COVID-19 беморлари аҳволини ёмонлаштирадиган касалликлар маълум қилинди
Гипертония, қандли диабет ва семириш коронавирус инфекцияси хавфини кучайтиради.«РБК»нинг хабар беришича, бу ҳақда Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг терапия ва умумий тиббий амалиёт бўйича штатдан ташқари бош мутахассиси Оксана Драпкина маълум қилди.
«Биз коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг прогнозини аниқ ёмонлаштирадиган учта касалликни биламиз — артериал гипертензия, қандли диабет ва семириш», — деган у ва бундай касалликлар қаторига, шунингдек, ўпка патологиялари ҳам киришини қўшимча қилган.
Аввалроқ Американинг Дюк университети олими коронавирус ва денге безгаги ўртасидаги боғлиқликни аниқлаган эди. Reuters, сентябрь ойида профессор Мигел Николлис томонидан олиб борилган ва ҳали эълон қилинмаган тадқиқотига таяниб, денге безгаги билан оғриган одамларда муайян даражада COVID-19’га қарши иммунитет пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди.
Олим, хусусан, коронавирус ва денге безгаги тарқалишини географик принцип бўйича таққослаган. Таққослаш натижасида 2019 ва 2020 йилда денге безгаги авж олган ҳудудларда коронавирус инфекцияси камроқ тарқалганини аниқлаган.
Август ойи охирларида Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология маркази коронавирусга қарши вакцина қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар рўйхатини эълон қилган. Унда вакцинани оғир аллергик реакцияларга эга, шунингдек, ўткир юқумли ва сурункали касалликлар, ЎРВИ ва ошқозон-ичак касалликлари билан оғриган одамларга қўллаш мумкин эмаслиги қайд этилган.