Қулупнай мавсуми: Ушбу мева нимаси билан фойдали?
Дўконларда йилнинг исталган фаслида топишнинг имкони борлигига қарамай, мутахассислар қулупнайни пишадиган мавсумида истеъмол қилиш кераклигини таъкидлайди.
Иссиқхонада етиштирилган мазкур мева ўзи табиий пишганичалик фойдали бӯлмайди.
Антиоксидантлар
C витамин бошқа цитрус меваларга нисбатан қулупнайда икки баробар кўп бўлади. Мазкур мазали меванинг рангига жавоб берадиган пеларгонидиндан ташқари, қулупнайда 12 та табиий антиоксидантли бирикма мужассам. Бу ҳужайраларни шикастланишдан сақлашга, эрта қариш ва яллиғланиш жараёнининг олдини олишга ҳисса қўшади.
Юрак саломатлиги
Юрак касалликлари ер аҳолиси орасида ўлимга олиб келадиган энг кўп тарқалган сабаблардан бири ҳисоблангани учун ёшликданоқ саломатликка эътиборли бўлиш керак. Қулупнай таркибидаги фаол модда — антосианлар «ёмон» холестерин миқдорини камайтиради, қон томирлар деворини мустаҳкамлаб, қон босимини меъёрлаштиради. Унда бисёр бўлган калий ва магний эса қон босимининг меъёрда бўлиши билан бирга шиш пайдо бўлишига олиб келадиган суюқликнинг организмда тўпланишининг олдини олиш хусусиятига эга ҳисобланади.
Қондаги қанд миқдорини назорат қилади
Таркибида қондаги қанд миқдорини кўпайтирмайдиган фитонутриэнтлар борлиги ҳисобига мазкур маҳсулотни қандли диабет безовта қиладиган кишилар ҳам истеъмол қилса бўлади. Қондаги қанд миқдори меъёрда бўлганда киши ўзини тетик ҳис қилади, тез чарчаб қолмайди ва ортиқча нарсаларга асабийлашавермайди.
Қомат учун фойдаси
Қулупнай вазн ортишидан хавотир олмай, бемалол истеъмол қилиш мумкин бўлган мазали ёзги ширинликлардан бири ҳисобланади. Унинг 100 граммида атиги 33 кк бўлади. Гликемик кўрсаткичи юқори эмаслиги ҳисобига ёғларнинг эришига ҳам ҳисса қўшади.
Кўриш қобилиятини яхшилайди
Кўриш билан боғлиқ муаммолардан азият чекаётганлар сони кундан кунга ортиб бормоқда. Бу компьютерда ишлаш, ижтимоий тармоқларга берилиб кетиш ва экологиянинг ёмонлиги билан боғлиқ. Бир қанча тадқиқотларда қулупнай кўз пардасининг молекуляр дегенерацияси ривожланиши, катаракта, кўз қуриши ва бошқа ўзгаришларнинг олдини олиши аниқланган. Ўзига хос биокимёвий таркибга эгалиги сабаб нафақат аксарият кўриш билан боғлиқ касалликларнинг олдини олиши, шунингдек, айримларини даволаши ҳам мумкин.