Германия ва Дания ўртасидаги кўрфазда сувости туннели қурилади
(last modified Sat, 29 Dec 2018 12:35:52 GMT )
декабр 29, 2018 17:35 Asia/Tashkent
  • Германия ва Дания ўртасидаги кўрфазда сувости туннели қурилади

Германия расмийлари мамлакатни Дания билан боғловчи сувости туннели қурилиши ғоясини маъқуллашди. 8,1 млрд доллар қийматга эга лойиҳа ҳақида Femern A/S қурилиш компанияси маълумотига таяниб, Reuters хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Германиянинг Шлезвиг-Гольштейн федерал ҳудуди Транспорт вазирлиги лойиҳа юзасидан шартнома тузишга розилик берган. Femern A/S вакиллари 14 кун ичида ҳужжатларни ўрганиб чиқишади. Ушбу вақт давомида қурилиш режасига фақат кичик ўзгартишлар киритилиши мумкин.

«Fehmarnbelt» номини олувчи туннель Данияга қарашли Лоллан ва Германияга тегишли Фемарн оролларини ажратиб турувчи Фемарн-Бельт кўрфази остидан ўтиши кўзда тутилган. Йўлнинг узунлиги 19 км.га тенг бўлиб, унинг катта қисми Дания ҳудудидан ўтади. Туннель элементларини ишлаб чиқариш учун йирик завод ва бу конструкцияларнинг транспортировкасини амалга оширувчи порт Даниянинг Родбухавн шаҳрида жойлашади.

Қайд этилишича, сувости туннели иккита изли темир йўл ва тўртта ҳаракатланиш бўлагидан иборат автомобиль йўлини ўз ичига олади.