Британия олимлари буйрак касалликларини аниқлаш учун мобил дастур яратишди
Лондон қироллик госпитали (Royal Free Hospital) ходимлари DeepMind компанияси билан ҳамкорликда буйрак касалликларини ўртача 14 дақиқада аниқловчи мобил дастур ишлаб чиқишди.
Дастур буйрак касалликларини аниқлаш учун қон таҳлили натижаларини ўрганади. Унинг алгоритмларидан бири қонда аминокислота-оқсил алмашинувининг биокимёвий реакциялари натижасида мушакларда ҳосил бўлувчи ва ўткир буйрак етишмовчилигини келтириб чиқарувчи креатинин моддаси миқдорини аниқлайди. Тадқиқот натижалари автоматик режимда шифокорлар ва ҳамшираларга диаграмма ва графиклардан иборат ҳисобот тарзида жўнатилади.
Шифохона ходимлари бу технология шифокорларга кўплаб беморларнинг ҳаётини сақлаб қолишга имкон беришига умид қилишмоқда, чунки айнан ўткир буйрак етишмовчилигининг кеч даволаниши кўпинча бошқа ҳаётий муҳим аъзоларнинг шикастланишига, бу эса ўз навбатида ўлим ҳолатига олиб келиши мумкин.
Лондон университет коллежи мутахассислари дастур томонидан беморларнинг буйраклари ҳолати ҳақидаги 12 минг ҳисоботни ўрганиб, шифокорлар дастур ёрдамида буйракдаги патологик ўзгаришларни ҳозирда мавжуд таҳлил усулларидан анча тезроқ аниқлай олишлари ҳақидаги хулосага келишган.