Тишларни астойдил тозалаш юрак касалликлари олдини олиши мумкин
Жанубий кореялик олимлар оғиз гигиенаси ва юрак-қон томир тизими касалликлари ўртасида кутилмаган боғлиқликни топишди. Буни аниқлаш учун илгари юрак етишмовчилиги ва тебранувчи аритмиядан азият чекмаган 40-79 ёшдаги 161 286 нафар кўнгиллига мурожаат қилинди.
Бундан ташқари, тадқиқотчилар 10,5 йил давомида танлаб олинган одамларнинг вазни, бўйи, таҳлиллари, касалликлари ва оғиз гигиенаси ўзгаришини қайд этиб боришди. Тажриба давомида қатнашчиларнинг 5 фоизида юрак етишмовчилиги ва 3 фоизида мерцател аритмия ривожланган. Шунингдек, кунига 3 ёки ундан кўп марта тишларини тозалаб юрадиган инсонларда юрак етишмовчилиги ривожланиш хавфи 12 фоизга, мерцател аритмия пайдо бўлиши эҳтимоли эса 10 фоизга камайган.
Бундай ғайритабиий боғлиқликнинг эҳтимолий изоҳларидан бири аввалроқ ўтказилган тадқиқотларга асосланади. Хусусан, америкалик олимлар тишларни мунтазам равишда тозалаб юрмаслик касаллик туғдирадиган бактерияларнинг тишлар ва милклар орасида тўпланиб, қонга кириб, яллиғланишни келтириб чиқариши мумкинлигини исботлашди. Бу ўз навбатида, аритмия ва юрак етишмовчилиги хавфини оширади.
Олимлар таъкидлашича, тишларни ювишни юрак-қон томир тизими касалликларининг олдини олиш усули деб эълон қилишга ҳали жуда эрта: бу қўшимча тадқиқотларни талаб қилади. Шунга қарамай, ҳеч бўлмаганда ёқимли суҳбатдош бўлиш ва тиш шифокорига тўланадиган катта миқдордаги маблағ сарфининг олдини олиш учун тишларга эътиборли бўлиш кераклиги аниқ.