Тарвузни кимлар ейиши мумкин эмас?
Қовун-тарвуз мавсуми айни авжида. Қаёққа қараманг, тарвуз ёки қовун қўлтиқлаб кетаётган одамни учратасиз. Бозор ва дўконларда ҳам энг обрўли жойни ушбу полиз экинлари эгаллаган. Уларни ёқтирмайдиган инсонни топиш қийин.
Лекин тарвуз айрим кишилар саломатлигида жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Кўпчилик бу маҳсулотнинг қарши кўрсатмага эга эканини ҳатто хаёлига ҳам келтирмайди.
Хўш, тарвуз кимларга тақиқланади?
Умуман олганда, сифатли тарвузни меъёрда истеъмол қилиш нохушликларга сабаб бўлмайди. Бироқ уни ҳаддан ташқари кўп еб қўйиш кўпчиликда, айниқса, сийдик ажралиши бузилган, сийдик-тош касаллиги, простата бези аденомасидан қийналаётган, шунингдек, операциядан кейин чандиқли жараёнлари бор беморларда муаммолар келтириб чиқариши мумкин.
Бундан ташқари, юрак касалликлари, колит, ошқозон-ичак йўли бузилишида тарвуз истеъмолини назорат қилган маъқул. Ҳаддан ташқари кўпи кўнгил айниши, ич кетиши, ошқозон бузилиши ва қорин шишига сабаб бўлиши ҳеч гап эмас.
Қонида калий миқдори кўплар ҳамда жиддий гиперкалиемияси (қонда калий концентрацияси ошиши юрак ритми бузилишига олиб келади) борлар кунига бир бўлак (тахминан 150 г) тарвуз билан чекланинг (бу 140 мг калий).
Тарвузга аллергик сезгирлик, жуда кам бўлса-да, учраб туради. Бундай вазиятда ушбу маҳсулот истеъмоли тақиқланади.
Соғлом одам учун кунига ярим килогача тарвуз ейиш меъёр ҳисобланади. Фақат уни бир неча бўлакка тақсимлаб тановул қилиш лозим: 250-300 граммдан, бундан ортиқ эмас.
Ҳазм қилиш муаммолари келиб чиқмасин десангиз, албатта меъёрга амалга қилинг ва тарвузни бошқа егуликлар билан аралаштирманг. Дейлик, яримта тарвузни паққос туширдингиз (тахминан 2,5 кг, кичикроғини ҳисобга олганда), борди-ю, ундан кейин қорин шиши ёки ич кетиши каби аломатлар пайдо бўлса, шифокорга кўрининг.