Тонометрсиз қон босимини аниқлашнинг энг осон усули
Юрак-қон томир касалликлари, масалан, юрак хуружи ёки инсульт касаллиги бутун дунёда ўлимнинг асосий сабабига айланиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассисларининг тахминларига кўра, яқин 30—50 йил ичида вазият ўзгариши мумкин эмас. Шифохоналарга беморлар айнан юрак ва қон томир муаммолари туфайли келади.
Ушбу ҳолатларга шошилинч эътибор бериш кераклигидан огоҳлантирадиган асосий аломатлардан бири – бу юқори қон босими. 40 ёшдан ўтгач, шифокорлар ушбу кўрсаткични мунтазам кузатишни тавсия этади. Ҳолат меъёрий бўлишига ишонч ҳосил қилиш зарур. Агар қон босимидаги ўзгариш бир неча кун давом этса, шифокорлар билан боғланиш керак. Албатта, буни махсус восита билан кузатиш яхшироқ. Аммо у бўлмаган вақтда ҳамма нарса жойида эканлигини аниқлашга ёрдам берадиган усулдан фойдаланиш мумкин.
Симптомлар
Юқори ва паст қон босими танага турлича таъсир ўтказади. Юқори қон босими қуйидаги аломатлар билан характерланади:
- чакка қисмда босим ёки томир уришида оғриқ;
- оёқ-қўлларда титроқ;
- юзнинг қизариши;
- юрак уришининг тезлашиши;
- хавотир ёки ҳаяжонланиш;
- бурундан қон кетиши;
- такрорий кўнгил айниши ва қайт қилиш.
Қон босимининг пасайиши қуйидаги аломатлар билан аниқланади:
- энса қисмда бош оғриғининг пайдо бўлиши;
- қаттиқ бош айланиши;
- заифлик;
- уйқучанлик;
- кўз хиралашиши;
- бир маротаба қайт қилиш.
Тонометрсиз қон босимини қандай ўлчаш мумкин?
Агар махсус мослама бўлмаса, томир уриши ёрдамида буни амалга ошириш мумкин. Бунинг учун бемор қулай жойга суяниб ўтиради. Аслида осонгина сезиладиган ҳар қандай артерия ўлчов учун ишлатилиши мумкин, аммо кўпинча билак соҳасидан кўпроқ фойдаланилади. Томир уриши сезилгандан сўнг уни тўхтатиш учун артерияни босиш керак. Агар бунинг учун кўпроқ ҳаракат талаб этилса, демак қон босими меъёридан ошган ҳисобланади. Борди-ю енгил босилганда ҳам томир уриши тўхтаса, аксинча, босим пасайган бўлади.