Шамоллаш ва аллергиянинг фарқи нимада?
Хазонрезги мавсумнинг бошланиши, ҳаво ҳарорати совиб бориши билан айрим касалликлар юзага чиқа бошлайди.
Булар орасида айниқса аллергия касаллиги кўпчиликни безовта қилади. Шамоллаш ва аллергия белгилари ўхшаш бўлгани беморларни чалғитади. Дориларни нотўғри қўллаш касалликнинг кучайишига сабаб бўлади.
Мавсумий аллергиянинг белгилари ва уни даволашга доир кўпчиликни қизиқтирган саволлар билан Республика аллергия маркази шифокори, тиббиёт фанлари номзоди, доцент, аллерголог Фотима Ирсалиевага мурожаат қилдик.
– Баҳорги ва кузги аллергиянинг фарқи нимада?
– Мавсумий аллергияни назарда тутаётган бўлсангиз, клиник кечиши икки фаслда ҳам деярли бир хил. Айнан ажралиб турадиган фарқи йўқ.Фақат қўзғатувчиларида фарқ бор. Кузги аллергия августнинг бошларидан то ноябрнинг охирига қадар давом этадиган жараён. Баҳорги ва кузги аллергияда ҳам дарахтлар, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг таъсири бор.
Аллергияси бор одамлар уйидаги озодаликка эътибор бериши, уйини турли ҳашаротлар ва ҳатто уларнинг қолдиқларидан асраши керак. Агар эшитган бўлсангиз, кўпчиликда тоза ҳавода юрганда эмас, айнан уйга кирганида аллергия қўзғайди. Уй ҳайвонларининг туллаш вақти ҳам кузга тўғри келади. Бу ҳам аллергиянинг қўзғалишига катта таъсир кўрсатади. Айнан кузда авж оладиган вирусли касалликлар ҳам аллергия учун замин бўла олади.
Энг ёмони ёқилган хазон… Айни куз вақтида аллерголог ҳузурига шикоят билан келадиган беморларнинг кўпчилиги, ҳовлисида ёки кўп қаватли уйларнинг арофида ёқиб юборилган хазон ҳидидан бошлангани ҳақида айтишади. Шундай экан, хазонларни ёқмасдан уни ерга кўмсак, энг аввало, инсон саломатлигига зарар етмайди, дарахтларга эса ўғит бўлади.
– Аллергияси бор беморлар мавсумда қандай чоралар кўриши керак?
– Аллергияси бор беморлар иложи борича аллергенлардан узоқ юриши, парҳез қилиши, дориларини вақтида ичиши, шифокор тавсиясисиз дорилар қабул қилмаслиги, ҳар қандай дорини албатта “проба”, яъни синама билан қабул қилиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши, танасини аста-секинлик билан чиниқтириб бориши, соғлом турмуш тарзига риоя қилиши керак.
– Аллергия ва шамоллашнинг белгилари ўхшаб кетади. Кўпчилик аллергия бўлиб, шамоллашга қарши дори ичади. Бу қайтага организмга зиён келтиради. Аллергия ва шамоллашнинг фарқини қандай билса бўлади?
– Организмда аллергия жараёни бошланган одамда қуйидаги белгилар кузатилади.
● Бурун битиши (бурундан томчилаб сув келиши);
● кўзларнинг қизариши;
● кучли ёки кучсиз йўтал, томоқнинг қуриши;
● қулоқларнинг қичишиши, ачишиши.
Аллергиянинг бошқа касалликлардан ажратиш мумкин бўлган энг катта фарқи шундаки, юқоридаги аломатлар шамоллаш ёки гриппнинг аломатларига ўхшаб кетса-да, улардан фарқли равишда аллергия бошланган кишининг тана ҳарорати кўтарилмайди.
Агар юқоридаги ҳолат 3-4 кун давом этиб, тана ҳарорати кўтарилса, бу танада аллергик жараёнга инфекциянинг қўшилганидан далолат беради.
– Вақтида шифокорга кўринмаса, қандай оқибатлар келиб чиқади?
– Оқибатларни жиддий қабул қилиш керак. Оддий тошмадан тортиб бронхоспазм, квинки шиши, анафилактик шок, ундан ҳам оғирроқ Лайелло ва Стивано-Жонсон синдромларигача асоратлар бериши мумкин. Охирги икки ҳолатда ўлим кўрсатгичи юқори.
– Болаларда шундай аллергиялар келиб чиқмаслиги учун нималарга амал қилиб бориш лозим?
