АҚШда коронавирусга қарши ДНК-вакцина синовдан ўтказилди
АҚШнинг Inovio биотехнологик компанияси COVID-19 касаллигига қарши вакцина клиник синовлардан олдинги синовлар доирасида ижобий натижа берганини маълум қилди.
РИА Новости -га кўра, INO-4800 номли ДНК-вакцина SARS-CoV-2 коронавирусига қарши антитаналар ва Т-лимфоцитларнинг фаол нейтраллаштириш хусусиятини намоён қилади.
«Кўплаб ҳайвонларда ишлаб чиқарилган нейтралловчи антитана ва Т-ҳужайранинг самарали таъсири INO-4800 бўйича бизнинг жорий клиник синовларимизни қўллаб-қувватлайди», — дейилади компания вице-президенти Кейт Бродерикнинг баёнотида.
INO-4800 вакцинаси COVID-19 касаллигини юзага келтирувчи SARS-CoV-2 вирусининг юзадаги асосий куртаксимон оқсилига қарши қаратилган. Тадқиқот доирасида аниқланишича, INO-4800 билан эмлаш тадқиқот ўтказилган сичқонларда ва денгиз чўчқаларида мустаҳкам антитана ва Т-лимфоцитларини шакллантирган, улар эса коронавирусга қаршилик кўрсатган.
Компания томонидан маълум қилинишича, клиник синовлардан аввалги синовларнинг мазкур натижалари, шунингдек, клиник синовларнинг дастлабки босқичларидаги натижалар 2020 йилнинг ёзида иккинчи синов фазасига ўтишга имкон бериши мумкин.
Inovio компанияси ҳозирги пайтда MERS коронавирусига қарши вакцинанинг ҳам муваффақиятли синовларини ўтказмоқда.
Аввалроқ АҚШнинг Moderna компанияси коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовлари биринчи фазаси ижобий натижалар билан тугаётганини маълум қилди.