Ҳавони табиий йўл билан тозаловчи энг яхши 10 ўсимлик
Ҳаво газ ва корхоналарнинг зарарли чиқиндилардан табиатнинг шамол, ёмғир, қор каби табиий жараёнлари ҳисобига тозаланади. Ёпиқ иншоотларда бундай "тозалаш тизими" кўзда тутилмаган, шу боис бино ичидаги ҳаво ташқаридагидан ифлосроқ бўлиши мумкин. Ёпиқ иншоотларда чангдан ташқари, мебель, қурилиш материаллари ва маиший кимё воситаларидан ажраладиган зарарли моддалар тўпланади.
Иншоотлардаги микроиқлимни оддий хона гуллари ёрдамида яхшилаш мумкин. Маълум бир ўсимлик турлари ҳаво намлигини ошириб ва ифлослантирувчи моддалар концентрациясини камайтириб, биофильтр каби таъсир кўрсатади. Don't Panic нашри ҳавони тозалашда махсус қурилмалардан-да самарали 10 ўсимлик тури ҳақидаги маълумоти билан бўлишди.
Хлорофитум
Энг оддий хона ўсимликларидан бири формальдегид, азот бирикмалар ва бензолни ўзига тортиб олади. Шунингдек бу ўсимлик ҳавога хавфли микрофлора ривожланишини олдини олувчи моддаларни ажратади. Фэн-шуй экспертларининг таъкидлашича, у яна салбий энергетика билан ҳам курашади.
Инглиз печаги
Моғор қўзиқоринлар, оғир металлар тузлари, токсинлар ва формальдегид - инглиз печаги мана шу барча зарарли моддалар билан курашади. У бошқалардан фаолроқ карбонат ангидрид ютиб, кислород чиқаради.
Нефролепис
Ломариопсис оиласи қирққулоқлар туридаги ўсимлик нафақат ҳавони тозалайди, балки уни намлантиради ҳам. 2-3 нефролепис ўсимлиги 20 квадрат метргача бўлган майдонга эга иншоот намлигини 75 фоизгача ошира олади.
Спатифиллюм
Ўсимлик ҳавони кўплаб зарарли органик бирикмалардан тозалайди ва микроорганизмларни камайтиради. Спатифиллюм бензол, формальдегид, трихлорэтиленнинг табиий сорбенти ҳисобланади.
Хитой аглаонемаси
Ўсимлик турли токсинларни, шу жумладан толуол ва ксилолни ҳам тортиб олишга қодир. Аглаонеманинг қўшимча устунлиги шундан иборатки, у микробларни ўлдирувчи моддаларни ажратиш хусусиятига эга.
Тилларанг сциндапсус
Ўсимлик иншоотдаги ҳаво сифатини яхшилайди. У ҳавони айниқса бензол, формальдегид, толуол ва ксилолдан самарали тозалайди. Тилларанг сциндапсус ёруғликка у қадар муҳтож эмас, шу боис у ёруғлик кам тушадиган иншоотлар учун айни муддао.
Бамбукли пальма
Ўсимликни тўғридан-тўғри ёруғлик тушиш имкони бўлмаган иншоотларда ҳам сақлаш мумкин. У шундай шароитларда ҳам ҳавони зарарли моддалардан тозалай олади. Компьютер ёнига қўйилганда эса, электромагнит нурланиш зарарини камайтиради.
Каучуксимон фикус
Ҳавони ёпиқ иншоотларда энг кўп учровчи углерод оксиди, формальдегид, трихлорэтилен ва бошқа зарарли моддалардан самарали тозалайди. Аюрведада бу ўсимликдан шунингдек иншоот энергетикасини яхшилашда фойдаланилади.
Алоэ вера
Ўсимлик ҳавони ифлослантирувчи кўплаб моддалар, шу жумладан формальдегид ва бензолдан фильтрлай олади. Бундан ташқари, у ҳаводаги оддий микроорганизмлар миқдорини камайтиради.
Филодендрон
Ярим қоронғу иншоотларга ҳамда қуруқ шароитга чидамли. Филодендронлар ҳавода катта концентрацияда мавжуд бўлган формальдегид ва ксилол билан курашда самаралидир.