– Аллергенга индивидуал сезувчанликни 100 фоиз бошқариш имконсиз. Аммо буни она ҳомиладорлик давридан бошлаши мумкин. Ҳомиладорлик вақтида она гипераллерген маҳсулотларни меъёридан ортиқ емаслиги анча фойда беради.
– Аллергиянинг ирсиятга боғлиқлиги ростми?
– Ҳа, рост. Жуда кўпчилик аллергияси бор беморлар сўраб суриштирилганда ота-оналарида ёки қариндошларида ҳам аллергия бўлганлиги кўп бора аниқланган.
– Ҳозир болалар томоғида аллергия кўпайиб кетди. Бунинг олдини олиш ва даволашга оид маслаҳатлар берсангиз.
– Томоқдаги аллергиялар, яъни респиратор аллергозлар кўпайишига асосий сабаблардан бири – ота-оналарнинг фарзандига ўзбошимчалик билан дорилар бериши. Бундан ташқари, полипрагмазия, яъни кўплаб дориларни бир вақтда қабул қилиш, антибиотикларни бетартиб қўллаш аллергик касалликларнинг ривожланишини кўпайтириб юбормоқда. Ёш болалар барвақт сунъий овқатга ўткизилмоқда.
Камида 1 ёшгача болани фақат она сути билан озиқлантириш керак. Сигир сути билан озиқлантириш, сунъий овқатларни эрта бериш, дориларни бетартиб қўллаш каби ҳолатлар бўлишига йўл қўймасак, аллергик касалликларни олдини олган бўламиз. Зеро, касалликни даволагандан кўра, олдини олган минг чандон яхши. Даволашга келсак, фақатгина аллерголог шифокорлар кўригини тавсия этаман.
– Аллергия бўлган одамлар доимо парҳезда юришлари керакми ёки фақат аллергия мавсумидами?
– Доимий парҳез беморни бироз қийнаб қўяди. Сабаби, инсон ўзига керакли минераллар, витаминлар, оқсил, углевод ва ёғларни озиқ-овқатлар орқали қабул қилади. Бахтга қарши, кўпгина аллерген моддалар таркибида бизга керакли моддалар мужассам. Доимий парҳезни беморлар кўтара олишмайди.Шунинг учун парҳезни қатъий равишда мавсум вақтида қилиш керак.
– Бу йил марказингизга аллергия билан мурожаат қилувчилар қанча? Аввалги йиллардан камми ёки кўпми?
– Аниқ сонини айта олмайман. Лекин аллергик касалликлар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Минг афсуски, глобал иқлим ўзгаришлари, ҳавонинг ифлосланиши, саноатнинг ривожланишига ҳамоҳанг тарзда аллергик касалликлар ҳам шиддатли кўпайиб бормоқда.
– Демак асосан иқлим ўзгариши аллергияга сабаб бўляпти. Шундайми?
– Аллергик касалликлар бутун дунё бўйлаб шиддат билан кўпаймоқда. Ер юзи аҳолисининг 10 фоизи ушбу дарддан азият чекмоқда. Аллергик касалликлар ўсма касаллигига нисбатан 30 марта, ревматизмга нисбатан 2000 марта кўп тарқалган. Нафас йўлларининг аллергик касалликлари тарқалишига иқлимнинг ўзига хос хусусияти ва географик шароитлар таъсир кўрсатади. Шу билан бирга аллергик касалликларнинг дунё бўйича тарқалишида ташқи хавфли омиллар ҳам имкон яратади.
Уларга қуйидагиларни киритиш мумкин: чекиш, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш (улар ўпкада сурфактант ишлаб чиқариш ва альфа-Ι антитрипсин синтезини бузади), экстремал иқлим шароитида бўлиш (шу билан боғлиқ ҳолда сувтуз алмашинуви, ички секреция безлари иш фаолиятининг бузилиши); уй шароитида ҳамда ишлаб чиқаришда заҳарли моддалар билан яқин муносабатда бўлиш (уларнинг организмга тушиши сезувчанликнинг ортишига ва тўқималарни бузилишига олиб келади).
Шунингдек, стресслар, вақтинчалик иммунитет етишмаслик (бу қондаги кортикостероидлар миқдорининг пасайишига олиб келади), овқатда C, A, PP гуруҳ витаминларнинг етарли миқдорда бўлмаслиги, дориларни кўп истеъмол қилиш (полипрагмазия), аҳоли яшайдиган ҳудудларда атмосфера ҳавосининг ифлосланиши (ҳаводаги қурум аэрозоллари, олтингугурт ангидридлари, углерод оксидлари, чанглар) ва бошқалар.