Қон саратонидан дарак берувчи 8 симптом
(last modified Mon, 14 Dec 2020 05:36:57 GMT )
декабр 14, 2020 10:36 Asia/Tashkent
  • Қон саратонидан дарак берувчи 8 симптом

Қон саратони энг хавфли касалликлардан бири ҳисобланади. Маълумотларга қараганда ҳар йили 200 минг киши лейкоз билан касалланади ва улардан аксарияти ушбу касалликдан вафот этади.

 Саломатликда жиддий муаммолар юзага келмаслиги ва оқибати салбий якун топмаслиги учун қуйидаги симптомлар кузатилганда бефарқ бўлмасдан шифокорга мурожаат қилиш тавсия қилинади.

Сабабсиз кўкариш ва гематомалар

Тўсатдан сабабсиз гематома ва кўкаришларнинг пайдо бўлиши, инфекцион касалликлар, қандли диабетга хос симптом бўлиши ёки баъзи дори воситаларини қабул қилиш оқибатида юз бериши мумкин. Қолаверса, ушбу аломатлар ривожланаётган лейкемиядан ҳам дарак бериши мумкин. Организмдаги тромбоцитлар миқдорининг кам эканлиги уларнинг пайдо бўлиш сабабларидан бири бўлиши мумкин бу эса қон саратонига хос белги ҳисобланади.

Кучли ва тушунарсиз қон кетиши

Агар оддий яра ва кесилган тана қисмидан қон аввалгидан кўпроқ ва сабабсиз кетадиган бўлса, бу қон саратонидан далолат бериши мумкин. Сизда бундай ҳолат кузатиладиган бўлса, эътиборсиз бўлманг шифокорга мурожаат қилинг.

Чарчоқни ҳис қилиш

Чарчоқ ва лоҳасликни ҳис қилиш ҳамиша шифокорга мурожаат қилиш учун сабаб бўла олади. Кундалик юмушларни бўлиб ишга қайтгандан кейин ўзингизни ҳолсиз ҳис қиладиган бўлсангиз, шифокорга боришни кечга сурманг. Лейкоз, яъни оқ қон касаллигида организм кам миқдорда қизил қон таначалари ишлаб чиқаради ва шу боис одам тез чарчаб қолади.

Ҳарорат кўтарилиши

Лейкемияда организм, вирус ва бактериялар билан курашишга ёрдам берадиган соғлом лейкоситлар ишлаб чиқара олмайди. Шу сабабдан юқори ҳарорат билан бирга кузатиладиган тез-тез шамоллаш вирусли касалликлар қон саратони ривожланаётганидан дарак бериши мумкин. Ҳарорат 3-5 кунда давомида ҳам тушмайдиган бўлса ва инфекция қайталанадиган бўлса мутахассис кўригидан ўтишни ортга сурманг.

Лимфа тугунларининг катталашиши

Лимфа тугунларида организмни инфекция билан курашишига ёрдам берадиган лейкоситлар бўлади. Аслида шамоллаш ва вирусли касалликларда ҳам лимфа тугунлари катталашиши мумкин, аммо бошқа симптомлар кузатилмайдиган бўлса, бу лимфа тугунлари саратони билан боғлиқ бўлиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Қорин шишиши

Қориннинг доимий шишиши ва кам овқат истеъмолидан кейин жуда ҳам тез тўйиб қолиши хавфли аломат. Гап шундаки, жигар ва талоқда ривожланиши мумкин бўлган лимфолейкоз мазкур аъзоларнинг катталашишига олиб келади ва бунинг оқибатида қоринда шиш пайдо бўлади.

Суяк ва бўғинларда оғриқ

Лейкемиянинг айрим турлари, хусусан ўткир миелоид лейкемия суяк ва бўғинларда оғриқ келтириб чиқаради.

Тунда терлаш

Тунда ҳаддан ортиқ терлаш ҳам хавотирга сабаб бўладиган симптом. Лейкемия ва лимфомада тана ҳарорати айниқса, кечаси сезиларли даражада кўтарилади ва шунинг ҳисобига кишини тер босади. Сизда ушбу аломат сезиладиган бўлса шифокор кўригидан ўтинг.