ноябр 26, 2016 15:42 Asia/Tashkent

Форсий қанд ҳаловати

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги сўҳбатимиз   буюк шоир ва адиб  Носир Хусравнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида бўлади.  Бизни тинглаб боринг.

Азизлар, ўтган сўҳбатларимизда таъкидлаб ўтганимиздек, халқларнинг адабиёти уларнинг ижтимоий ҳаётини кўрсатувчи йирик ойнадир.Зеро қиссалар, шеърлар, мақоллар ва бошқа санъатларда халқларнинг ҳаёти ўзгача жилва ва шукуҳга эгадир. Форс тили ва адабиёти ҳам жуда  улкан маданий бойликларга  эга бўлгани боис асрлар давомида  илм, дин ва ирфон  тили  бўлиб келган ва ҳозир ҳам ушбу қоидадан чиққан эмас. Шу сабабдан Форс  тили ва адабиёти тўғрисида суҳбат қилиш эскирмайди, ёдлардан кетмайди ва кишини чарчатмайди. Дунёда ахлоқ ва одоб ҳамда ишқ ва дўстлик бор экан ва ҳаммани маҳлиё этар экан, форс  адабиёти ҳам мангу ва барҳаёт қолади. 

Адабий алоқалар жаҳон халқлари маданияти тарихида ўзига хос ўрин тутадиган ҳодисалардан биридир. Узоқ тарихий илдизларга эга ушбу ҳодиса доимо инсониятни бир- биридан ўрганиш, бир -бирига ўргатиш, бир маданиятнинг бошқа бир маданият ютуқларидан унумли фойдаланишга ҳидоят этиб келган. Муайян бир миллий адабиётнинг бошқа бир миллий адабиёт дурноналаридан ёки умумжаҳон адабиёт уммонидан баҳра олиши, ундан таъсирланиш масаласини чуқурроқ, илмийроқ тарзда ўрганиш заруратининг юзага келиши натижасида 19 асрда Европада қиёсий адабиётшунослик  илми алоҳида фан  сифатида ривожлана бошлади.Бунинг асосий сабаби эса жаҳон адабиёти дурдоналарининг Ғарб ва Шарқда  катта нуфузга эга бўлган тилларга жадаллик билан таржима қилинишида эди. Албатта, бадиий ва  илмий таржима Шарқ  халқлари тарихида узоқ даврлардан буён мавжуд бўлиб келган. 

Форсий адабиётнинг  дунё бўйлаб кенг қулоч ёзишида таржиманинг роли  катта бўлди. Ўрта асрларда  санскрит, араб, юнон ва бошқа тиллардаги матнларнинг форсий тилига таржима қилиниши натижасида форсий адабиёт мавзу ва мундарижа  жиҳатидан янада кенгайди, янги образлар ҳисобидан янада бойиди.

Шу ўринда адабий  таъсир масаласи  устида ҳам бир оз тўхталиб ўтишга  тўғри келади: форсий адабиётининг йирик намояндалари яратган шоҳ  асарлар, уларнинг инсонпарварлик ва ҳамдўстлик  ғоялари асосида яратилган шоҳ асарлари жаҳон адабиёти дурдоналарига айланиши билан бирга таниқли жаҳон адибларининг  ижодига  ҳам сезиларли таъсир етказган.

Бугунги сўҳбатимиз давомида сизни на фақат форс адабиёти, балки жаҳон адабиётида ҳам катта шуҳратга эга бўлган файласуф шоир ва адиб Носир Хусравнинг ҳаёти ва ижоди билан таништириб борамиз.

Носир Хисрав Шарқда адолат, халқпарварлик, маърифатпарварлик ғоясини дадил куйлаган шоир, жасоратли фиқҳ донишманди сифатида шуҳрат топган, илм-фан, маърифат, одоб-ахлоқ, касб-ҳунар афзалликлари ҳақида бир-биридан маънодор ҳикматлар ва қатор асарлар яратган машҳур шоирдир. Нафис ижод соҳиби Носир Хисравнинг маънавий мулки авлодларга қарийб минг йилдан буён хизмат қилмоқда.

