Буйракларни нима ишдан чиқаради?
Биз кўпинча саломатлигимизга жиддий эътибор бермаймиз. Қандайдир муаммо пайдо бўлгандагина шифокорга мурожаат қиламиз. Баъзан соғлигимизга зарар етказаётганимизни ҳатто ўзимиз ҳам пайқамаймиз. Мана, масалан, айрим одатлар буйракка салбий таъсир кўрсатади.
Нотўғри турмуш тарзи
Жисмоний ҳаракатнинг камлиги ва ортиқча тана вазни иккинчи тип диабет ривожланишига ҳамда қон босими кўтарилишига сабаб бўлади.
Ўз билганича дори ичиш
Зарари тўғрисида қанча гапирилмасин, одамлар барибир ўз билганидан қолмайди. Рекламаларнинг найрангига учиб оғриқсизлантирувчи препаратларни пала-партиш қабул қилаверади. Бир қарашда бунинг ҳеч қандай зиёни йўқдек. Ахир бош оғриғи тўхтайди. Лекин кўпгина дори-дармонлар буйракка салбий таъсир ўтказиб, уларнинг фаолиятини издан чиқаради. Айрим препаратларни мунтазам қабул қилиш буйрак етишмовчилигини келтириб чиқаради.
Энергетик ичимликлар
Кўпчилик кун давомида фаол бўламан деб вужудини «энергетик»ларга тўлдириб ташлайди. Таркибидаги таурин ниҳоятда хавфли эканлигини улар қаёқдан ҳам билсин?! Ушбу аминокислотанинг қонда тўпланиши буйрак етишмовчилигига олиб келади. Бундан ташқари, кунига биттадан «энергетик» ичишга одатланиб қолган бўлсангиз, (ичимлик таркибида қанд кўплиги боис) организм сувсизланишига дучор бўлишингиз турган гап. Бу эса буйракларга тушадиган юкламани кучайтиради.
Алкоголь ва сигарета
Алкоголь сувсизланишни келтириб чиқаради ва буйракларнинг фаолиятини издан чиқаради. Чекиш ҳам сурункали буйрак етишмовчилигининг хавфли омили саналади.