Германияда олимлар коронавирусни ўрганиш мақсадида концерт уюштирди
(last modified Wed, 26 Aug 2020 05:04:08 GMT )
август 26, 2020 10:04 Asia/Tashkent
  • Германияда олимлар коронавирусни ўрганиш мақсадида концерт уюштирди

Лейпцигдаги Галле-Виттенберг университети олимлари коронавирус тарқалишини ўрганиш учун поп-қўшиқчи Тим Бенжконинг концертини уюштирди, деб хабар беради DW.

22 август куни Лейпцигда кун давомида учта мусиқий концерт бўлиб ўтган. Унда турли шароитлар моделлаштирилган, масалан, концертларнинг бирида томошабинлар ижтимоий масофаланишга риоя қилган, бошқасида эса йўқ.

1,4 мингдан ортиқ томошабин ўзларининг ҳаракатини кузатишга ёрдам берадиган махсус датчикларни тақиб олган. Шунингдек, флуоресцент дезинфекцияловчи воситалари ҳам тақдим этилган бўлиб, олимлар унинг ёрдамида томошабинлар қайси юзаларга кўпроқ тегинганини кузатиши мумкин. Бундан ташқари, мутахассислар вирус тарқалиши мумкин бўлган ҳаво зарраларини ҳам кузатган.

Тадқиқот раҳбари Стефан Моринснинг сўзларига кўра, бу кўпчилик ўйлаганидек оддий концерт бўлмаган. «Бу концерт кўринишидаги тадқиқот», — дейди Моринс.

Иштирокчилар олдиндан коронавирусга тест топширган, залдаги барча томошабин FFP2 ниқобини таққан. Олимлар тадқиқот давомида коронавируснинг ёпиқ биноларда ўтказилган оммавий тадбирлардан сўнг тарқалишини кузатиш имконини берадиган математик моделни яратиш ниятида. Тадқиқот натижалари кузда тақдим этилади.

Аввалроқ олимлар коронавирус музлатилган озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқиши мумкинлигини маълум қилган эди.

Ёрлиқ