Носир Хусрав XI аср Шарқ адабиёти ҳамда фалсафа ва жўғрофиё фанлари тараққиётига муносиб ҳисса қўшган йирик намояндалардан биридир. Марказий Осиё маданиятининг улуғ донишманди ва мутафаккири Абу-Муъиниддин Носир Хисрав ал- Қубодиёний 1004 йилда ҳозирги Тожикистоннинг жанубида, Амударё ирмоғи бўлган Кофарниҳон дарёси бўйидаги Қубодиён шаҳрида дунёга келди. Бошланғич маълумотни она юртида олади. Носир Хисрав кейинчалик Марв ва Балх мадрасаларида таҳсилни давом эттирди, диний, дунёвий билимларни эгаллади. Унинг исми Абу-Муъиниддин Носир, отасиники эса Хисрав бўлиб, шеърларида «Ҳужжат» тахаллусини қўллаган.
Адабиёт ва илм оламида Носир Хисрав унвони билан танилган адиб ёшлигидаёқ қатор тиллар ва фанлар (ал-жабр, муқобала, ҳандаса, мантиқ, нужум, хайъат, тиббиёт, тиб, фалсафа, фиқҳ, тарих, калом, мусиқа, аруз ва бошқалар)ни пишиқ ўрганган. У бу даврда улуғ ватандошлари Абу Али ибн Сино, Форобий асарларини чуқур ўрганади ҳамда бутун умрга уларнинг содиқ шогирди ва давомчиси бўлиб қолади. Бундан ташқари, у қадимги дунё файласуфлари Суқрот, Арасту, Афлотун таълимотини ўрганиш билан шуғулланади.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Энди эса буюк  шоир Носир Хисравнинг айрим ҳикматлари билан сизни Гулбаҳор  Қудратова таништиради.

Носир Хисрав олдин маълум муддат Ғазнавий ҳукмдорлардан Султон Маҳмуд Ғазнавий ва унинг ўғли Масъуд салтанати даврида расмий лавозимларда, яъни мирзалик қилган, солиқ маҳкамасини бошқарган. Манбаларда берилган маълумотларга кўра, унинг Салжуқийлар салтанатида хизматда бўлганлиги хусусида ҳам айрим ишоралар сақланган. Бироқ Сарой муҳитининг аянчли манзаралари истеъдодли шоирга манзур тушмади. Амалдору мулозимлар, руҳонийлар манфаатпараст шоирларнинг нафс учун паст кетишлари, ҳар қандай разилликларга тайёр туришлари, авжига чиққан мадҳиябозликлар Носир Хисравнинг кўзини очди.
Унинг шеърияти ва илмий қарашларида танқиднинг кучайишига замин яратди. Ана шу омиллар унинг маънавий дунёсида бурилиш ясади, у ҳақиқат излаш ва халқ хизмати учун ижодий, фикрий изланиш билан шуғулланишга киришди. Жумладан, давлат хизматида ўтган йиллар унинг ҳаётий тажрибасини анча оширади. У бир тарафдан юқори табақалар ҳаёти, уларнинг мамлакат ва халқни бошқариш сиёсатидан воқиф бўлса, иккинчи томондан, оддий меҳнаткаш халқ турмуши, ҳунарманд, деҳқон ва бошқа касб эгаларининг жамиятдаги ўрнига оид бевосита кузатиш ва тажрибалари унинг асарларида акс этган.

Носир Хисрав 1045 йилда давлат хизматидан бўшаб, сафарга отланади. Унинг бу сафари етти йилга чўзилиб, 1052 йилгача давом этади. У Эрон, Арманистон, Озарбайжон, Сурия, Миср, Арабистон, Ироқ диёрларидаги Табриз, Қоҳира, Қуддус, Макка, Мадина, Лаҳсо, Яман, Басра, Исфахон ва бошқа бир қатор шаҳар ва вилоятларда бўлади. Мисрда икки йилдан ортиқ муқим яшайди. Сафар давомида Носир Хисрав ўз замонасининг кўплаб машҳур кишилари – шоирлар, олимлар, ҳокимлар билан учрашади.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Саломат бўлинг.