Инфаркт ва инсульт хавфини камайтирадиган оддий усули топилди
(last modified Mon, 30 Sep 2019 09:51:52 GMT )
сентябр 30, 2019 14:51 Asia/Tashkent
  • Инфаркт ва инсульт хавфини камайтирадиган оддий усули топилди

«Heart» журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, ҳафтасига 1-2 марта кундузи озгина мизғиб олиш инсульт ва инфаркт хавфини қарийб 50 фоизга камайтиради.

«RAMBLER»нинг ёзишича, Лозанна университети (Швейцария) олимлари саккиз йил давомида 35 — 75 ёшлардаги 3262 нафар беморни кузатишган. Амалиёт бошланишидан олдин уларнинг ҳеч бирида юраги билан боғлиқ муаммо бўлмаган. Бироқ тажриба давомида 155 кишига юрак-қон томир касалликлари ташхиси қўйилди. Уларни кузатиш натижасида қуйидагилар аниқланди: ҳафтасига 1-2 марта кундузи мунтазам озгина ухлаб олган беморларда инфаркт ва инсульт сони куннинг ёруғ пайтида ухлашга одатланмаганларга қараганда 48 фоиз кам қайд этилган.

Олимларнинг сўзларига кўра, юрак-қон томир касалликлари келиб чиқиш хавфининг паст даражаси ҳатто чекиш ва ортиқча вазн каби салбий омилларда ҳам сақланиб қолган.Шунга кўра кундузи 30 дақиқа мизғиб олиш уйқуга тўймасликнинг ўрнини қоплайди, юрак-қон томир тизими ҳолатини яхшилайди ва иммун тизимига тушадиган юкламани камайтиради.

Бироқ олимлар 65 ёшдан ошган кишиларда юрак-қон томир касалликлари хавфи камайиш тамойилини қайд этишмаган.Тадқиқот муаллифларининг айтишича, кекса ёшдаги одамларнинг саломатлигини фақат кундузги уйқу билан яхшилаб бўлмайди.

Тадқиқот чоғида аниқланган қизиқарли факт: кундузи тез-тез ва кўп ухлаш саломатликка ижобий таъсир кўрсатмаган, аксинча, соғлик билан боғлиқ муаммолардан дарак берган. Олимлар фикрига кўра, бу тоифа кишиларда кундузги уйқучанликни лоҳаслик, касалликлар чақиради.