжалиги, авиаташув, фармацевтика, юқори технологиялар, сайёҳлик, транспорт ва транспорт коммуникациялари, кимё, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, фирма ва компаниялари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири, комиссия ҳамраиси Элёр Ғаниев мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

Франция Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги фаол ҳамкорларидан. Мамлакатлар ўртасида имзоланган даромадларнинг икки томонлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик ҳамда даромад ва капитал солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф этишга, инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилишга, иқтисодиёт, фан-техника, маданият ва ҳаво транспорти соҳаларида ҳамкорликка оид битимлар ўзаро алоқалар ривожига хизмат қилмоқда. Икки давлат макроиқтисодиёт, молия, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни бошқариш учун кадрлар тайёрлаш йўналишида ҳам самарали ҳамкорлик қилмоқда. Ўзбекистон олимлари франциялик мутахассислар билан биргаликда Қуёш энергиясини ўрганиш, юқумли касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш, селекция каби соҳаларда тадқиқотлар олиб бормоқда.

Савдо соҳасида Ўзбекистон билан Франция ўртасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган. 2015 йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 300 миллион доллардан ошди. Жорий йилнинг январь-июнь ойларида ушбу кўрсаткич 150 миллион доллардан зиёдни ташкил қилди. Ўзбекистонда франциялик сармоядорлар иштирокида 15 корхона тузилган. Франциянинг 11 компанияси мамлакатда ўз ваколатхонасини очган.

Тошкентда 12-16 июл кунлари бўлиб ўтган биринчи Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича қиймати 2 миллиард АҚШ долларидан зиёд бўлган 270 шартнома имзоланди, деб хабар берди Дарё сайти.

Халқаро ярмаркада ҳўл ва қуруқ мевалар, цитруслар, сабзавотлар, полиз экинлари, дуккакли ўсимликлар, ёнғоқлар, зираворлар, ичимликлар, қадоқлаш технологиялари, совутиш ускуналари, транспорт ва логистикага оид кўплаб бўлимлар ишлади. Ўзбекистон мева-сабзавотчилик соҳаси вакилларининг маҳсулотлари мамлакатнинг барча вилоятларидан келган 170 дан ортиқ компания экспозицияларида кенг ўрин эгаллади.

I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида АҚШ, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Япония, Италия, Франция, Малайзия, Ҳиндистон, Россия, Латвия, Озарбайжон, Туркманистон, Эрон, Афғонистон, Қозоғистон каби мамлакатлардан уч юздан зиёд ишбилармон доиралар вакиллари қатнашди.

Ўзбекистонда мустақилликнинг 25 йиллик байрами арафасида тозалаш анти-террор тадбирлари бошланди

Мустақилликнинг 25 йиллик шодиёнасини Ўзбекистон фуқролари халқ сайллари ва концертлар билан қарши олади. Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш эса республика ИИВ зиммасида.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Мустақиллик байрами арафасида бутун республика бўйлаб "Антитеррор-тозалаш" тадбирини ўтказмоқда.

"Фуқароларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш, турли кўринишдаги ҳуқуқбузарлик ва қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш ҳамда жамоат тартибини сақлаш мақсадида бутун республика бўйлаб махсус гуруҳлар фаолият олиб боришади", — деб хабар қилди Спутник агентлигига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органидаги манба.

Суҳбатдошнинг сўзларига қараганда, байрамгача бўлган вақт оралиғида хусусий ва кўп қаватли уйлар, корхона ва ташкилотларга қарашли ертўлалар ва омборхоналар, дўконлар ҳамда оммавий сайллар ўтказиладиган ҳудудлар кўрикдан ўтказилади.

"Доимий ёки вақтинчалик рўйҳатдан ўтмаган хорижлик ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни аниқлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда", — деб таъкидлади ИИВ вакили.

Эслатиб ўтамиз, "Тозалаш-антитеррор" тадбири бундан олдин Наврўз байрами арафасида ўтказилган бўлиб, тадбир давомида ИИВ ходимлари томонидан ноқонуний яшаб юрган 261 киши — чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилган эди.

Қадрли тингловчилар, “Ўзбекистон ҳафта давомида” рукни остидаги эшиттириш шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.